Мақолалар

Урушган ака-укаларга эслатма

Динимизда ака-укалар, опа-сингиллар, қариндош уруғларнинг ўзаро борди-келдилари, самимий муносабатлари силаи раҳм дейилади. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида таъкидланган.

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 26-оятида шундай деб марҳамат қилган:

 وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً

Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма”.

Нисо сурасининг 1-оятида бундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُواْ رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَاء وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِي تَسَاءلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيباً

“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир”.

Бақара сурасининг 83-оятида шундай баён этган:

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لاَ تَعْبُدُونَ إِلاَّ اللّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسْناً وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلاَّ قَلِيلاً مِّنكُمْ وَأَنتُم مِّعْرِضُونَ

“Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз”.

Аллоҳ таоло булардан бошқа яна кўплаб оятларда биз бандаларини қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамлашга буюрган.

Кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам силаи раҳмнинг муҳимлиги, фазилати, натижалари баён этилган.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

         «Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: «Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар», дея марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

Силаи раҳм қилиш кишининг умри узун, ризқи баракали бўлишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин» (Бухорий ва Термизий ривояти).

Афсуски, кейинги пайтларда бир қориндан талашиб тушган ака-укалар, опа-сингиллар орасида уй-жой, мол-мулк талашиш оқибатида келишмовчилик, жанжал бўлиб, юз кўрмас бўлиб кетаётгани қулоққа чалинмоқда. Бу жуда хунук ва оғриқли ҳолатдир. Аввало, акасининг ёки укасининг мулкини тортиб олиб, ўзлаштириб олиш гуноҳ бўлса, уларнинг ўртасидаги алоқаларнинг узилиши, аҳилликка дарз етиши ҳам оғир гуноҳдир.

Силаи раҳмни узиш, қариндошлик алоқасини тўхтатиш ёмон оқибатларга сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда таъкидланган. Қолаверса, қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш ёмон ўлим топишдан қутулишга сабаб бўлади.

Али карромаллоҳу важҳаҳудан қилинган ривоятда эса: «Қариндошлар билан алоқани боғлаш ёмон ўлим топишдан сақлайди. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар!» (Имом Ҳоким ва Баззор ривояти).

Қариндошлик алоқасини узаётган ака-укалар ёмон ўлиб топиш, оғир гуноҳга ботиш ва охиратда ҳам аянчли ҳолатларга тушишдан огоҳ бўлсинлар!

Сўзимиз сўнггида жанжаллашаётган жигарларга ушбу ҳадиси шарифни эслатиб ўтамиз.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Иймоним бор деган ака-ука, опа-сингиллар ўзаро алоқаларни узмасинлар, борди-келдиларни йўлга қўйиб, ярашиб, бир-бирларини бағрига боссинлар ҳамда аҳил, иноқ, ибодатли қариндош бўлиб ҳаёт кечирсинлар!

Аллоҳ таоло барчамизни силаи раҳмни ўрнига қўйиб боришимизни насиб айласин ва бизни ёмон хотимадан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 5323 times

Мақолалар

Top