Мақолалар

Юкингизни оғирлаштирманг

Бир куни лицейдаги устозимиз бизга шундай деди: “Эртага ҳаммангиз биттадан халта ва беш кило картошка олиб келинг”.

Эртасига барчанинг партаси устида картошка ва халталар турарди. Устоз: “Энди бугунгача ўзингиз кечирмаган ҳар бир одам учун биттадан картошка олинг ва унинг исмини картошканинг устига ёзиб, халтага солинг!”

Баъзи ўқувчилар 3-4 та картошка олган бўлса, баъзиларнинг халтаси тўлиб кетди. Устоз: “Бир ҳафта мобайнида қаерга борманг, халталарингизни ёнингиздан қўйманг. Ҳатто ётадиган ётоқда, юрган автобусингизда, мактабда ҳам олиб юринг”, деди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, ўша устознинг дарсига кирдик. Устозимиз синфга кирар-кирмас, барчамиз ўзимизча шикоят қилишга тушиб кетдик: “Устоз, оғир халтани ҳамма жойда кўтариб юриш қийин экан…”, “Устоз, картошкалар айний бошлади, одамлар ғалати қарашяпти. Жонга тегди, чарчаб кетдик…”

Устоз меҳр билан жилмайди: “Кўрдингизми, бировни кечирмай аслида ўзимизни қийнаймиз. Руҳимизни оғир юк кўтариб юришга мажбур қиламиз. Кечиришни қаршимиздаги инсонга қилинадиган илтифот деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, кечиримли бўлиш, аввало, ўзимизга қилинадиган яхшиликдир”.

 

манба: irfon.uz

Read 2682 times

Мақолалар

Top