Мақолалар

Бағрикенглик – бизга хос

Долзарб мавзу

Жаҳонда халқлар кўп, динлар хилма-хил. Асрлар давомида инсониятнинг маънавий оламини тўлдириб, эзгу амалларга ундаб келаётган динларнинг моҳиятига разм солсак, ҳамоҳанглик, муштараклик ғояларни илғаймиз. Ҳатто уларнинг даъвати ҳам ниҳоятда ўхшаш: одамлар, аҳил-иноқ яшанг, ўзганинг ҳақидан хазар қилинг, бир-бирингизга ёмонлик соғинманг, қўлдан келганча яхшилик қилинг, меҳр-мурувватли бўлинг...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. 2017 йилнинг 21 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ бўйича резолюциясининг қабул қилиниши тарихий воқеаси бўлди.

 Ўзга дин, эътиқод вакилларига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам алоҳида ҳурмат кўрсатганларига тарихда мисоллар кўп.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бошқа дин вакилларига яхшилик қилишга ундаб бундай марҳамат қилади: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг бўлишда намуна кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга чақирганлар. Ҳадиси шарифда: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Имом Баззор ривояти).

“Нурул басар” асарида ажойиб бир ривоят келтирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу қизлари Ойша онамизнинг ҳузурларига бориб, Пайғамбаримиздан қолган, бироқ биз билмаган бирор эзгу иш ҳақида сўрайдилар. Ойша онамиз ўйланиб туриб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар тунда таҳажжуд намозини ўқир, сўнгра фалон кўчадаги яҳудийнинг уйига бориб, уни парвариш қилиб келар эдилар”, дейди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам шу кундан бошлаб ярим тунда таҳажжуд намозини ўқиб, ўша яҳудийнинг уйига боради. Кўзлари кўрмай олган, оёқ-қўллари ишламайдиган, тишлари тўкилиб тушган яҳудий эшикдан кирган кишини пайқаб: “Уч кундан бери келмаяпсан, тинчликми? Бирам қўпол бўлиб қолибсан. Уч кун аввал келганингда ҳалим эдинг. Таомни ҳам чайнаб берган эдинг. Бугун эса чайнамадинг ҳам. Сен келишинг билан уйим нурга, зиёга тўлиб кетарди. Қўлларимни ушласанг, барча оғриқлар тўхтар эди. Хонаги киришинг билан муаттар ҳид таралар эди. Бугун булардан нишона ҳам йўқ. Ёки анави жодугарнинг динига кирдингми?” деб сўрайди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Жодугар”, деб кимни назарда тутаяпсиз?” дейди. Яҳудий: “Муҳаммадни-да?” дейди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлаб: “У жодугар эмас. У зот уч кун олдин вафот этдилар. Йиллар давомида сизни парвариш қилган, таомларни чайнаб берган, келиши билан хонадонингиз муаттар ҳидга тўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом эдилар”, дейди. Ҳалиги яҳудий Расулуллоҳнинг бағрикенгликларини, олийжанобликларини эшитиб, дарҳол мусулмон бўладилар.

Динимиз ғоят гўзал. Бу дин, Юнус Эмро таъбири билан айтганда, махлуқни Холиқ ҳурмати туфайли эъзозлайди. Бежиз соҳибқирон Амир Темур “Тузук”ларида: “Менинг қўл остимдаги қирқ аймоқ хаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, наймани юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир” деб ёзмаган.

Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизда тақиқланан. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таълим беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”), деганлар. 

Абу Мансур Мотуридийнинг асарларида ҳам бағрикенглик ғоялари баён қилинган. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилоту аҳлис сунна” асарида Ҳаж сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман қилинади. Шу боис мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”, деб таъкидлайди. 

Буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида: “Чунончи исломнинг бешта фарзидан бири бўлган “Закот”ни олишга ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, – деган ҳадисларидир”, дейилган. 

Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. XV аср бошларида Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади. Бошқа манбаларда келтирилишича, Темурнинг ўғилларидан бири христианларнинг эҳтиёжларини қондириш учун масъул қилиб тайинланиб, у барча христиан мамлакатлари билан мавжуд алоқалар учун ҳам жавобгар эди. 

Бугун Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элак вакиллари чинакам бахтиёрдирлар. Чунончи, Юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун эканлиги қонун билан белгилаб қўйилган. Зотан, Ислом динида кишининг дини, жони, насаби, моли, обрўси алоҳида ҳимояга олинган.

Исломда эътиқод эркинлигини белгиловчи асосий қоида Бақара сурасининг 256-оятида марҳамат қилинган: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди».

Дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилади. Бу қоидада инсоннинг ақли борлиги, биров мажбур қилмасдан ҳар ким ўзи хоҳлаган йўлни танлаб олиши баён қилинган. Ояти каримада: «Айтинг: (Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 29-оят).

Айнан ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳам қайд этилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».

Мухтасар айтганда, бағрикенглик, тотувлик тамойилларига риоя қилган киши давримизнинг ҳам, муқаддас динимизнинг ҳам талабларини бажаргани учун жамиятда иззат-эътибор топади ҳамда улуғ ажрларга эришади.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОМ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

Read 2177 times

Мақолалар

Top