Мақолалар

Фарзанд – оила қувончи, Ватан ва жамият таянчи

Фарзанднинг соғлом, илмли, имонли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки  давлатимизнинг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодга юксак эътибор ва беқиёс ғамхўрлик кўрсатилмоқда.  Азиз фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, ақлан баркамол ва ҳар томонлама салоҳиятли этиб вояга етказиш барчанинг бирдек улуғ мақсадидир.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли, баркамол бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан уларнинг оналарига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси онани танлашга алоҳида эътибор қаратилади. Келажакда дунёга келадиган фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан аввал қайғурилади. Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.

Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Одатда, оталар оилани боқиши ва моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўпинча уйдан ташқарида бўлиб, уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан асосан оналар шуғулланадилар. Шунинг учун фарзанд тарбияси фақат онанинг вазифасидек туюлиб қолган. Лекин аслида шариат кўрсатмасига кўра, фарзандлар тарбиясида ота-она бирдек масъулдир.

Балки ота бу борада онадан  ҳам масъулиятлироқ ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:

 Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди” (Термизий ривояти).

Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшаш бўлиши керак.

Маълумки, солиҳ фарзандлар ота-она назоратида оилада тарбияланиб, вояга етишади. Болалар тарбиясига улар ёш вақтларида бепарво бўлиш, ёмон хулқли кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Содда қилиб айтсак, бола қалби ҳар турли ёзув ёзиш мумкин бўлган бир оқ қоғозга ўхшайди. Унга мумкин қадар яхши ёзувлар ёзиш керак. Улар тарбиясига астойдил киришиш, яхши кишилар бўлиб етишишлари учун бутун имкониятларни ишга солиш зарур.

Шубҳасиз, ота-она, оила, маҳалла, мактаблар болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Уларни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбия асосларида вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала экани ҳар биримизга яхши маълумдир.

Муқаддас динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига эътибор бериш энг муҳим масалалардан саналади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.

Фарзандларимиз тарбиясига алоҳида аҳамият бериб, уларни покиза кийиниб, ҳалол луқма ейишга одатлантиришимиз, уларни турли зарарли оқимлар таъсиридан сақлашимиз, ёшларимизни уларнинг гирдобига тушиб қолишидан ҳимоялашимиз, ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини доимо ҳис қиладиган, ўйлайдиган қилиб тарбиялашимиз лозим. Айниқса, ота-оналар бир лаҳза бўлса ҳам ҳушёрликни йўқотмасликлари, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмасликлари керак.

Хусусан, юртимизда соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасида жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаяпти. Барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом улғайтириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси ётибди.

Шунинг учун ҳам барча ёшларимиз ҳамма орзулари ушаладиган, интилишлари қўллаб-қувватланадиган мамлакатда яшаётганидан бахтиёр бўлишлари керак. Чунки, ана шу ғамхўрлик ва эътибор натижасида жигарбандларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишади. Ҳозирда спорт, санъат, мусиқа, фан-техника соҳасида юртимиз довруғини жаҳонга ёяётган ёшлар сони кундан-кунга зиёда бўлиб бормоқда.

Азиз фарзандларимиз дунёвий билимлар билан  барча юксак маънавиятимиз, миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз асосларини ҳам пухта эгаллашлари керак. Халқимизда бир мақол бор: “Олим бўлиш осон, лекин одам бўлиш қийин”. Демак, илму фан ютуқларини қўлга киритиб боришлик билан бирга дилбандларимизни инсонпарвар, меҳру оқибатли ва ахлоқий баркамол этиб тарбиялашга интилиб боришимиз лозим ишлардандир.

Комил фарзанд тарбияси ўзида қуйидагиларни мужассамлаштиради:

Эътиқодий тарбия-имонли бўлишликни, ҳалол ва ҳаромни ажрата билишни ўргатиш.

Ахлоқий тарбия-чиройли одоб, камтарлик, ростгўйлик, меҳр-шавқатлилик, омонатдорлик каби гўзал ахлоқ ва фазилатларни шакиллантириш.

Жисмоний тарбия-тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланишни ўргатиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш, сигарета чекиш каби зарарли одатлардан қайтариш.

Ақлий тарбия-замонавий илмлар ва жамиятга фойдали касб-ҳунарларни ўргатиш.

Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади.

 

 

Абдулазиз Бобамирзаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти мудири

Read 4721 times

Мақолалар

Top