Мақолалар

Тошқинга қарши курашда ҳалок бўлган ўғлон шаҳиддир

Миллий гвардиянинг расмий телеграм каналида (MILLIY GVARDIYA UZ) хабар қилинган шу йил 1 май куни Сардоба омборидан сув тошиши туфайли аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш ишида мардларча ҳалок бўлган Миллий гвардия ходимининг оиласи, қариндош-уруғлари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси чуқур ҳамдардлик изҳор этади.
Азиз юртдошлар, ушбу нохуш ҳодиса оқибатида ҳаётдан кўз юмган жасур фарзандимиз жонажон халқимиз ва она-Ватанимиз учун катта хизмат қилган юрт ўғлони сифатида ҳар доим ёдимизда қолади. Бундай раҳматли йигитнинг ҳаққига дуо қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Элу юрт тинчлиги, халқимиз хавфсизлиги ва ўз хизмат бурчини бажариш йўлида ҳалок бўлган ушбу мард ўғлоннинг охирати обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Мана шундай жонбозлик кўрсатиш ишини адо этиш чоғида ҳалок бўлган инсоннинг Охиратдаги даражалари ҳам юксак бўлади, инша Аллоҳ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар бештадир: вабода ўлган, қорин касаллиги билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар.
Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, сувга ғарқ бўлиб ўлган йигит, шу ҳадисга мувофиқ бўлишига ва унинг мақоми ҳам шаҳид бўлишини чин юракдан умид қиламиз.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз шу куннинг ўзидаёқ воқеа жойига етиб бориб, тўғон ўпирилиши билан боғлиқ ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, жумладан, аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш, уларга бирламчи яшаш шароити яратиш, зарур озиқ-овқат ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш, тўғоннинг ўпирилган қисмини тиклаш-таъмирлаш борасида зарур кўрсатмалар бердилар.
Шундай экан, марҳум йигитнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз.
Парвардигоримиз ҳалок бўлган жасур ўғлонни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, аҳли байтига сабру жамил берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Read 2361 times

Мақолалар

Top