Мақолалар

МЎМИН МЎМИН УЧУН КЎЗГУДИР

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар. (Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган).

Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин эканлиги баён қилинмоқда. Чунки, иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. Ҳаловат сўзи, ҳолвадан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки, уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот – Аллоҳ таолонинг ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.
Бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда ҳам муҳтож! Аллоҳ учун муҳаббат йўқлигидан якка шахслар, уруғлар, қабилалар, жамиятлар, давлатлар орасида ўзаро ишончсизлик, бир-бирига хиёнат қилиш, душманлик кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу бало-офотлардан қутилиш учун ушбу ҳадисга амал қилиш керак.

Мўминлик – қандай яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга ҳавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молини ишонади. Чунки, мўминлик – омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда динга янги юзланганларнинг мўминлик даъвосини қилиб юрганлар қилмишидан нафратланиб, ҳаттоки диндан қайтиб кетган ҳоллари ҳам бўлмоқда. Бу, Ислом таълимотларидан узоқлашишнинг, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларидан узоқлашиб кетишнинг оқибатидир!

Зероки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида: “Аллох таоло бир биродарининг ёрдамида бўлган кишининг ёрдамидадир”, деб  марҳамат қилганлар. Меҳрибон киши раҳм-шафқатга ҳақли одамни билса унга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Агарда, ёрдам бериш қўлидан келмаса, ёки бунинг умуман иложи йўқ бўлса ич-ичидан қийналади. Бу худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларига ўхшайди: Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат қилишларида бир жисмга ўхшайдилар. Бирон аъзо оғриса қолган аъзолар ҳам бедор ва иситма бўлиб биргаликда азоб чекади”. Мўмин ўз биродарининг бошига иш тушганда қараб туролмайди. Қўлидан келган ёрдамни беради. Ана шу киши ҳақиқий мўмин бўлади”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олиб келган динлари инсонларни комил аҳлоқли бўлишга чақиради. Зероки, ҳадиси шарифда: “Мен мақтовли хулқларни мукаммал ҳолатга етказиш учун юборилдим”, деб марҳамат қилинган. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 10-оятида: “Албатта мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг шоядки, раҳм қилинсангиз”, деб марҳамат қилган. Шундай экан хар қандай мўмин кишига билдирилган фикр мусулмонлик, мехрибонлик юзасидан дўстона бўлиши керак.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди– дедилар. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).  Ушбу ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бошқа кишиларга яхшиликни раво кўришни иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмаслигини таъкид ламоқдалар. Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани ўзининг бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ҳоҳлайди. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.

Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида аввало мусулмонлар бошига, қолаверса бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда, дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтиш керак. Жумладан, Машрабнинг мисраларидан бирини  шу ўринда келтириб ўтсак.            

                  Гар қўлингдин келса ҳаргиз мурчани оғритмагил

                  Бил худо бандам демас, ҳар кимки дил озордур.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир» - дедилар. (Бешовлари ривоят қилган).

Термизий ва Насаийлар: «Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади. Ким бир мусулмонни бир нарса ила уни шарманда қилиш учун айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида то у гапидан қайтгунча ушлаб туради», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Мусулмон одамнинг айбини беркитиш улуғ иш. Бир мусулмон иккинчи мусулмоннинг айбини фош қилиб уни одамлар ичида юзига қора чаплаб шарманда қилиши мусулмон кишининг хулқу одобига зиддир. Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб обрўсини тўкаётган бўлса уни эшитиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Унинг мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда ўзига катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Аксинча, бу дунёда мўмин-мусулмонни айблаш билан машғул бўлган одам қиёматда хижолатда қолар экан. Маҳшарга тўпланганлар ҳузурида қилган набокорлиги жазоси ўлароқ жаҳаннам кўпригидан ўта олмай тўхтаб қолар экан. Бас, шундоқ экан мўмин банда зинҳор ўз биродарини айблашга ўтмаслиги керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади. Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди»-дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкор қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди. Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки, у бировнинг айбини ошкор қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши турган гап. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, ҳамда жамият таназзулга юз тутади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоясиз қолдирса, Аллоҳ ҳам уни У зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоясиз қолдиради. Қай бир одам бир мусулмон кишини уни беҳурмат қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ҳимоя қилса, Аллоҳ ҳам уни у зотнинг ҳимоясини истаб турган жойда ҳимоя қилади», дедилар». Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Биробарин мусулмон киши ўз биродарини ҳеч ҳам беобрў ва беҳурмат қилинишига қўймасин. Ўшандоқ ҳолат пайдо бўлса дарҳол уни ҳимоя қилсин. Ана шундагина у қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳимоясида баҳраманд бўлади.

Бугунги кунда мусулмонлар бир-бирларини ёмонларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан сақлашлари, ҳимоя қилишлари лозимдир. Агар бу иш қилинмаса, жамият иғвохонага айланиб қолади. Бу билан жамият аъзолари орасида ўзаро адоват авж олади. Бунинг оқибатида катта низолар келиб чиқади. Ижтимоий тармоқларда ғийбат, хақорат, сўкиниш каби мусулмон киши шаънига ёт ишлар айримларнинг доимий одатига айланиб улгурди.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса артиб қўйсин», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилингандагина мўминлар катта ютуқларга эришишлари мумкин. Бу ҳадиси шарифга амал қилмай туриб, балки унинг тескарисини қилиб туриб бирор яхшиликни кутиш мумкин эмас.

 

Собиров Махмуджон

Имом Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси

Read 3522 times

Мақолалар

Top