Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашёлари сақланадиган шаҳар...
Ўз даврида Усмонийлар салтанати султонлари борган жойларида Аллоҳ расулига оид ашёларни тўплаб келишни одат қилганлар. Шу боис ҳозир Туркиянинг кўплаб вилоятларида, айниқса, Истанбулда бу каби табаррук ашёлар ниҳоятда кўп.
 
Истанбулнинг “Ҳирқаи шариф” масжидида йилда бир марта ажойиб кўргазма бўлиб ўтади. Унинг очилишида, албатта, давлат арконлари, хусусан, Президент ёки бош вазир қатнашади.
 
Рамазон ойининг 30 куни давомида эрта саҳардан одамлар навбат олишга ошиқадилар, соатлаб навбатда туриб, уни кўриб кўзлари ёшга тўлади. Ўшанда кимларнинг хаёлидан нималар кечади, фақат Яратганнинг ўзига аён.
 
Бу ерда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Меърожга кийиб чиққан ҳирқалари намойишга қўйилади. У нимқоронғи хонадаги катта ойнаванд қути ичида сақланади. Зиёратчилар унга 30-40 сония назар ташлашгагина улгурадилар. Тўхтаб, дуои фотиҳа ўқишга эса фурсат йўқ.
 
Расули акрам (с.а.в.) — Вейсал Караний ҳазратлари билан замондош. У киши мусулмонликни қабул этади. У кўзлари сўқир онаси билан Яман тарафларда яшайди, волидасидан изн олиб, Мадинага — Пайғамбаримиз (с.а.в.) зиёратига боради ва уларни кўролмай дарҳол ортга, онаизорнинг ёнига шошилади. Ҳадисларда Муҳаммад (с.а.в.) ва Вейсал Каранийга “яхшилик ва эҳсонда ҳақиқатнинг хайрлисидирлар”, деб таъриф берилади.
 
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг вафотлари яқинлашгунча, атрофдагилар “Ҳирқаи шарифни кимга берайлик”, деб сўрашади. “Вейсал Каранийга”, деб жавоб берадилар.
 
Беш йилдан сўнг Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Али Яманнинг Куфа шаҳрига келиб, Нежд халқи орасидан Вейсални қидирадилар. Таниган-билганлар у ҳақда яхши фикр билдиришмайди. Хусусан, одамларга қўшилмайдиган, халқдан ажралиб, ўзича қандайдир юмушлар билан банд бўладиган, аҳоли билан овқат емайдиган, ўйин-кулгини билмайдиган, деган таърифларни эшитади.
 
Саҳобалар унинг хонадонини топиб борганларида Вейсал намоз ўқиётган экан. Салом-алик тугагач, ундан ўнг қўлини кўрсатишни сўрашади. Унинг қўлидаги Пайғамбаримиз (с.а.в.) баҳс этган белгини кўриб, унга ҳурмат кўрсатадилар ва Расули акромдан салом келтирганликларини айтадилар. Вейсал ҳам шу заҳоти уларга жавобан: “Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳирқаларини менга беринг, дуо қилай” дейди!
 
Вейсал Караний Сиффин урушида шаҳид бўлади, фарзанди бўлмагани учун ҳирқаи шариф укаси Шаҳобиддинга мерос бўлиб қолади. Шаҳобиддиннинг оиласи ва фарзандлари воситасида бу муқаддас либос аввал Эрон ва Ироқда бўлиб, охири Онадўлига етиб келади.
 
Султон Аҳмад I (1603-1617 йиллар) жануби-ғарбий Онадўлида сақланиб келинаётган ҳирқаи шарифни Истанбулга келтиртиради. 1611 йилда Вейсалнинг 57-авлодини топтириб, уни оиласи билан Истанбулга таклиф этади, меҳмондўстлик кўрсатиб, уй-жой билан таъминлайди.
 
Султон Абдулмажид (1774-1789 й.) бугунги “Ҳирқаи шариф” масжидини бунёд эттириб, муқаддас кийимни шу ерда халққа намойиш этишга фармон беради.
 
Салкам бир ярим минг йиллик бу табаррук ашё замонамизга зарра қадар шикаст етказмасдан келганининг ўзи ажойиб бир воқеликдир.
 
Юқорида айтиб ўтганимдек, подшоҳлар Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муқаддас ашёларини тўплашда жонбозлик кўрсатганлар. Хусусан, Ёвуз cултон Салим (1512-1520 й.) Мисрдан қайтишда Расули акромга тегишли эчки терисидан тикилган кенг енгли Ҳирқаи Саодатни, Санжаки шариф — қора рангли байроқни, Налеини Саодат — шиппакка ўхшаш оёқ кийимни, Қадаҳи Шариф — сув ичадиган пиёлани, Қадами шарифлар, қиличлар, ёй, Уҳуд жангида сингган тишлари ва бошқа бир қанча парчаларни олиб келади. Уларни саройга жойлаштириб, 40 нафар ҳофиз томонидан тинмай Қуръон ўқитиб туради. Бу тиловат анъанаси бугунги кунимизда ҳам давом этмоқда.
 
