Мақолалар

Оила мустаҳкамлиги  -  жамият тинчлигининг гарови

         Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳ вассалату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Никоҳланиб оила қуриш инсоният ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий воқеъалардан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таолонинг бутун оламларни яратишида тузган ўзгармас тартиб интизомидан бири - барча жонзотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт бўлиб яшашлиги, унинг ҳаётини давомийлигини мана шу жуфтликка асослаб қўйганлигидир.

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратди, уни яратган кўплаб мавжудотларидан афзал қилди. Унга ақл неъматини ато этиш орқали Ўзининг яратган махлуқотлари устида тафаккур қилиш, Унинг нақадар юксак илму ҳикмат соҳиби эканлигини англаш қобилиятини берди. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи яратган махлуқотлари устида тафаккур қилишга чақиради. Ана шундай оятларнинг бирида марҳамат қилади:

وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

яъни:Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир(Рум сураси, 21-оят).

Ушбу ояти кариманинг маъносидан кўринадики, инсонларнинг оила қуриб, жуфт бўлиб яшашлари илоҳий бир мўъжиза бўлиб, унинг устида тафаккур қилиб кўришга арзигулик жиҳатлар жуда кўп экан. Буюк муфассирлардан бўлмиш Ибн Жарир Ат-Табарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Жомеъул баён ан таъвили ойил қуръон” асарларида ушбу оятни тафсир қилиб айтадилар: “Аллоҳ азза важалланинг хоҳлаган нарсани яратишга қодир эканлигига далолат қилувчи ҳужжатларидан бири, отангиз Одам алайҳиссаломнинг ором олиши учун унга ўзидан жуфтини яратиб берди. Яъни, Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан Ҳаввони яратди. Ўрталарингизда эру хотинлик туфайли меҳр-муҳаббат пайдо қилди. Мана шу меҳр-муҳаббат сабабли ва Раббингизнинг сизларга раҳмати боис бир-бирингиз билан силаи раҳмни боғлайсизлар, бирингиз бирингизга раҳм-шафқат кўрсатасизлар”. Абул Ҳасан Ал-Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ан-нукат вал уйун” номли китобларида шундай дейдилар: “Оятдаги “ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилди” жумласига уламолар тўрт хилда маъно берганлар. Биринчиси, иноқлик, бу – севги, меҳрибонлик, бу - шафқат. Иккинчиси, иноқлик, бу – жимоъ, меҳрибонлик, бу – фарзанд. Учинчиси, иноқлик, бу – катталарни суйиш, меҳрибонлик, бу – кичикларни алқаш. Тўртинчиси, эр-хотиннинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббат кўрсатишидир”. Исмоил Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тафсирул қуръанил азим” китобларида ушбу оятни қуйидагича тафсир қиладилар: “Аллоҳ таолонинг азаматига ва камоли қудратига далолат қилувчи ҳужжатлардан бири шуки, У сизларга жуфт бўлишлари учун ўз зотингиздан аёлларни яратди тоинки, уларга талпиниб ором олурсизлар. Агар бордию Одам зотининг ҳаммасини эркак жинсида яратиб, аёлларни бошқа махлуқотлардан, масалан жин ёки ҳайвонлардан қилганида эди, у ҳолда ўрталарингизда бундай унсу улфат эмас, балки нафрат ҳосил бўлган бўлур эди. Сўнгра, Аллоҳ таолонинг Бани одамга тамомий раҳмати ўлароқ жуфтларини ўз зотларидан қилиб, улар ўртасига иноқлик - у ҳам бўлса муҳаббат ва меҳрибонлик - у ҳам бўлса раҳм-шафқат солиб қўйди. Бинобарин, эркак киши ўз аёлини унга бўлган муҳаббати ёки меҳр-шафқати, ундан фарзанд кўрганлиги, зиммасида аёлига нафақа бериш мажбурияти борлиги ва аёли унга муҳтожлиги, ўрталарида унсу улфат мавжудлиги ва бошқа сабаблар туфайли ўз илкида тутиб туради”.

Аллоҳ таоло инсон зотини яратганда, унинг фитратига жуфтлик ҳаётига қизиқиш, ўзидан насл, зурриёт қолдириш ва бу дунёнинг бошқа матоларига бўлган майл истакни жойлаб қўйган. Инсон дунёга келар экан, секин-аста  ўсиб улғайиб борган сари ундаги жуфтлик ҳаётига бўлган майл истаги зуҳур қила бошлайди, бориб бориб киши ушбу майл истакка беихтиёр бўйин сунади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бешак, бир ҳикмати илоҳиясидир. Чунки, агар Аллоҳ таоло инсонга бундай фитрат ато этмаганида дунё обод бўлмас, янги авлодлар туғилмас эди, балки инсониятнинг ҳаёти Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг вафотлари билан ниҳоясига етган бўлур эди. Демак, Аллоҳ таоло Ўзидан халифа бўладиган инсонларни ер юзини обод қилиб яшашлари учун уларнинг табиатида дунё матосига нисбатан муҳаббатни пайдо қилиб қўйди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَوَاتِ مِنَ النِّسَاءِ وَالْبَنِينَ وَالْقَنَاطِيرِ الْمُقَنْطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالْأَنْعَامِ وَالْحَرْثِ

яъни: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди” (Оли Имрон сураси, 14-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилганлар: “Бу дунё матодир, ундаги энг яхши мато солиҳа аёлдир”. Шунинг учун Ислом дини таълимотида эркак киши ўзига жуфт танлашда умр йўлдоши бўладиган аёлнинг солиҳа бўлишига алоҳида эътибор қаратиши таъкидланган. Солиҳа аёл қандай бўлади, деган саволга Аллоҳ таолонинг каломида шундай дейилган: (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” (Нисо сураси, 34-оят).

