Мақолалар

Кунларимиз ибодат ила ўтсин!

Инсон бу дунёга нега келганлигини, ўзининг кимлигини билиши даркор. Билганидан сўнг шунга кўра ҳаракат қилиши керак. Дунёда нима учун яшаётганини англаган ва шу маърифати асосида ҳаёт кечираётган киши оқилдир.

Маълумки, Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратган. Хўш, ибодат нима? Ибодат — Аллоҳ таолога бўйсуниб, У Зотнинг розилигини кўзлаб қилинадиган амаллардир.

Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади.

Бунинг учун икки асосий шартга амал қилмоқ зарур:

Ҳар бир иш Қуръон ёки суннатга мувофиқ бўлмоғи лозим.

Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ керак. Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади...» деганларини эшитдим». Икки Шайх ривоят қилишган.

Агар ният яхши бўлсаю аммо амал шариатда ман этилган иш бўлса, буни қилиш мумкин эмас.

Мисол учун бир киши масжид қурилишига пул бермоқчи. Бу ният яхши. Лекин пулни ўғрилик, судхўрлик, порахўрлик каби ҳаром йўл билан топяпти. Демак, бу пулни масжид қурилишига бериш жоиз эмас. Агар амал шариатда буюрилган иш бўлсаю бироқ ният яхши бўлмаса, бу ҳам тўғримас.

Масалан намоз ўқиётган кишининг нияти Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш бўлмай, қайсидир инсонга ёқиш учун бўлса, бу риё бўлиб, намознинг барча савобини йўққа чиқаради.

Савдогар тижорат қилаётганда мусулмонларга манфаат етказиш, зиммасидаги вожиб амал бўлмиш ўз оиласининг нафақасини қилишни ният қилса, қилаётган тижоратидан савоб олади.

Киши суннатга эргашиш, умматнинг сонини кўпайтириш, иффатни сақлаш, зинодан узоқ бўлиш, шаҳватларини ҳалол йўл билан қондириш мақсадида уйланса, шу никоҳи учун ҳам савоб олади. Ҳатто жуфту ҳалоли билан яқинлик қилса ҳам савобга эришади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир гуруҳ кишилар: «Ё Расулуллоҳ, бойлар ажру савобни олиб қўйдилар, чунки бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига ортиқча молу дунёларидан садақа қиладилар», – дейишди. Ул зот:

«Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбиҳ садақа, ҳар бир такбир ҳам садақа, ҳар бир таҳлил ҳам садақа, амру маъруф ҳам садақа, наҳйу мункар ҳам садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор», – дедилар. Шунда одамлар: «Биронтамиз шаҳватимизни қондирсак ҳам ажр оладими?» – деб сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр бўлади», – дедилар». Муслим ривоят қилган.

Уйқуга ётаётган киши таҳажжудга туриш, шунинг учун қувват тўплашни ният қилиб ётса, шу уйқуси учун ажр олади. Шунингдек, ётаётганда ётиш олдидан айтиладиган зикр ва дуоларни ўқиб, суннатга мувофиқ ўнг томони билан ётиб, ўнг кафтини ўнг юзи остига қўйиб ётса, бунинг учун ҳам ажрга эришади.

Шу боис қилаётган ишларимиздан савобни қўлга киритишни истасак,  амалимиз шариатга мувофиқ бўлиши билан бирга унда ниятни ҳам чиройли қилиб олишимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни ибодатга муҳаббатли, гуноҳлардан нафратланувчи бандаларидан қилсин!

 

Islom.uz маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2473 times

Мақолалар

Top