Мақолалар

Гўзал хулқнинг мўмин ҳаётидаги аҳамияти

Хулқ луғатда “характер”, “феъл-атвор” маъноларини англатади. Истилоҳда: “Мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган бандадаги доимий сифат хулқ деб аталади”.

Хулқ мақталадиган ё ёмонланадиган белгиси билан табий эҳтиёждан ажралиб туради. Яъни табиий эҳтиёж мақталмайди ҳам, ёмонланмайди ҳам, аммо хулқ албатта ё мақталадиган ё ёмонланадиган сифат бўлади. Масалан чанқаганда сув ичиш табий эҳтиёж, сахийлик эса хулқ ҳисобланади.

Хулқ шаклланиш жиҳатидан икки турга бўлинади:

  1. Туғма хулқ;
  2. Кейинчалик ўзлаштирилган хулқ.

Туғма хулқ деганда бандадаги кейинчалик ўзлаштирилмаган, балки дунёга у билан бирга келган туғма характери тушунилади.

Кейинчалик ўзлаштирилган хулқ деганда эса турли омиллар натижасида бандада шаклланган ва унинг доимий одатига айланган ёхши ёки ёмон сифат тушунилади. Яъни бирор иш инсоннинг доимий одатига айлангандагина ўша сифат унинг хулқига айланади. Акс ҳолда у хулқ эмас балки бирор зарурат юзасидан адо этилган иш ҳисобланади.    

Шунга кўра динда мақталган хулқларни ўзлаштиришга уриниш ва ёмонланган хулқлардан сақланиш комил мусулмоннинг белгиларидан саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқли бўлишга тарғиб қилиш билан бирга бадхулқликдан қаттиқ қайтарганлар:

 عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ : أَنَّ النَّبِيَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَا شَيْءٌ أَثْقَلُ مِنْ مِيزَانِ الْمُؤْمِنِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ خُلُقٍ حَسَنٍ وَأَنَّ اللهَ لَيَبْغَضُ الْفَاحِشَ الْبَذِيءَ.  رَوَاهُ التِرْمِذِيُ

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида мўминнинг тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ таоло адабсиз гапларни гапирувчи бадхулқ кимсага албатта ғазаб қилади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган. 

Гўзал хулқлар деганда динимизда тарғиб қилинган одобларга риоя қилиш тушунилади. Шу маънода гўзал хулқли бўлиш мусулмон киши учун дини талаби ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал хулқни: “Очиқ юзлилик, яхшилик қилиш ва азият беришдан тийилиш” дея таърифлаган.

Шоҳ Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Гўзал хулқ азият беришдан тийилиш ва қийинчиликларни кўтара билишдир”, деган.

Шунга кўра “сабабларни” рўкач қилиб ўзгаларнинг қалбларини “жароҳатлаётган” кимсалар қанчалар қанчалар улкан иллатга мубтало бўлганларини англашлари ва ундан халос бўлишга астойдил уринишлари лозим бўлади. Чунки ўзгаларга қўполлик қилишдан сақланиш дунёда ҳам, охиратда ҳам аввало кишининг ўзи учун манфаатли бўлади.

Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳдан: “энг кўп ғам-ғусса чекадаган киши ким”, деб сўрашганида у зот: “ энг хулқи ёмон кимса”, деб жавоб берган.

Уламолар ёмон хулқли кимсани фақат эгасигина сиғадиган тор уйга ўхшатганлар. Яъни ёмон хулқли кимсанинг юрагига ўзи хоҳлаган нарсадан бошқа нарса сиғмагани сабабли у доимо унга кирмоқчи бўлган ҳар бир нарса туфайли сиқилишга маҳкум бўлади.

Ушбулардан кўриниб турибдики бадхулқлик дунёда ғам-ғуссага, охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган, ҳар бир оқил инсон ҳазар қилиши лозим бўлган ўта зарарли иллатдир.  

Гўзал хулқ эса Ислом динининг моҳияти ҳисобланади. Мусулмон кишининг соғлом эътиқодли ва амалларида собитқадам экани унинг гўзал хулқидан билиниб туради. Зеро гўзал хулқ мўминнинг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا ». رَوَاهُ اَبُو دَاودَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг иймони комилроғи уларнинг хулқи гўзалроғидир”, – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг очиқ юзли, энг бағри кенг, энг кечиримли яъни энг хулқи гўзал инсон бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилиш бахту саодат бўлганидек, уларга риоя қилмаслик дунёда маломатга охиратда надоматга  дучор бўлишга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқли бўлиш саодатига муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

Read 5071 times

Мақолалар

Top