Мақолалар

Сабримиз синаладиган кунлар

Бошига турли синовлар тушганда инсон ўзининг қай даражада ожиз эканини ҳис қилади. Руҳан ва маънан ўзлигига қайтади. Ҳаётнинг кўплаб ҳақиқатларини англаб етишда синовларнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси борлигини инкор қилиб бўлмайди.

Инсон ҳамиша ўзи орзу қилган, кутган, ўйлаб-режалаштирган ишлари амалаг ошишини истаб яшайди. Шу истаги амалга ошмаса, кутганидан бошқа нарсага дуч келса, ранжийди, кўнгли хуфтон бўлади. Бундай вазиятларда ўзини буткул йўқотиб қўядиган, саросимага тушиб қоладиган, мувозанатсиз қоладиганлар ҳам йўқ эмас.

Шундай ҳолатларни бошдан кечирган инсонлар бундан тажриба олиб, ўзи учун зарур хулосани чиқара олиши керак. Ҳаётда кўп нарса бизга боғлиқ эмаслигини, инсон борлиқдаги катта-катта ҳаракатлар олдида уммондаги хасдай бир мавжудот эканини ҳис қилишига синовлар ёрдамчи бўлади. Одамзотнинг тийнатидаги сабр-бардош, қаноат, ўзгалар дардини ҳис қилиш, бошқаларга ҳамдард бўлиш, йиқилганни суяш, муҳтожга кўмак қўлини чўзиш каби ўнлаб инсоний хусусиятлар айни мана шундай синовни кунларда шаклланади. Инсоннинг жисман, руҳан ва маънан чиниқиши учун эса, бундай кўникмалар жуда зарур.

Шу кунларда халқимиз бир неча синовларни бошидан кечиряпти. Бутун дунёга раҳна солган касаллик, табиий офатлар, тўғон тошқини каби синовларда инсон ўзининг қанчалик ва қай даражада инсоний сифатларга эга эканини англаб боради. Булар орқали чиқарилган хулосалар эртага қилинадиган ишлар учун пойдевор бўлолсагина бизга аталган синовлардан чинакамига омон чиққан бўламиз.

Қуръони каримда: «Сиз бир нарсани яхши деб ўйлайсиз, балки у сиз учун ёмондир? Сиз бир нарсани ёмон деб ўйлайсиз, балки у сиз учун яхшидир? Сиз билмайсиз, Аллоҳ билувчидир», дея марҳамат қилинади. Бунда инсон ўзига хуш келмаган ишда ҳам баъзан катта бир фойда борлигига ишора қилинади. Шакл-шамойилига қараб бирон ишни яхши ёки ёмон деб қатъий ҳукм чиқаришга ошиқмаслик зарурлиги уқтирилади. Ҳар қандай ишдан бир яхшилик умид қилинади. Ёмон хаёллар ва умидсизликка тушиб қолмасликка алоҳида эътибор қаратилади. Бошимизга тушган ҳар бир иш учун шукроналик билан, сабр қилиб, офият сўраб туриш бизнинг ҳақиқий бандалик вазифамиз экани бир он бўлса-да эсимиздан чиқмаслиги зарур.

Аслида тун билан кун, ой билан қуёш муттасил алмашиниб турганидек, яхши-ёмон кунлар ҳам ҳаммамизнинг ҳаётимизда қайсидир шаклда учраб туради. Дунёнинг равиши ана шу алмашинувга хосланган.

Шу кунларда Рамазони шариф бошимиз узра соя солиб турибди. Бундай фазилатли кунларда қилинган яхши ишларга бериладиган ажр-мукофотлар етти юз баробар ва ундан ҳам зиёда тарзда кўпайтириб берилади. Тилимизни турли ножўя гап-сўзлардан тийиб, қўлимиздан келганча яхши ишларга камарбаста бўлсак, тутаётган рўзаларимиз, қилаётган хайрли амалларимиз янада савоблироқ бўлади, иншааллоҳ. Барчага бирдай меҳр-мурувват кўрсатиш, уни ўзимиздан, ўз оила-аҳлимиздан бошлаш ҳам савоблидир. Бир-бировга қилинадиган солиҳ амалларимиз дунё халқлари бир ота-онанинг фарзандлари эканини ҳис қилиб яшашга восита бўлади.

Ҳеч бир синов ўз йўлимиздан адашишимизга сабаб бўлмаслигини Яратгандан тилаймиз.

Шуҳратжон ҒОЙИМОВ,

Тошкент шаҳридаги «Кулолқўрғон» жоме масжиди имом-хатиби   

Read 2610 times

Мақолалар

Top