Ислом динида оила мавзуси энг муҳим масалалар қаторига қўйилган. Динимиз таълимотининг асоси бўлмиш Қуръони каримда оила ва унга оид масалалар жуда кенг ва батафсил баён қилинган. Жумладан, кимлар билан никоҳланиш мумкин, кимларга мумкин эмаслигидан тортиб, оила қурилгач унга ким раҳбарлик қилиши, эр ва ҳотиннинг ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари, оилада дунёга келадиган фарзандлар тарбияси, оналарнинг ўз фарзандларини эмизишлари муддатидан тортиб, шу муддат давомида отанинг она ва бола таъминотига эътиборли бўлиши масаласи, ҳатто эр-хотин ўртасида чиқиши мумкин бўлган можароларни қай тарзда ҳал қилиш, уларни яраштириш учун ҳар икки томондан адолатли ҳакамларни жалб этиш, ота-она вафот этганда улардан қоладиган мероснинг фарзандлар орасида қандай тақсим қилиниши, борингки, агар эр хотин ажралишга мажбур бўлган ҳолда қай тарзда ажрим қилиш ҳолатигача Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида батафсил баён қилиб берган. Ўз навбатида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадисларида оила ва никоҳ масаласига қайта-қайта мурожаат қилганлар. Жумладан, ҳадисларининг бирида: “Сизларнинг энг яхшингиз ўз оила аҳлига яхши муомалада бўлганингиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Динимизда оила масаласига бунчалик аҳамият берилишининг боиси шундаки, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, оиланинг тинч ва осойишталиги жамиятнинг осойишталигини таъминлайди. Зотан, тинч-тотув оилада файз, барака бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда оила қурган кишилар агар фақир ва камбағал бўлсалар, уларни бой қилиб қўйишини ваъда қилган. “Нур” сурасида шундай марҳамат қилган: “Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (32-оят). Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тафсирул қуръанил азим” асарларида Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги сўзларини келтирадилар: “Оила ва никоҳ борасида Аллоҳ таоло сизларга буюрган ишларга амал қилсангизлар, Аллоҳ таоло ҳам сизларни бой қилиб қўйиши ҳақидаги ваъдасини бажаради”. Бойлик дегани, бу нисбий тушунча бўлиб, том маънода қаноат демакдир. Дарҳақиқат, оиланинг мустаҳкам бўлишлиги бир жиҳатдан эр-хотиннинг сабру қаноатли бўлишига ҳам боғлиқ. Борига қаноат қилмаган оилада кўраётган кунидан нолишлик, натижада эр-хотин орасида келишмовчилик пайдо бўлади. Айниқса, аёл киши эрининг топганига қаноат қилиб яшаши - эр танбаллик қилмасдан, ўзининг зиммасидаги оилани нафақа билан таъминлаш борасидаги мажбуриятини бажараётган бўлса – жуда ҳам муҳимдир. Қолаверса, эр-хотин ўзаро аҳил ва тинч яшайдиган оилада дунёга келган фарзандларга етарли даражада таълим-тарбия, ахлоқ-одоб бериш имкони бўлади. Бундай оилада тарбия топган фарзандлар жамиятда намунали бўлиб, унда ўз ўринларига эга бўладилар, ҳатто жамиятни ҳар сохада тараққий топишига хисса қўшадилар. Аксинча, оила нотинч, носоғлом бўлса ундан атрофдагилар ҳам тинчини йўқотади, бундай оилада дунёга келиб, вояга етадиган фарзандлар ҳам аксар ҳолларда ноқобил бўлиб вояга етиши натижасида, жамиятда турли хилдаги нотинчликлар, ҳатто жиноятлар ҳам кўпаяди. Демак, ҳар икки ҳолатда ҳам оиланинг жамиятга ижобий ёки салбий таъсири сезилади.

Минг афсуски, кейинги вақтларда оилаларнинг ажралиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида жамиятда нохуш ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Ажримлар туфайли қудачилик ришталари узилади, яқинлар ўзаро адоватли кишиларга айланадилар. Ўртадаги фарзандлар аросатда қолиб, аксарият ҳолларда моддий, маънавий ва руҳий жиҳатдан тўла-тўкис тарбия топиш имкониятини йўқотадилар. Ва ҳоказо, ажримларнинг салбий оқибатлари ҳозирги кунда барчага кундай равшан бўлиб қолди.

Шунинг учун ҳам ўзининг бугуни ва келажагини ўйлаган ҳар қандай жамият оила ва никоҳ масаласига жуда катта эътибор ва аҳамият билан қараган. Зеро, оилага, ёшларнинг никоҳига эътибор қаратган жамиятда доимо соғлом муҳит ҳукм суради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари                               

 Ҳ.Ишматбеков.

Read 2099 times

Мақолалар

Top