Мақолалар

Насронийни мусулмонга айлантирган салом

Бу воқеани Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари ўз асарларида келтирадилар:

Германиядаги оёқ кийим ишлаб чиқарувчи корхонада бир турк йигити ишлар эди. Ҳаж мавсуми яқинлашганида йигит корхона хўжайинига анчадан бери ният қилгани - ҳажни адо этиш истаги борлигини айтиб, рухсат сўради. Корхона хўжайини Ханс насроний эди. Хизматчисининг сўзларини эшитиб:

  • Биласан, ҳозир маҳсулотимиз реализациясининг айни мавсуми. Мавсум тугасин, бораверасан. Каъба кетиб қолмайдику?!

Хизматчи йигит ҳаж фақат белгиланган кунлардагина адо этилишини, бошқа пайтлардаги ибодат ҳаж бўлмаслигини бир амаллаб тушунтиргач, хўжайини:

  • Майли фақат бир шарт билан рухсат бераман. Пайғамбарингизнинг қабри олдига борганда менинг ҳам саломимни етказасан, деди.

Ходим хурсанд бўлиб муборак сафарга отландию, фақат мусулмон бўлмаган рахбарининг саломини Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қандай етказишини ўйлаб қолди. Мадинаи мунавварага етиб келиб, Равзаи муборакка кирди. Сарвари олам солаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтиб, салом берди. Сўнгра омонат қолдирган яқинларининг саломларини бирма-бир йўллади. Якунда ғайридин раҳбарининг саломини эслаб, оғир аҳволда қолди: “Расулуллоҳга қандай етказаман, ахир у мусулмон бўлмаса....”   Минг истиҳола ичра ҳужраи саодатга боқиб, айбдорлардек шивирлади: “Ё Расулуллоҳ! Сизга бир Ханс исмли киши ҳам салом йўллади. Фақат у мусулмон эмас, насроний бир киши...” 

Сўнгра ибодатларга киришиб, ҳажни адо этди. Истанбул орқали Германияга қайтаркан, ҳамкасбларини учратиб қолди.

-Янгиликни эшитдингми? дея сўрашди ундан.

-Йўқ. Қандай янгилик?

- Ханс мусулмон бўлди....

 Йигит донг қотиб қолди. Исломга кирган вақтини сўраб суриштирса айни саломини Фахри коинот алайҳиссаломга етказган куни эди.

Субҳаналлоҳ. Бир ғайридин кишининг Расулуллоҳга эҳтироми сабаб Аллоҳ уни ҳидоят билан, дунёдаги энг улуғ неъмат - иймон неъмати билан мукофотлаб қўйса....   

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари

икки дунёда ҳам вожиб бўлишининг мисолидир бу!

 

Тошкент шаҳар “Тўхтабой” масжиди имом-хатиби

Зокиржон домла Шарифовнинг жума маърузасидан

01.11.2019

Read 3123 times

Мақолалар

Top