Мақолалар

Сиз ҳам шуларни сезганмисиз?

Сиз ҳам шуларни сезганмисиз?

 

  • Вафот этган инсонни барча сизлаб, ҳурмат билан тилга олади. “Ундай қилардилар, бундай кулардилар” дейилади. Аммо ўша инсон тириклигида шунчалик ҳурмат қилинмайди.

 

  • Маййитни қабрга қўяётганда, “Бошларини эҳтиёт қилинглар, оёқларини қаттиқ тортманглар” дейилади. Аммо ўша инсон тириклигида унга зулмлар қилинган бўлади.

 

  • Аёл кишини қабрга қўйиш чоғида, “Тобутлари устидаги ёпинчиқни яна ҳам пастроқ ушлаб туринглар, устларини ёпиб туринглар, номаҳрамлар ўтириб олаверсин. Маҳрамлари қолинглар” дейилади. Аммо ўша аёлнинг ҳаётлик чоғида маҳрамлари у кишини шунчалик эҳтиёт қилиб, номаҳрамлардан яширишмайди.

 

  • Қабристон зиёратига борганда, қабрларни босиб юбормасликка, ўликларга озор бермасликка, қабристондаги ўсимликларни юлмасликка қаттиқ эътибор берилади. Аммо тирик юрганларга зулм қилинади, ҳақорат этилиб, хўрланади.

 

  • Вафот этган хонадондаги аёллар ва эркакларнинг либоси Шариат кўрсатмасига мувофиқ ҳамма жойни тўсиб турадиган, қалин матодан тикилган бўлади. Агар аёл киши келаётган бўлса, эркаклар юзларини тескари ўгириб, бир томонга ўтиб туришади. Қолаверса, ўша ҳовлида аёллар ўтирган тараф мато билан тўсиб қўйилади. Эркаклар билан аралаш ҳолда ўтириш ҳам, бақир-чақир, сўкиниш ҳам бўлмайди.

 

  • Аммо орадан бир неча кунлар ўтгач, бундай муҳит ўрнини ҳамма билган муҳит эгаллайди. Аёлларнинг сатри авратда бўлиши, эркакларнинг тескари қараб туриши тезда эсдан чиқарилади.

 

  • Бозорда сотувчи билан савдолашаётган пайтингизда, у “Фақат сизга нархидан ўтиб бераман” дейди. Бу каби гапларнинг аксари ёлғон бўлиб, савдонинг баракаси йўқ бўлишига, пулнинг ҳалоллигига футур етишига сабаб бўлади.

 

  • Ишхонадагиларга, кўчадагиларга хушмуомала бўлиб, кўпинча уйга келганда оила аъзоларга қовоқ уйиб, бақириб, қўпол гапирилади.

 

  • Кўчада бирор танишни учратиб қолинса, шошиб турган бўлинса ҳам “Уйга ўтинг, чой тайёр эди” дейилади. Бу гап кўпинча носамимий тарзда, одат бўлиб қолгани учун айтилади.

 

  • Уйда баъзан онамиз билан гаплашаётганимизда, “Сиз ундай дедингиз, бундай қилмаслигингиз керак эди” каби қўпол, кесатиқли, маломат оҳангида гапирамиз. Ўша аёл биз чақалоқлигимизда, йўргакда ётиб, ўзимиз еёлмайдиган, туролмайдиган, ҳожатга боролмай, йўргагимизга иш бажариб қўйганимизда, сут берган, жирканмасдан тагимизни тозалаган, ярим кечаси йиғлаб қолсак, ўрнидан туриб бизга қарашга эринмаган онаизоримиз эканини унутиб қўямиз.

 

  • Баъзилар эса она деганда оппоқ кўйлак ва рўмолдаги, нуроний аёлни кўз олдига келтиришар экан.

 

  • Дўстим, сизни туққан, боққан, энг яхши таом, ичимлик ва либосни сизга илинган, ҳали ҳам ишдан кеч келсангиз, ухламай, хавотирда кутиб ўтирадиган аёл онангиз эканини, у инсонга оғайниларингизга қиладиган қўпол муомалани қилиб бўлмаслигини, у сизнинг ширин сўзингизга, хушмуомалангизга муштоқ эканларини унутманг!

 

Нозимжон Ҳошимжон

Read 2451 times

Мақолалар

Top