Мақолалар

КЕЧИРИШ – МЎМИННИНГ СИФАТИДИР

Мўмин киши Қуръондаги одоб-ахлоққа оид ҳукмларни ҳаётига татбиқ этар экан, аввало ўзи барчага яхшилик қилишга, чиройли муомалада бўлишга ҳаракат қилади. Сабабсиз жанжаллашиш, одамлар орасини бузиш, аразлаш, гап ташиш сингари иллатлар Қуръонга зид эканини билгани боис, одамлар орасини ислоҳ қилиш, уларни яхшиликда жамлаш, улардан келадиган озорларга сабр қилиш, кечиримли бўлиш каби фазилатларни ўзларида мужассам этишга интилади. Чунки мўмин Роббисининг ушбу сўзларига амал қилади: “Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир”. (Шўро сураси, 43-оят)

Мўмин ҳаёти давомида одамларга хушмуомалада бўлиш билан бирга улардан келадиган озорларга чидаши, улар тарафидан йўл қўйиладиган ҳатоларни кечира билиши лозим. Кайфият яхши бўлганда хушмуомала бўлиш ҳамманинг қўлидан келади. Лекии хафа қилган, зулм ўтказган одамга яхши гапириш, унинг озорларига чидаш ҳамда уни кечириб юбориш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу сабабли мўминнинг ахлоқи, гўзал сифатлари ичида кечиримли бўлиш, ўзига озор етказган, зулм ўтказганларни авф қилиш алоҳида ўрин тутади. Қуръон билан хулқланган мўмин  билмасдан қилинган дилозорликлар  катта-кичиклигидан   қатъий  назар, ғазабини енгиш билан бирга, озор берган кишига яхши гапириб, уни кечириб юборади. Бу билан мўминлар ҳеч ҳам ғазабланмайди, улар доимо сабрли ва кечирувчан дея олмаймиз. Улар ҳам ғазабланадилар, ҳафа ҳам бўладилар, Лекин бошқалардан фарқли ўлароқ, ана шундай ҳолатларда улар ўзлари билиб-билмай қилган ҳато ва гуноҳларининг кечирилишига умидвор бўладилар. Чунки, улар Роббисининг ушбу ваъдасидан умидвордирлар: “Балки уларни авф қилиб кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?” (Нур сураси, 22-оят)

Қуръонни ўзига раҳбар қилган мўмин энг гўзал хулқ эгасидир. Уйда, кўчада, ишда ва умуман кун давомида келиб чиқадиган муаммоларининг ечимига унинг гўзал хулқи, ширин сўзи сабаб бўлади. У ўзининг гўзал хулқи, чиройли муомаласи билан бошқаларга ибрат бўлади, энг муҳими Қуръонда мақталган сифатларни ўзида мужассам этиб, Аллоҳга хуш келган амал қилган ҳисобланади.

 

 Манбаалар асосида Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек тайёрлади

Read 3013 times

Мақолалар

Top