Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: “Эй вафосизлар, эй ёрдам этамиз, деб ёрдам этмаганлар!”

Бир куни Умму Гулсум отасига суиқасд уйиштирилгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитиб қолди. Отасининг ҳузурига келганида, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу вужудларига тарқалган заҳар таъсиридан ҳушсиз ётардилар. Қотил Абдураҳмон ибн Мулжам тутилиб, қўллари боғланган ҳолда олиб келинди. Умму Гулсум отасини чексиз даражада севар эди.

  • Отажан, отажон! Отамга ҳеч нарса қилмайди, эй Аллоҳнинг душмани, Аллоҳ сен разилни расво қилади, - деди у.

Ибн Мулжам:

  • Сен ким учун йиғлаяпсан? Бекорга йиғлама, валлоҳи, мен бу қилични минг дирҳамга олдим. Минг дирҳамга заҳарладим. Шу қадар заҳарладимки, агар бу қиличнинг зарбаси бутун Миср халқига урилганида ҳеч ким соғ қолмасди, — деди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу заҳар таъсиридан вафот этди. Умму Гулсум розийаллоҳонинг кўз ёшлари селдек оқди. Бу воқеадан сўнг мусибатларнинг кети узилмай, устма-уст кела бошлади. Бироқ Умму Гулсум розийаллоҳо бу аламларга жасорат ва матонат билан чидади.

Карбало тупроқларида амалга оширилган улкан фитна, даҳшатли қатлдан сўнг у бутун Куфа халқига қарата шундай хитоб қилди:

Аллоҳ таолага ҳамд ва Расулига салоту салом ила сўзимни бошлайман. Эй Куфа халқи!

Эй вафосизлар, эй ёрдам этамиз, деб ёрдам этмаганлар! Ортиқ кўзёшлар тинмайди, фарёдлар узилмайди. Сиз қасамларингизни бузиб, алдов воситаси қилишингиз билан ҳудди ўзи тўқиган нарсани пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб, бузиб-чуватиб ташлаган хотинга (Наҳл, 92) ўхшайсиз.          Сиз роса гулдираб, ёмғир ёғмаган булутга ўхшайсиз. Ҳусайнни чақириб, душманларга топширишдан бошқа нима иш қилдингиз? Сиз ишга ярамайдиган тупроқ кабисиз.

Канчалик ёмон иш қилдингиз?

Ҳа, йиғлаяпсизми! Валлоҳи, йиғланг, шу қадар кўп йиғлашга мажбурсиз... Кўп йиғланг, оз кулинг. Шунчалик чиркин иш қилдингизки, бир умр ювганингиз билан тозалай олмайсиз.

Сиз нубувват муҳри, рисолат маъдани, жаннатийлар саййиди ва сиз юрадиган йўлда зиё таратувчи Пайғамбар алайҳиссаломнинг наслини қатл эттингиз. Бу доғни кетказа олмайсиз, эй бахтсизлар!

Энди нима қилинса ҳам фойдаси йўқ. Аллоҳ таоло сизнинг балоингизни берди.

Сизга залиллик ва мискинлик тамғаси урилди. «Сиз шундай оғир нарсани килдингизки, унинг оғирлигидан осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб, қулаб кетишга яқин бўлур» (Марям, 89—90). Аллоҳ Расулининг қайси жигарпорасини қатл этганингизни биласизми? Унинг қайси каримасини ўлдирдингиз? Кимнинг қонини оқиздингиз?.. Биласизми?

Ёмонлиги еру кўкни қоплаган жуда чиркин бир иш килдингиз. Энди самодан ёмғир ўрнига қон ёғилишига ҳайрон бўлманг. «Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ – хор қилгувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас» (Фуссилат, 16).

Бу азоб кул ичида қолган чўғга ўхшайди. Асло енгил деб ўйламанг. Аллоҳ таоло барчамизнинг қилаётганларимизни Кўрувчидир”.

Умму Гулсум розияллоҳу анҳо шу гапларни айттач, у ердан кетди ва умрининг охиригача Алло таолога муҳаббат ва ибодат билан яшади. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.

         Аллоҳ таоло бу умматдан яна Умму Гулсум розияллоҳу анҳодек муслималар чиқишини насиб этсин!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Read 2085 times

Мақолалар

Top