Мақолалар

Ўғрилик орқали топилган ҳаром мол – бахтсизлик боисидир

Инсонга берилган иймон, азиз умр, гўзал қомат ва ҳалол ризқ ҳазрати инсонга берилган энг улуғ неъматлардир. Комилликка етаклайдиган мазкур улуғ фазилатлар ҳар бир инсоннинг сийратида уни безаб турадиган зийнатдир. Дунёда инсон ҳаётини иффат, ҳаё, ахлоқ-одоб кўркам қилиб турадиган бўлса, ундан ифор ва мушки анбар ҳиди таралиб, атрофдагилар  шодланиб, унга ҳавас ва ибрат кўзи билан боқадилар. Аллоҳ таоло бизларнинг жисмларимизни ажиб ва покиза қилиб яратди. Бу гўзал жисмни асраб авайлаш, ҳалол луқма билан озуқаланиб, шукрона қилиб яшашни инсоннинг зиммасига юклади. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларни ахлоқ-одобга йўллайдиган табаррук ҳадисларини эслайдиган бўлсак, у зот шундай марҳамат қиладилар:

“Агар сенда тўрт хислат бўлса, сенга етмаган дунёга хафа бўлма: омонатни сақлаш, тўғри сўзлик, чиройли хулқ ва касб қилиш йўлида иффатли бўлиш”.

Набий  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  мўминларнинг  барчасини  гўзал хулқлар ва чиройли хислатларни жамлаган бу тўрт хислат билан сифатланишга қизиқтиряптилар.  Чунки,  бирор  киши  ўша  хислат  билан  зийнатланса, ўзига етмаган дунё яхшиликларидан хафа бўлмаслиги лозим бўлади.  Бу хислатлар:

  1. Омонатдорлик – омонатга  қолдирилган  нарсани  талофат  етишидан  ва уни  зойил  бўлишдан  сақлаш  ва  уни  сотиш,  қарзга  бериш  ёки  шунга  ўхшаш ишлар  билан  сарф  қилмаслик.  Эгасининг  изни  билан  бўлса  бундан  мустасно. Сенга  ишонган  инсонлар  сирини  сақлаш,  муомалада  ёлғончи  бўлмаслик  ҳам омонатдандир.
  2. Ростгўйлик – ҳақиқатни  тўғрилигича  гапириш.  Агар  кўз  олдингда бирор-бир  ҳодиса  рўй  берса,  уни  таърифлашда  унга  зиёда  қилиш  билан муболаға  қилма.  Қачонки  гувоҳликка  чақирилсанг,  гувоҳлик  берилувчи яқининг  ёки  дўстинг  бўлса  ҳам  ёки  зарарига  гувоҳлик  берилувчи  киши душманинг  бўлса  ҳам,  унга  зиёда  ва  ноқис  қилмасдан  ҳақ  ила  адо  қилишинг лозим.
  3. Гўзал хулқ –  инсонлар  билан,  одоб,  очиқ  чеҳралик,  мулойимлик,  лутф, тавозеълик  билан  муомала  қилишинг,  кибр,  қўполлик,  сурбетликни  тарк қилишинг  ва  инсонлар  сени  яхши  кўришлари  ва  ҳурмат  қилишлари  учун сўкувчи, чақимчи ва ахлоқсиз бўлмаслигингдир.
  4. Касб қилишда иффат – молни касб қилишда таъмадан нафсингни узоқ қилишинг,  молни  ўғрилик  ёки  зўравонлик  билан  талаб  қилмаслигинг,нафсингни  пора  ёки  хиёнат  билан  кирлатмаслигингдир.  Албатта  Аллоҳ  таоло ҳаром  молда сенга барака бермайди, шунингдек, инсонлар сени яхши кўрмайди ва ўз молларида сенга ишонмайдилар.

