Мақолалар

Илм – саодат калити, илмсизлик – жаҳолатдир

Ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ерда илму фаннинг нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқдир. Илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради.

Илм — ақл нуридир. У инсонларни борлиқни ҳис этиш, воқеликни идрок этиш, маънавий ва моддий оламни англашга, тафаккурини шакллантиришга ундайди. Илм яшаш чироғидир. У инсонларга бахт келтиради, ёруғликка чорлайди, жаҳолатдан йироқлаштиради. Зиёли инсонлар жамиятнинг етакчилари ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», дея марҳамат қилганлар. Бешикдан то қабргача илм эгаллашга интилиш мўмин кишининг ҳаёт тарзи бўлиши керак. 

Билим тўғрисида халқимизнинг ҳам жуда кўп мақол ва иборалари мавжуд. Билим олишнинг эрта-кечи бўлмайди, дейди доно халқимиз. “Илм олиш игна билан қудуқ қазиш”, деб бекорга таъкидламайди. Илм чексиз олам, тубсиз қудуқдир. У чек-чегарасиз, уни тўлиқ эгаллашга умрлар етмайди, керагини ўқиш илм соҳибининг маҳоратига, тажрибасига, сабр-тоқатига ва албатта устозу муаллимлар кўрсатмаларига боғлиқдир.

Маърифатга эга бўлмай туриб мақтаниш бу жаҳолатдир. Шунинг учун донолар айтадики,  илм эгарланган отдир, билганга дўст, билмаганга душмандир.

Таъкидлаш керакки, тарихда ҳам илмсизлик оқибатида юзага келаётган барча муносабатлар низоларга айланиб, жамиятнинг тараққиётига раҳна солган. Илмли инсонлар яшайдиган, истиқомат қиладиган, фаолият юритадиган маконлар чароғон ҳисобланса, маърифатсизлар макони, уларнинг истиқомат манзили зимистондир. Улар илмли инсонларга ҳамиша хасад кўзи билан боқади, уларни орасига турли нифоқлар солиб, обрў ва манфаат топишга ҳаракат қилишади.

Илмли инсоннинг сўзи равон, аниқ ва тушунарли бўлади, илмсиз одамда ишончсизлик кучли бўлиб, нутқида мавҳумлик кўпроқ бўлади. Жоҳил кимса аниқ бир манфаатни кўзлаб илм йўлида юрса-да, манфаатга эришганидан сўнг шу илмга содиқликни йўқотади, илмнинг соф фазилатларини сохталаштириб, янги фойда сари одимлайди. Бундай инсонлардан барча йироқда юришни лозим деб билади. 

Таъкидлаш жоизки, оила қуриш учун ҳам илм ўрганиш лозим. Бинобарин, оилавий масалаларнинг ечими тажрибалар асосида битилган асарларда мужассамдир. Шунингдек, бу дунё саодатини топиш учун ҳам, охират саодатини топиш учун ҳам илм ўрганиш керак. Илм чегарасиз уммондир. Шуни ҳам таъкидлаш муҳимки, маърифатли бўламан, ўзи учун, оиласи учун, жамият тараққиёти учун илм ўрганаман деган инсон, аввало, яхши устозга бормоғи лозим. 

Динимизнинг бош манбаси Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомда эканлиги таъкидланган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб далиллар келган. Илмнинг ҳар бир соҳасида кашфиётлар қилинган, буюк уламолар етишиб чиққан. Шундай экан, илмга рағбатсизлик, ундан юз ўгириш жоҳиллик ҳисобланади.

Инсонлар туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиб, уни тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб юриши лозим, бу уларнинг икки дунё саодатга эришиш калитидир.

Қуръоннинг ояти карималарида илмнинг чегараси йўқ эканлиги, у инсонларни юқори даражаларга кўтариши, илмли, олим кишиларнинг шаъни нафақат жамият орасида, балки Яратганнинг наздида ҳам юксак бўлиши таъкидланган.

Илму  маърифат сабаб инсон мақсадларига етади. Билим эгаллашнинг айни палласи эса ёшликдир. Бинобарин, “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш мисолидир”.

Юртимизда билимли бўлиш учун барча шароитлар етарли.  Биз илм сирларини мукаммал ўрганиш йўлида жаҳон кезган, ҳаётини ирфонга бағишлаган буюк алломаларнинг авлоди эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Биз аждодларимиздан фахрланамиз, шунинг баробарида зиммамизга юклаган масъулият залворини ҳам ҳис этамиз. Қимматли вақтимизни бекорчи ишларга сарфламаслигимиз ҳамда биз учун яратилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда маърифатли бўлишга жидду жаҳд қилишимиз лозим.

