Мақолалар

Ўрнак

Ўғил кексайиб қолган отасини меҳмон қилиш истагида шаҳарнинг осойишта тамаддихоналаридан бирига олиб келди. "Буюк оталар ҳайрат тўла нигоҳини юлдузлардан уза олмаётган жажжи фарзандларини елкаларига ўтқизадилар-да, уларни юлдузлар сари яқинроқ олиб чиқадилар". У ҳар гал қаршисидаги падарига қараганида мана шу фикр хаёлидан ўтади. Овқатланиш маҳали беихтиёр кафтлари қалтираётган отанинг қошиғидаги овқати тўкилиб, кийимларига сачрар, хижолатдан қизариб кетган отахон ўғлига юмшоқ нигоҳларини тикар, ўғил эса хотиржам жилмаяр, сачраган таом доғларини зудлик билан артиб қўяр эди. Уларга ёнма-ён ўтирган столдагилар, жумладан, 3 нафар ўсмир йигитлар қуршовида овқатланаётган киши ва унинг оиласи бу манзарани зимдан кузатиб туришарди. Ота-ўғил овқатланиб бўлишгач, ўғил отанинг қўлларидан тутиб ювиниш хонасига бошлади, отасининг кийимини нон ҳамда овқат қолдиғи, доғлардан тозалаб, қўлларини ювишга ёрдамлашди, дадасининг сочларини тараб, бош кийимини тўғирлаб қўйди. 
Ювиниш хонасидан чиқишганида барчанинг эътибори уларда эди. 
Ота-ўғил емакхонани тарк этаётганларида қўшни столда фарзандлари билан ўтирган киши ортларидан етиб келди. "Сиз бу ерда нима қолдириб кетаётганингизни биласизми?" сўради у ўғилдан. "Йўқ, ҳеч нарсамиз қолиб кетаётгани йўқ", столга кўз югуртирганича жавоб қайтарди ўғил. "Қолдириб кетяпсиз, жуда қиммат нарса қолдириб кетяпсиз. Сиз ҳар бир ўғил ва отага, менга ва менинг фарзандларимга ўрнак қолдириб кетяпсиз, дўстим! Отангизга минг раҳмат!", у киши ўғилнинг қўлидан маҳкам сиққанича миннатдор нигоҳда боқди. Бу сўзлар янграётганида хўрандалар ейишдан бир фурсатга тўхташган, ота-ўғил таассуротли сукут оғушида тамаддихонани тарк этишаётган эди.

Шуҳрат САТТОРОВ

 таржимаси.

 

Read 5467 times

Мақолалар

Top