Мақолалар

200 литр сув ишлатар эканмиз

 

Австралияда қадоқланадиган ушбу маҳсулот этикеткасига “Оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” деб ёзилиб, остига “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб ёзиб қўйилган.

Ҳадиснинг асл матни мана бундай:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётиб сувни меъёридан ортиқ ишлатганларини кўриб қолдилар.

- Ҳой, Саъд! Бу қандай исрофгарчилик? – дедилар.

- Эй Аллоҳнинг Расули, таҳоратда ҳам исроф бўлурми? – сўради Саъд разияллоҳу анҳу.

- Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат учун бир муд (тахминан 700 грамм) миқдордаги сув ишлатган бўлсалар, ғусл учун уч муд (тахминан 2 литр) миқдорда сув ишлатганлар. Бизчи? Биз таҳорат учун сув жўмрагини очиб қўйиб бир дақиқада 15 литр атрофида сув ишлатамиз. Агар таҳоратни икки дақиқа давомида қилсак, ишлатилган сув миқдори 30 литрни ташкил этади. Ғусл асносида душдан тўхтовсиз сув тушиши натижасида 180-200 литр атрофида сув ишлатилади. 2 литр сув қаердаю 200 литр сув қаерда?

Азизлар, сувни тежаб ишлатайлик!

Баъзан кўча, маҳалла гузарларида жўмракдан сув оқиб ётганига гувоҳ бўламиз. Бирор кишининг хаёлига ўша жўмракни созлатиб қўйиш фикри келмайди. Ҳатто томчилаб оқиб ётган тақдирда ҳам ўша томчилар тўпланиб, каттагина сув миқдорини ташкил этади. Сувсизликдан қийналаётган инсонлар кўпчиликни ташкил этишини унутмайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни сувни исроф қилмай, тежаб ишлатадиган бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2756 times

Мақолалар

Top