Мақолалар

Минг дирҳамлик хурмо қиссаси

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу онани ҳурмат қилишда барчага ўрнак эдилар.

Имом Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида бир туп хурмонинг нархи минг дирҳамга етди. Усома розияллоҳу анҳу ўзининг бир туп хурмосини кесиб, унинг чарвисини (ичидаги мазали мағзини) онасига олиб берди. Одамлар унга:

«Сени бунга нима мажбур қилди? Бир туп хурмонинг баҳоси минг дирҳамга чиққанини ўзинг кўриб турибсан-ку?!» дедилар.

«Онам мендан ўшани сўрадилар. У киши мендан ўзим қодир бўлган нарсамни сўрасалар, албатта, бераман», деди у киши».

Салафи солиҳларимиз шундай бўлишган. Улар ота-оналарининг розилиги учун қўлларидан келган барча чораларни кўрардилар.

Бизчи?! Биз ҳам ота-онамизни хурсанд қилиш учун имконимиз борича уринамизми?!

Минг афсуски, баъзилар ота-оналарининг кўнглини кўтаришга уриниш у ёқда турсин, ота-оналари сўраган нарсани олиб беришга қунт қилмайдилар.

Масалан, онасининг дориси тугаб қолган бўлса, “Болам, фалон дорим тугаб қолибди. Шуни олиб келиб берсанг” деганда, хўп деб олиб келиш ўрнига, “Яқинда олиб бергандим-ку! Дарров ичиб бўлдингизми? Бунақада сизга дори ташийвериб, топганимни ҳаммаси шунга кетар экан-да” дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Баъзи ўғиллар эса онаси пул сўраганда “Онажон, ана укамга айтинг. У пул бериб турсин. Нима, менинг пул заводим борми? Улар ҳам фарзанд-ку!” деб жеркиб беради.

Мусулмон одам ота-онасининг розилигини олишга, уларни хурсанд қилишга, дуоларини олишга интилиши керак-ку!

Унутмайлик! Ота-она фарзандини “оққ қилдим” дейиши шартмас. Фарзандининг бирор ёмон иши сабабли отанинг ёки онанинг кўзига ёш келса, шунинг ўзи фарзанднинг оққ бўлганини англатади.

Ота-онасига оққ бўлган фарзанднинг эса икки дунёси куяди, икки дунёда ҳам хор бўлади. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ таоло барчамизни ота-оналаримизга яхшилик қилиб, уларнинг розиликларини топишимизни насиб этсин. Ота-оналаримизнинг умрларига, ризқларига барака ато этсин!

Оламлар Робби барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Islom.uz маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2838 times

Мақолалар

Top