Мақолалар

Ялтираган ҳар бир нарса олтин эмас ёҳуд Имоми Аъзамнинг жавоби

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ одатдагидек талабаларга дарс берардилар. Бир киши талаба ва шогирдлари олдида у зотни уялтириш мақсадида саволлар билан мурожаат қилди:

“Бир одамни биламан, уни ҳамма мусулмон дейди, лекин сўзларида куфрнинг аломати учрайди. Мен унинг ҳукмини билмоқчи эдим”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Хўш, у нималар дейди”? деб сўрадилар.

У бундай дейди, деб унинг айтганларини бирин-кетин санай бошлади:

  • жаннатдан умид қилмайман,
  • Аллоҳдан ва дўзахдан қўрқмайман,
  • ҳеч иккиланмасдан ўлимтик гўштни истеъмол қиламан,
  • намозни руку ва саждасиз адо этаман,
  • ҳақиқатни ёмон кўраман, фитнани яхши кўраман,
  • кўрмай туриб, гувоҳлик бераман.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларига юзланиб, сизлар бу одам ҳақида қандай фикрдасиз? деб сўради.

Шогирдлари унинг бу сўзлари Худога шаккоклик қилишдир, деб жавоб бердилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларининг жавобидан қониқмай, ўзи ушбу сўзларнинг ҳикматини изоҳлашга киришди.

Бу одам ҳақиқий, иймони мустаҳкам мўминдир. Унинг жаннатдан умид қилмайман, дегани жаннатнинг яратувчиси Аллоҳдан умид қиламан деганидир.

Дўзаҳдан қўрқмайман, дегани унинг эгасидан қўрқаман деганидир.

Аллоҳдан қўрқмайман дегани – Аллоҳнинг ҳукми адолатсиз бўлмай, бандага ҳеч қандай зулм қилинмаслиги ва адолатли ҳукмдан умидвор бўлишини англатади.

Ўлимтик гўштни ейман, дегани балиқни ейман деганидир.

Руку ва саждасиз намозни адо этаман, деганда жаноза намозини назарда тутган.

Ҳақиқатни ёмон кўраман деганда ўлимни ёмон кўраман деган. Ўлим ҳақлигини билсак-да, уни ҳаммамиз ҳам яхши кўрмаймиз. Мўмин-мусулмон кўпроқ савобли амалларни қилиш мақсадида узоқ умр кўришни истайди.

Фитналарни яхши кўраман, дегани бойлик ҳамда бола-чақани яхши кўраман, деганидир. Чунки Қуръони каримда мол-дунё ҳамда фарзандлар фитна сифатида зикр этилган.

Кўрмай туриб гувоҳлик бераман, дегани Аллоҳ ва қиёматнинг ҳақ эканига гувоҳлик бераман деганидир.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг жавобларини тинглаган одам ўзига-ўзи мен шундай олимни ўзимга душман билиб юрибман-ми, нақадар ўткир зеҳнли ва фаросатли инсон экан дея Абу Ҳанифанинг қўлидан тутиб, кечирим сўради.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 2761 times

Мақолалар

Top