Вақт билан ҳамнафас яшаш, бугуннинг янгиликларидан бохабар бўлиш замондан орқада қолмасликнинг муҳим шартидир. Шу жиҳатдан, бугунги кунда ёшларни дунёвий илмлар эгаси ва касб ҳунарли бўлишлари муҳим вазифалар сирасига киради.

Муборак ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи илмни ўрганган ва ўзгаларга ҳам ўргатган кишини – ўзига сувни сингдириб, сўнгра кўплаб ўт-ўланларни ўстирган ерга ўхшатганлар. Илмга эътибор бермаган кишини эса – мўл ёмғир ёғса-да, на сув тўпламайдиган, на экин ўстирмайдиган текисликка қиёслаганлар. Дарҳақиқат, илм ўрганувчи барчага керакли инсон бўлиб, ундан атрофдагиларга ҳамиша манфаат етади. Аммо, илмга қизиқмайдиган, беэътибор кишининг на ўзига ва на бошқаларга фойдаси бўлади. Бу ҳикматни бугунги кунимизга таққосласак, мазмун янада ойдинлашади. Айни пайтда, илм ва фан тезлик билан ривожланаётган асрда билимсизлик бу – тараққиётдан орқада қолиш ҳам демакдир. Шу боис замон билан ҳамнафас яшаш учун, билимлар оламидан четда қолиб кетмаслик учун, қолоқликка мубтало бўлмаслик учун ҳам илм эгаллашга жидду жаҳд қилиш зарурдир.

Илмсизлик жамият тараққиётининг кушандасидир, билимсизлик оқибатида оилалар бузилмоқда, ака-укалар бегоналашиб кетмоқда, қариндошчилик ришталари узилмоқда, дўстлар, қадрдонлар оқибатсиз бўлиб, йироқлашмоқда. Натижада эса ички хотиржамлик, оилалардаги халоват ҳам йўқолмоқда.

Илмсизлик натижасида ёки илмнинг соф манфаатини ўрнига ўзининг шахсий манфаатини олдинга қўйиш оқибатида жамиятда низолар юзага келмоқда, келишмовчиликлар вужудга келмоқда.

Маърифатнинг кишиларга фойдаси беҳисобдир. Илмли инсонда сабр – тоқат шаклланади, қизиққонлик қуйи даражада бўлади, қарор чиқаришга шошилмайди, қалбларни оғритишдан йироқлашади, хато иш қилса тўғрилашга шошади.

Ҳозирги кунда одамларда, айниқса, ёшларда устозларни ортидан қувиб, илм излаш сустлашиб, замонавий телефонларга муккасидан кетиш жадаллашиб кетган. Китобларни варақлаб, устозларга мурожаат этиш камайиши натижасида чаласаводлик юзага келмоқда. Чалавасодликнинг оқибати яхши эмаслиги ҳаммага маълум.

Устозлардан илм ўрганиш аҳамияти жуда катта, буни тарих исботлаган. Уламолар илм олиш одоблари ҳақида гапирар эканлар, бу борада муаллимга бўлган эҳтиром катта аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлайдилар. Талабанинг билим олаётган устозига бўлган эҳтироми боис ҳам унга илмнинг нури сингиб бораверади. Муборак динимизнинг манбаларида ҳам устозга ҳурмат кўрсатишга чақирилган, олимларнинг даражаси юқори мақомга қўйилган.

Юртимиз – илм-фаннинг ўчоғи, алломалар Ватанидир. Илму маърифатга бўлган иштиёқ азалдан халқимизнинг қонига сингиб кетган. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига  ўз ҳиссаларини қўшганлар. Тарихдан маълум, шеърият мулкида шоҳу султон Алишер Навоий, ҳадис оламида мусулмонлар амири бўлган Имом Бухорий, тиббиётда оламшумул кашфиётлар билан “Тиббиёт отаси” номини олган Абу Али ибн Сино, “тарихдаги энг улкан ақл эгаси” дея тан олинган Абу Райҳон Беруний каби бобокалонларимиз ҳар бир ўғил-қиз учун буюк намунадирлар.

Муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўллари илм олиш учун узоқ масофалар аҳамиятсизлигидан дарак беради. Имом Термизийдек даҳонинг қат-қат тўпламлари билим олишда арзимас нарсанинг ўзи йўқлигини кўрсатади. Ибн Сино сингари қомусий олимнинг асарлари эса илм сарҳадсиз уммон эканлигини, унда бетиним сузмоқ мумкинлигини ўргатади. Биз ва тенгдошларимиз ҳам бугун ана шу илмлар уммонида эканмиз, ундан керагича олиб, тараққиёт сари одимлаш ўз қўлимизда.     