Мазкур сифатлардан тўртинчиси – касб қилишда иффатли бўлиш. Яъни, молни касб қилишда таъмадан нафсингни узоқ қилишинг, молни  ўғрилик  ёки  зўравонлик  билан  талаб қилмаслигинг, нафсингни  пора  ёки  хиёнат  билан  кирлатмаслигингдир. Албатта Аллоҳ таоло ҳаром молда сенга барака бермайди, шунингдек, инсонлар сени яхши кўрмайди ва ўз молларида сенга ишонмайдилар. Ўғрилик қилган эркак ёки аёл бадбахт ва бахтсиз бўлади. Қалби ва юзидаги иймон нурини ўчиради. Ўғрилик барча давр ва жамиятда оғир жиноятлардан бири ҳисобланган. Ўғриликнинг энг қабиҳи халқ, кўпчиликнинг мулкини ўғирлашдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” - деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қилишимиз лозим. Минг афсуслар бўлсинки, бугун инсонлар орасида кўпчиликнинг ҳаққини ўғирлаб олиш ёки ўзганинг ҳаққини бермай, ўзлаштириб олиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолатлар ўзгалар ҳаққига хиёнатдур. Билиб-билмай ўғирлик қилган киши аввало, Аллоҳ таолога тавба қилиши, сўнг ўғирлаган нарсасини эгасига қайтариб бериши шарт. Ошкор ёки пинҳона йўл билан бўлсин, фарқи йўқ, молни эгасига қайтариб бериши лозим бўлади. Мабодо молнинг эгасини ёки унинг меросхўрларини топа олмаса, бундай ҳолда савобини молнинг эгасига ният қилиб, унинг номидан тўлалигича садақа қилади.

Бир диёрда бир оқил инсон бозорда юрганда, газлама сотувчининг олдида тўхтаб, кийим сотиб олмоқчи бўлди. Тужжор тинмай нарсасини мақтаб, қасам ичарди. Ундан олмади. Бундайлардан сотиб олмаган маъқул, деб ўйлади. Бошқасидан олди. Орадан икки йил ўтиб, оқил одам бозорга чиққанида, яна ўша савдогарнинг олдига тўхтади. Лекин бу сафар у нарсаларини мақтамасди ва қасам ҳам ичмасди. Ундан:

- Бир неча йил илгари сизнинг олдингизга келганмидим? - деб сўради.

–Ҳа, - деди.

– Сизни бунчалик ўзгартирган нарса нима? Мақтамаяпсиз? Қасам ичмаяпсиз? - деди.

– Менинг аёлим бор эди. Кам олиб келсам ҳам, кўп олиб келсам ҳам, оз ҳисобларди. Аллоҳнинг менга раҳми келди. У ўлди. Кейин бошқа аёлга уйландим. Бозорга кетмоқчи бўлганимда, кийимимнинг ёқасидан ушлаб: “Эй фалончининг ўғли, Аллоҳдан қўрқинг. Бизга фақат ҳалол луқма келтиринг. Ҳеч нима олиб келмасангиз, ип йигириб сизга ёрдам берамиз, - деди.

Бу улкан ҳикматга бой бўлган воқеа бугунги кунимизда эрига ношукр бўлиб, товламачилик йўлига ўтган аёл учун, хотинининг инжиқлигини тузатолмай, бесабрлик билан бировларнинг ҳаққига кўз олайтираётган  эркаклар учун ибратдир.

Битта шамчироқни ҳалол йўл билан ёққан, сўроқсиз битта олмани еб қўйиб, етти йил хизмат қилиб Абу Ҳанифаларни дунёга келтирган зотларни ер юзидаги инсониятга ибрат ўлароқ тарих зарварақларига муҳрланган.

Ўғрилик катталардан, ёшларимиздан, иффат соҳибалари бўлган аёлларимиздан содир бўлаётганлиги бу азиз инсоннинг соф фитратига хиёнатдир.

Аллоҳ таоло ўғилик, бировларнинг молини ноҳақ ўзлаштиришдек разил ва қабоҳатли оғир гуноҳдан халқимизни асраб, улуғликка кўтарадиган иффат, ҳалоллик каби солиҳ амалларида барчаларимизни бардавом айласин.

 

Ж.Панжиев,

Бухоро  тумани бош имом хатиби                                                           

Read 3053 times
Tagged under

Мақолалар

Top