Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Энг яши амал қайси?” деб сўрашди. Шунда У зот алайҳиссалом: “Таом улашишинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- "Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ" деб салом бериш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келди ва “Ассаламу алайкум”, деб салом берди. У зот унга жавоб қайтардилар ва “Ўнта”, дедилар. Кейин яна бир киши келиб, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деди. У зот унга ҳам жавоб қайтардилар ва “Йигирмата”, дедилар. Сўнгра яна бир киши келди-да, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деди. У зот унга жавоб қайтаргач, “Ўттизта”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Табассум билан сўрашиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши амалдан бирор нарсани арзимас санама, ҳатто биродаринг юзига очиқ чеҳра билан йўлиқишни ҳам”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
- Икки қўл билан кўришиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон бир-бирларига йўлиқиб, қўл бериб кўришар экан, улар ҳали ажралмай туриб, албатта, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Аллоҳ ҳамд ва истиғфор айтиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Гўзал сўз сўзлаш.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “одамларга ширинсўз бўлинг...” (Бақара сураси, 83-оят)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши сўз садақадир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- Салом бериш билан хайрлашиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин, қайтмоқчи бўлса, яна салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан ҳақли эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД