Мақолалар

Аллоҳга, одамларга ва жаннатга яқин кишилар...

Динимиз инсонларни сахий бўлишга чақиради. Чунки сахийлик Пайғамбарлар  ахлоқи, мўминнинг зийнатидир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломдаги қайси амал яхши, деганида У зот алайҳиссалом: “Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Сахий Аллоҳга яқин банда бўлиб, инсонлар хурматига сазовор бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Сахий киши Аллоҳга яқин, одамларга яқин ва жаннатга яқин бўлиб, дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқ, одамлардан узоқ, жаннатдан узоқ, дўзахга яқиндир. Саҳий жоҳил Аллоҳ таолога ибодат қилувчи бахил обиддан маҳбуброқдир, деганлар (Имом Термизий ривояти). 

Сахийликда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга юксак намуна бўлганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллҳ соллаллоҳу алайҳи васалломдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам “йўқ демаганлар”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Росулуллҳ соллаллоҳу алайҳи васаллом одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.  

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасос сураси, 77-оят).

Қадимдан ота-боболаримиз динимиз кўрсатмаларига амал қилиб қавми қариндош, маҳалладаги кам таминланган, боқувчисини йўқотган кишиларни қўллаб-қувватлаб моддий ва маънавий кўмак бериб келганлар. Бу анъана халқимиз орасида ҳозиргача давом этиб келмоқда.

Бу йил барчамиз учун синовли йил бўлди. Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин, юртимизда коронавирус падемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар самара берди. Айни пайтда касалланганлар сони кескин камайиб, соғайганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.

Айни оғир кунларда саҳоватпеша инсонлар Аллоҳдан савоб умидида эҳтиёжманд кишиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда. Хожатбарор юртдошларимизнинг бу иши комил иймон, Аллоҳ ва Унинг Росулига итоати, халқи учун фидоийлигидандир.

1 май куни Сирдаё  вилоятидаги “Сардоба” сув омборидаги сув тошқини сабабидан сирдарёликлар бошига катта машаққат  тушди. Бутун халқимиз ушбу қийинчиликни ўзиники билиб, уларга барча ёрдамни қилмоқдалар. Давлатимиз ва саҳоватпеша инсонларимиз мусибат тушган юртдошларимизга озиқ-овқат, кийим-кечаклар таъминламоқда. Ҳатто ўз уйларидан ҳам жой беришмоқда. Бу ҳақиқий инсонпарвар мусулмоннинг ишидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллом: “ Ким бир мусулмоннинг бу дунёдаги машаққатини кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатини кетказади. Ким мусулмоннинг айбини тўсса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айибини тўсади. Банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло у банданинг ёрдамида бўлади.”,-дедилар”.

Жобир ибн Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллом: “Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўладиган иш мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, қорнини тўйдириш ва машаққатини  енгиллатишдир, дедилар.

Айни Рамазон ойидаги нафл ибодат бошқа ойлардаги фарз ибодати савобига, ушбу ойда адо этилган фарз ибодати бошқа ойлардаги етмишта фарз ибодатининг савобига баробар экан. Шу маънода саҳоватпеша инсонлар улкан ажру савобга эга бўлмоқдалар, иншоаллоҳ.   

Аллоҳ таоло юртимизни турли балолардан тез кунларда аритсин, бизларни саховатпешалардан қилиб, икки дунё мукаррам қилгин!

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Read 2744 times

Мақолалар

Top