Мақолалар

Ёмон гумонлардан четда бўлинг!

Ёмон гумон қилиш жамиятда улкан муаммоларни келтириб чиқаради. Бунинг ечими Қуръон ва Суннатда  келган  қоида бор, агар унга амал қилинадиган бўлса, руҳониятимиз хотиржамликка чўмади, яқинларимиз қалбида хурсандчилик пайдо бўлиб, одамлар ўртасида меҳр-муҳаббат жўш уради. Агар бу қоидага асосан мусулмон жамияти шакллантирилса, ҳеч бир душман мусулмонларнинг орасини буза олмайди, чунки уларнинг орасида душманлик бўлмайди, унинг ўрнига мустаҳкам дўстлик ва бир-бирларига муҳаббат бўлади.

Бу қоида “ҳусну-занн” – “инсонлар ҳақида яхши гумонга бориш” деб аталади. Кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва  ҳадик  маъносида  фикр  юритиш  “бадгумонлик”  дейилади.  Одатда  бундай  гумон-ларнинг  кўпи  асоссиз,  беҳуда  бўлади.  Шунинг  учун  мусулмонлар  заруратсиз  ёмон гумон қилишдан қайтарилганлар. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб,  “ундай  бўлса  керак,  бундай  бўлса  керак»  дейиш  бадгумонлик  бўлади. Бу нарса энг олдин аввало мўминлар ичида адоват қўзғайди, душманлик ва ишончсиз-лик  муҳитини  яратади.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Агар  гумон  қилсанг,  ҳақ  деб билмагин», деганлар. Яъни, бир мусулмон ҳақида ёмон гумонда бўлсанг, уни кўзинг билан кўрмагунингча ҳақ деб топма. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат  яхши  гумон  қил»,  деган  эканлар.  Яна  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  «Гумондан четланинглар, чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир!» деб марҳамат қилганлар.

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Кимнинг ўйида бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан айбини ахтаришга тушади. Буни эса жосуслик  дейдилар. Ёмон  гумондан  четда  бўлиш  учун  доимо  мусулмонлар  ҳақида  яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша ичи бузуқ одам бўлади.

Мўмин  доимо  узр  истайди,  мунофиқ  эса,  айб  истайди.  Мўмин  барча  халойиққа нисбатан  кўнгли  пок  бўлади.  Мунофиқ  эса,  унинг  тескариси  бўлади. Уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси шарифларга таяниб, «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон  қилишдир.  Аммо  киши  фисқ  аҳлидан  бўлса,  ундан  нима фосиқлик  кўринган  бўлса,  шуни  гумон  қилишга  ҳаққимиз  бор»,  деганлар.  Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: «Гумон икки хилдир. Бирида гуноҳ бор, бирида гуноҳ йўқ.  Гуноҳ  бор  гумон  олдин  қалбида  сақлаб,  кейин  тили  билан  айтади,  иккинчиси, гуноҳ йўқ гумон – ичида сақлайди, аммо гапирмайди», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийга эътиборингизни қаратинг: “Мен бандам Мен ҳақимда қандай ўйласа ўшандайман. Энди у Мен ҳақимда қандай ўйласа ўйлайверсин”. Агар банда Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради деб ўйласа, У кечиради. Агар Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади деса, У қабул қилади. Агар Аллоҳ унинг дуоларини қабул этиб, мустажоб қилади деб ўйласа, шундай бўлади. Бунинг маъноси: “Мен у билан у Мен ҳақимда қандай ўйласа шундай муносабатда бўламан”.

Одамлар  ҳақида  ёмон  гумонда  бўлиш  гуноҳ  саналса,  Аллоҳ  таоло  ҳақида  ёмон гумон  қилиш  куфрдир.  Одамлар  ҳақида  яхши  гумонда  бўлиш  (масалан,  Аллоҳ  таолонинг тоатида мендан кўра яхшироқ бўлсалар керак, деб гумон қилиш) ўз эгасини одамларнинг ёмон кўришидан ва ҳасадидан асрайди. Шунинг учун ҳам бу иш ибодат ҳисобланади.  Аллоҳдан  яхши гумонда бўлиш У Зот мен гуноҳкорни кечиради ва Ўзининг кенг раҳмати билан раҳм қилади, деган умид билан Парвардигорга ибодат  қилаверишдир. Ҳадиси шарифга кўра, банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга яраша ҳолат ато қилади. 

Инсонлар ҳақида ёмон ўйловчилар бошқаларни ҳар нарсада айблайверадилар ва ўзларини доимо ҳақ деб ҳисоблайдилар. Инсонлар ҳақида фақат яхшиликни ўйлаш учун инсон ўз нафси билан шиддатли курашмоғи даркор ва ёддан чиқармангки, шайтон доимо мусулмонлар орасини бузмоқ ҳаракатидадир. Аллоҳ таоло барчамизни инсонлар ҳақида фақат яхшиликни ўйлашга қодир қилсин. Омин!    

 

Ғофуров Толибжон

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси

 

Read 4155 times

Мақолалар

Top