Баъзан толиби илмлар устозга савол беришни ор деб ҳисоблайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Илм – хазинадир, унинг калити саволдир. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: Сўровчи, олим, яъни ўқимишли одам, эшитувчи ва уларни дўст тутувчи”. Шунинг билан бирга, талаба савол бериш жараёнида, саволнинг мазмунига, кераклилигига ҳам эътибор бериш муҳим. Бундан ташқари, илм олиш жараёнида интернет тармоқларидан ҳар доим эмас, фақат керакли ўринларда фойдаланиш мумкин. Ана шу жиҳатларга эътибор берилса, илм эгаллашга киришилган вақт зое кетмайди.

Инсон ҳаёти давомида сермазмун ва фаровон яшаб ўтиши эгаллаган билими билан боғлиқдир. Илмсиз, маърифатсиз киши эса ўз ҳаётини беҳуда ўтказади, шунингдек, ўзгаларни ҳам жоҳиллиги учун азиятга қўяди.

Эътибор берсак, дунёда содир бўлаётган кўплаб разолат, уруш ва низоларга билимсизлик, жоҳиллик сабаб бўлмоқда. Ўзларини билимдон сановчи айрим чаласавод кимсаларнинг ҳаракатлари аянчли оқибатлар келтириб чиқармоқда. Дин ниқоби остида ўзларининг пуч ғояларини ёшлар онгига зўр бериб сингдирмоқчи бўлаётган, муборак Ислом динига мутлақо ёт ғояларни тарғиб этаётган кучларнинг сохта чақириқларига ишониб қолмаслик учун ҳам илм керак. Чунки илмли киши ҳақ ва ботилнинг фарқига боради, ахборотлар оқимидан ўзи учун фойдалисини ола билади. Қолаверса, илмсизликка қарши курашади.

Бу борада айниқса, ислом динини ниқоб қилиб олган илмсизларни мисол қилиб келтириш мумкин, улар аслида маърифатли бўлмасаларда оят ва ҳадисларни ўзларига мослаштириб шарҳлаб оладилар. Аслида, оят ва ҳадисларни шарҳлаш учун илмда маълум даражага эга бўлиш муҳим саналади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан – Аллоҳнинг Китобида ўз раъйи билан гапирса, илмсиз фикр билдирса хато бўлиши ҳамда оғир гуноҳ эканлиги мазмунидаги ҳадислар келтирилган. Демак, кимдандир диний маълумот эшитганда аввало уни чуқур текшириб кўриш, устоз танлашда адашмаслик муҳимдир. Бу каби алдовлардан узоқ юриш учун эса билимга эга бўлиш лозим.

Илмсизлик, илм кашфиётининг асл мақсадидан тўғри фойдаланмаслик жаҳолатдир. Илмсизлик орқасидан оддий бир жумла нотўғри талқин қилиниб, умуман бошқа бир далиллар билан асослантирилиши оқибатида инсонларнинг умидсизлик даражаси ортиб кетмоқда, ҳаётнинг озгина машаққатларига дуч келинса сабрсизликка йўл қўйилмоқда, натижада, ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, чақалоқларни сотиш, аканинг укасидан ўғирлик қилиши, қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликлар, бунинг ортидан она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви, ҳаттоки, ўзининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Дунёга тафаккур назари билан қаранг, илм кашфиётларидан тўғри фойдаланмаслик, уларни нотўғри мақсадларда қўллаш натижасида турли кассаликлар вужудга келмоқда, қишлоқлар, шаҳарлар йўқ бўлиб, халқлар қирилиб кетмоқда, одамлар ногирон бўлиб, қолган умрини қийинчиликлар билан ўтказмоқда. Буларнинг барчасини маърифатсизликдан деб баҳолаш мумкин.    

Аслида, илм – бахтга етакловчи энг тўғри йўлдир. Юртимизда биз учун яратилаётган шарт-шароитларнинг қадрига етиб, келажакда шу эл корига ярайдиган, халқ манфаатларини ўйлайдиган баркамол инсон бўлиб етишишимиз энг асосий бурчимиз ҳисобланади. Маърифатли бўлиб, жаҳолатга қарши курашишимиз эртанги кунимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Муҳаммад ибн Аҳмад

ал Беруний ўрта маҳсус

ислом билим юрти мударриси:  Баратов Ғиёсиддин

Read 26282 times

Мақолалар

Top