Мақолалар

Никоҳнинг тиббий ва руҳий фойдалари

Ушбу тадқиқотда 34500 киши иштирок этди. Унинг натижасида “Уйланиш руҳий барқарорликка эришишга ёрдам бериб, сиқилиш, безовталикни пасайтирар экан” деган хулосага келинди. Шунингдек, ушбу тадқиқот никоҳнинг эркак ва аёл саломатлигига катта фойдаси борлигини, ажралиш эса руҳий изтиробларга, юрак касалликлари ва ҳатто саратонга олиб боришини кўрсатди.

Биз доим айтиб келамизки, Қуръони Карим ва Суннатда келган таълимотлар инсоннинг бахт-саодатига эришишига сабаб бўлади. Уйланиш, никоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъкидланган суннатларидан бўлиб, ундан юз ўгириш шариат ҳукмидан юз ўгиришдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجاً لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Оятда айтилган севги, марҳамат ва сокинлик никоҳ боғлангандагина ҳосил бўлади. Аниқроғи, Аллоҳ таоло биз бандалар никоҳланганимизда бизнинг қалбимизда севги, марҳамат ва сокинликни пайдо қилади.

Ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиган кишилар никоҳланиб яшашдан бош тортганлари ва аёл киши билан никоҳсиз равишда жинсий муносабатга киришганлари учун ундай кимсаларда жинсий касалликлар турли кўринишларда намоён бўлмоқда. Бугун тери-таносил ва бошқа жинсий касалликлар ғарб жамиятини ўз домига тортиб кетмоқда. Маълумотларга қараганда, америкалик гўдакларнинг 13 фоизи руҳий изтироблардан азият чекмоқда.

Энди мусулмонлар яшайдиган жамиятларга қарасак, биз мусулмонлар яшайдиган жамиятларда руҳий изтироблар, ўз жонига қасд қилиш ва жинсий хасталиклар фаҳш муносабатлар кенг ёйилган жамиятлардагига нисбатан жуда ҳам оз миқдордадир. Мана шунинг ўзиёқ Ислом таълимоти инсоният учун нақадар муҳим ва фойдали эканини кўрсатади.

Бугунги кунда ғарблик олимлар оилали инсонлар устида олиб бораётган кўплаб тадқиқотларидан келиб чиқиб, ўзлари яшаётган мамлакатлардаги кишиларни никоҳ асосида яшашга чақириб, жамиятни турли хасталиклардан ва наслларнинг бузилишидан халос қилишга уринмоқдалар.

Ғарблик кишиларнинг кўплари оиласиз, бўйдоқ ўтаётганлари ҳам уларда турли касалликлар бўй кўрсатишига, насллар барбод бўлишига олиб келаётгани учун олимлар кишиларни оила қуриб яшашга чақирмоқдалар. Улар “Уйланиш бўйдоқ ўтишдан афзалдир” деб баралла айтмоқдалар. Ислом дини бу гапни бундан ўн тўрт аср олдин айтмаганмиди?! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Исломда таркидунёчилик йўқ!” деб марҳамат қилганлар.

Мана бу ҳадисга эътибор берайлик:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.

Улардан бири:

«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса:

«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Уйланиш кишининг саратондан сақланишига сабаб бўлар экан.

Уйланиш инсон танасидаги иммун тизимининг кучайишига ва мустаҳкамланишига хизмат қилар экан.

Уйланганлар уйланмаганларга нисбатан кўпроқ умр кўрар эканлар.

Уйланиш саломатликни бир маромда туришига сабаб бўлади.

Никоҳ асосида оила қуриб яшаш шу никоҳ орқали туғиладиган болаларнинг келажаклари, руҳий ҳолатлари учун ҳам жуда фойдали экан.

Бўйдоқлардан кўра уйланганлар таналарининг саломатлигидан кўпроқ ҳузурланар эканлар.

Уйланганлар ўзларини кўпроқ бахтли ҳис қилишар экан.

Никоҳсиз равишда жинсий муносабатга киришадиганлар никоҳ асосида жинсий яқинлик қиладиганларга нисбатан ўзларини жуда хавотирли, безовта ва нотинч ҳисоблар эканлар.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2518 times

Мақолалар

Top