Отаси Ёвуз cултон Салим вафотидан кейин унинг ўғли Қонуний cултон Сулаймон (1520-1566 й.) тахтга ўтиради. У йиқилган масжиди Набавийнинг бир минорасини қайтадан тиклайди. Мадинани ташқи босқиндан сақлаш мақсадида шаҳар атрофини қалъалар билан ўраттиради. Катта-кичик сарой, уйлар, ҳаммомлар каби турли иншоотлар бунёд эттиради.
 
Қонуний cултон бир кун тушида Аллоҳ Расули (с.а.в.)ни кўради ва уларнинг ишоратлари билан Сулаймоний масжиди қурилишини бошлаттиради. Айни ўша пайтда масжид бош устаси меъмор Синон ҳам cултон билан бир хил туш кўради (!).
 
Каъба атрофидаги қуббали равоқлар cултон Салим II (1566-1574 й.) дан хотира бўлиб қолган. Мурод III даврида масжидларда Мавлуд кечалари ўқиш бошланган, шунингдек, бу тадбирларда подшоҳлар иштирок этишган ва минораларда қандил ёқилган.
 
Меҳмет III (1595-1603 й.) Пайғамбаримиз (с.а.в.) номини ҳар эшитганида ўрнидан туриб кетишга одатланган эди. У ҳам Эгри сафаридан қайтишда Ҳирқаи Саодат ва Сажаки шарифни Истанбулга олиб келади.
 
Султон Аҳмад I (1603-1617 й.) Қоҳирадаги cултон Каитбай мақбарасида сақланаётган Қадами шарифни пойтахтга келтиради, аввал уни Айюб масжидига, кейин эса cултон Аҳмад масжидига қўйдиради.
 
Каъбадаги масжидга еттинчи минорани қурдирган ҳам Фотиҳ cултондир, замзам суви қудуғига темирдан махсус мослама ўрнатган ҳам шу подшоҳдир. Каъбатуллоҳга бўлган буюк ҳурмати юзасидан уни олтин ёки кумуш ғиштлардан қайта қуришни мўлжаллайди. Аммо дин уламолари бунга изн бермайдилар.
 
Султон Маҳмуд II (1808-1839 й.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аёллари қабрлари устидаги қуббани янгидан қурдиради ва уни яшил рангга бўятади, бугун ҳаж зиёратига борганлар Қуббаи Ҳадра, деб зиёрат этадилар уни.
 
Султон Абдулмажид (1839-1861 й.)нинг Истанбулдан юборган меъмор, муҳандис ва усталари Масжиди Набавийни ўн уч йил давомида таъмирдан чиқарадилар. Бу ишлар учун Мадина яқинидаги тоғлардан келтирилган қизил тошлардан фойдаланилади.
 
Шунингдек, бу cултон Расули акрам (с.а.в.)нинг муборак бошлари ва оёқ учларига ҳар бири 48 килограммли соф олтиндан ясалган шамдонларни жўнатади. Бундан ташқари, cултон Абдулмажид Каъбанинг атрофини ёритиш учун уч мингдан ортиқ турли қандиллар қўллаган.
 
Абдулҳамид IIга(1876-1909 й.) Францияда ва кейин Англияда Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни ҳақоратловчи спектакль намойиш этиш режалаштирилгани тўғрисида хабар етиб келади. Мамлакат ичидаги ниҳоятда ўткир зиддиятга қарамай, дипломатик йўллар билан бу театр ижросини тўхтатишга муваффақ бўлади.
 
Бутун мусулмонлар бир-бирларининг тилларини яхши тушунишлари учун Мадинада Луғатлар таълими мадрасасини бунёд эттиради.
 
Муқаддас жойларга етишишни қулайлаштириш мақсадида Ҳижаз темир йўлини қурдиради. Бунинг учун cултон 1464 километрли Истанбул — Мадина шаҳарлари орасидаги темир йўл иншоотида асосан мусулмонлар кучидан фойдаланади. 1900 йилда бошланган лойиҳа Абдулҳамид II нинг тахтга ўтирганига 33 йил тўлиши муносабати билан 1908 йилнинг 1 сентябрида расмий очилади. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳудудларидан ўтган темир йўл 1919 йилга келиб, тарихий воқеалар туфайли бутунлай ҳаракатдан тўхтайди.
 
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг юртдошлари cултон Рашад (1909-1918 й.) даврида Пайғамбаримиз (с.а.в.)га тегишли Ҳирқаи Саодатни Қуниё шаҳрига кўчиришни илтимос қиладилар. Подшоҳ бунга розилик бермайди: “Бу муқаддас ашёлар Истанбулда тургунча бу ерга душман ҳамла қилолмайди”.
 
1916 йилда қаттиқ сел келиши оқибатида Каъбанинг устунлари анча зарар кўради. Султон Рашад уларни алмаштириш ёки таъмирлаш режасини тузиб турган бир пайтда Биринчи жаҳон уруши бошланади ва у амалга ошмай қолади.
 
Аброр Ғуломов, “Истанбул дафтари” китоби
Read 2521 times

Мақолалар

Top