Мақолалар

Маҳмуд Замахшарий: “Мурувват бир сифатки, Аллоҳнинг розилигига лойиқ. Саховат бир табиатки, у ҳақида қанча гапирилса, шунча муносиб”
Саховат ва кўмак. Бу бизнинг азалий қадриятларимиз. Бугун халқимиз карантин шароитида яшаётган бўлса-да, бир-бирига бўлган меҳрини шу мўътабар амаллар – саховат ва кўмак бериш билан билдирмоқда. Рости, биз бир-биримизни соғиндик. Ишимизни қўмсаяпмиз. Дўстлар билан дийдорлашгимиз келяпти. 
 
Кеча Қашқадарё вилоятида сўнгги бемор соғайди. Бу қувончли хабар қандай ёқимли эшитилади! Ёки самарқандлик аёл тадбиркор 200 ҳамшаҳрига моддий кўмак берибди... 
 
Аслида, бундай азалий ва бардавом эзгу-амаллар тарихда қандай ифода этилган экан? Бу ҳақда аждодларимиз ўз битикларида нималарни ёзиб қолдирган? 
 
Бу саволларга жавоб топиш учун биз 1075-1144 йилларда яшаб ўтган атоқли файласуф Маҳмуд Замахшарий битикларига мурожаат этамиз. 
 
Аллома “Нозик иборалар” асарида “Хайру эзгуликдан бошқа инсонга кўркамлик берадиган ҳеч бир нарса йўқдир”, “Хайр-саховат ва фазилат соҳибининг фарзанди ҳурмат ва шону шарафга сазовор ва муносибдир, чунончи дур (инжу) садафга қараганда юқори даражададир” деб таъкидлаган. Яъни, саховат кишининг ёлғиз ўзига эмас, фарзандлари ва авлодларига ҳам ҳурмат ва эътибор олиб келиши таъкидланмоқда. 
 
Маҳмуд Замахшарийнинг “Олтин шодалар” асарида “Мурувват бир сифатки, Аллоҳнинг розилигига лойиқ. Саховат бир табиатки, у ҳақида қанча гапирилса, шунча муносиб”, дея қайд этилади. Бу эса куни кеча Президентимизнинг саховат эгаларини алоҳида китобларда ва кўрсатувларда тараннум эттирамиз, деган сўзларига айнан ҳамоҳангдир. 
 
Аллома атоқли кишилар сўзлари ва пандномаларидан тузилган “Яхшилар баҳори” асарида саховат қилишнинг вақти билан боғлиқ ўта қимматли фикрни беради. Унда ёзилишича, “Қийин шароит ва вазиятда ёрдам қўлини чўзадиган инсон сахий инсондир, кундалик, одатдаги давом этиб турган турмушда ёрдам берувчи инсон бой инсондир”. Эътибор қилинг, бугунги долғали кунлардаги кўмак инсоннинг энг улуғ фазилатини кўрсатади. Оғир ва синовли кунларда халқимизга кўрсатилаётган барча хайрли амаллар сахийлик ва эзгуликдан далолат беради. 
 
Маҳмуд Замахшарий ушбу манбада яна бир ўгитни келтиради: “Сахийликдан кечманг, у обрў-эътибор, ҳурматнинг бошланишидир”. Бу билан инсон ҳурмат-эътиборни сахийлик ортидан топишига ишора қилади. 
 
“Яхшилар баҳори” асарида келтирилишича, Анушервондан барчага бирдек сахийлик қилиш деганда нимани тушунасиз, дея сўрашганда “Бу барчага яхши тилакларни билдириш ва уларга табассум қилиш” деб жавоб берган экан. Бугунги муайян қийинчиликларни бошимиздан кечираётган кезларда инсонларга нафақат моддий, балки руҳий кўмак бериш, яхши истаклар билдириш ва уларга табассумли бўлиш ҳам сахийликдан далолатдир. 
 
Мазкур асарда ҳазрат Алидан ривоят қилинади: “Ул киши (Али) яна айтдики, кам беришдан уялманг, шуни беришдан ҳам маҳрум эмассизку”. Бу ибрат биринчидан, эҳсон улашишда миқдорнинг аҳамияти йўқлиги, иккинчидан, оз бўлса-да, бериш имконияти борлигига шукр, қаноат қилишга чақиради. 
 
Алломанинг қимматли фикрларидан хулоса шуки, меҳр-мурувват, саховат сингари фазилатлар кишини юксакларга кўтаради, жамиятда обрў-эътиборини оширади. Қалби пок бўлган мурувватли ва саховатпеша инсонлар ўзга инсонлар дардини ҳам ўйлайди, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзади. Ўз навбатида, улардан яхшилик кўрган кишилар ҳам бошқаларга ёрдам улашишни, уларга ҳам саховат кўрсатишни истайди, Пировардида, жамиятдаги барча инсонлар ўртасида бир-бирларига бўлган меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланади. 
 
Азалий анъаналаримиз ҳақида яна бир муҳим таъкид: аллома Маҳмуд Замахшарийнинг гўзал пандлари, ибратли ўгитларига риоя этган ҳолда, хайрли ва савобли ишларни амалда кўрсатмоқлик учун ҳозирги синовли кунлар ҳамда қутлуғ Рамазон ойи энг қулай вақтдир. 
 
Лазиз ТЎРАЕВ, ЎзА
Read 2423 times

Мақолалар

Top