Мақолалар

Биламан...

Рисолатул мустаршидийн” номли асарларида Имом Муҳосибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

ولا يستح الذي لا يعلم ان يسال حتي يعلم  ولا يستح من يسال عما لا يعلم ان يقول لا اعلم

Билмайдиган киши билмаган нарсасини сўраб ўрганишдан ҳаё қилмасин, билмайдиган нарсаси ҳақида сўралган киши билмайман дейишдан ҳаё қилмасин”

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм уч хил бўлади: сўзлагувчи китоб, қоим бўлувчи суннат ва билмайман дейиш”. Дору Қутний “Ғароибул Молик”, Абу Довуд “Фароиз китобида ривоят қилдилар.

Муновий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар ҳақида тўхталиб қуйидагиларни айтадилар: “Олим кишидан билмайдиган нарсани сўралса билмайман деб айтишлиги ёки Аллоҳ билувчироқ дейишлиги лозим бўлади, сўралган кишининг билмайман деган сўзи айрим жоҳил кимсалар ўйлаганидек мартабасини тушириб юбормайди. Чунки саботли олим кишига айрим масалаларни билмаслиги зарар қилмайди аксинча билмайман деган сўзи мартабасини юксалтиради. Сўралган нарсани билмайман дейиши иймонининг қувватли эканлигига Роббисидан тақво қилишлигига, қалбининг поклигига далолат қилади. Билмайман дейишдан дин-диёнати заиф, маърифати оз киши жирканади, чунки у ҳозир бўлганларни кўз ўнгида мартабаси тушиб кетишлигидан қўрқади, оламларнинг Роббисини ҳузурида мартабаси тушишлигидан қўрқмайди. Бу эса жоҳилликнинг ўзгинасидир. Билмайман дейиш тўрт мазҳаб имомларимиздан, хулофои рошидийнлардан, ҳатто, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам нақл қилинади”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан бир киши бир масала сўради: “Менда бу ҳақда илм йўқ”, дедилар. Савол сўраган киши кетгандан сўнг: “Ибн Умар билмайдиган нарсаси ҳақида Ибн Умардан сўралганда менда бу ҳақда илм йўқ дейиши мунча ҳам яхши”, дедилар.

Ҳайсам ибн Жамил айтадилар: “Анас ибн Моликдан қирқ саккизта масала ҳақида сўралди шундан олтитасига жавоб бериб, ўттиз иккитасига  билмайман деб жавоб бердилар”.

Молик ибн Анас айтадилар: “Мен Ибн Ҳурмуздан шундай деганини эшитдим: “Олим киши ўзининг суҳбатдошларига ва шогирдларига қўлларида асл маълумот бўлмагунича билмайман дейишни мерос қолдириши лозим бўлади. Агар уларнинг бирларидан билмаган нарсаси ҳақида сўралса, билмайман десин”.

Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ ўнта масалада жавобини айтишликдан ўзларини тийиб, билмайман деганлар. бу эса имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг камоли илмларининг мукаммаллиги, Аллоҳ таолодан қўрқишликларининг  нишонаси эди.

Имом Абул Ҳасан Мовардий “Ал-адаб ад-дунё ва ад-дин” китобларида: “Илмни ҳаммасини қамраб олишни имкони бўлмаса, айримларини билмаслигинг нуқсонинг ҳисобланмайди. Шундай экан билмаган нарсанг ҳақида сўралганда билмайман дейишликдан ҳаё қилмагин”, дедилар.

Имом Ғаззолий “Иҳё улумиддийн” китобларида: “Ким билмаслигидан Аллоҳ таоло учун сукут қилса, билиб туриб сўзлаган кишининг ажридан кам ажр олмайди. Чунки, билмаслигини эътироф этиш нафсга оғир келади”, дея таълим берганлар.

Ибн Абдулбир “Жомиу баёнил илм ва фазлиҳи” номли китобларида баъзи илм аҳлидан ривоят қилиб айтадилар: “Билмайман дейишни ўрган, биламан дейишни ўрганмагин. Билмайман десанг, билгунингча сенга ўргатишади. Агар биламан десанг, билмайман дегунингча сендан сўрашади”.

Саҳобаи киромлар, буюк устоз ва уламоларинг юқорида келтирилган фикрларидан биргина хулосани олиш мумкин, илмимиз ва ақлимиз етмаган ҳар қандай масала ҳусусида билмайман дейишлик орқали ҳам улкан ажрларга эришишимиз мумкин экан. Агар бунинг акси бўлиб, ўзимиз масалани аслини тушунмасдан, китоб ва суннатга эргашмаган ҳолда сўзлаб қўйсак ўзимиз кутмаган ёмон оқибатларга дучор бўлишимиз муқаррар экан.

“Билмайман” дейишни билишлик ҳам, билимлиларнинг аломатларидан эканини унутманг!

Ишанов Исмоил

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

Read 2455 times

Мақолалар

Top