Мақолалар

Орзулар нега амалга ошмайди?

Биз мақсадларимизга ета олмаслигимизнинг бош сабаби – ниятимизнинг рўёбга чиқишига ўзимиз ишонмаймиз. Дунёда ҳамма нарса ишончимиз, эътиқод-иймонимизга кўра берилади. Шу боис, аввалига чин юракдан ишониш керак.

Орзуларимиз мустажоб бўлмаслигининг яна бир сабаби – онгдаги, фикримиздаги бесарамжонликдир. Аввалига бирон нарсани истаб, орзу қилиб, дуо ила Яратгандан сўраймиз. Аммо, орадан 5 дақиқа ўтмай, уни аксини ўйлай бошлаймиз. Бу билан эса қилган ниятимизни Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлишига тўсиқ бўламиз.

Қалбимиз турфа орзу-истакларга, ҳавасларга тўла. Эътибор беринг-а, ўша орзуларнинг аллақанчаси ўзаро зид, яъни, бири иккинчисини инкор этади. Миянгиз ҳам турли ғояларга ғиж-ғиж тўла. Бу яхши. Лекин ғоялар ҳозирча хом. Ҳар бир икир-чикиригача пухта ўйланмаган. Устувор йўналишлар аниқ белгилаб олинмаса, ҳаммасига баравар киришишга тўғри келади. Тўғри, роса тер тўкасиз, аммо кутилган натижа йўқ...

Ҳаётингизнинг барча жабҳаларида тартиб ўрнатиш учун, аввало фикрларингизда тартиб ўрнатинг. Тартибсизликда кўп вақт беҳуда йўқолади, кўп куч ва моддий имкониятлар сарф бўлади.

Доимо яхши ният қилаверинг!

Яхши орзу-ниятларни гапирганда, ўз миямизга келажагимизни яратадиган программа ёзиб қўяётгандек бўламиз. Шундай қилиб, онгимиздаги ҳаётимизни чигаллаштирган ва ёмонлаштирган эски ва ортиқча “программа”лардан халос бўламиз.

Келинг, энди тасаввур кучи ва эзгу истакларга бироз эрк берайлик.

  • Аввало, чиройли таҳорат олинг.
  • Сўнгра икки ракат намоз ўқинг ва Аллоҳ таолодан ҳожатларингизни сўраб дуо қилинг.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Кимнинг Аллоҳга ва Бани Одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано, Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтсин. Кейин: «Лаа илаҳа иллаллоҳул Ҳалимул Карийм, субҳааналлоҳи Роббил аршил азийм.Алҳамду лиллаҳи Роббил ъааламин. Ас-алука мужибаати роҳматик, ва азааими мағфиротик, вал ғониймата мин кулли бирр, вас-салаамата мин кулли исм. Лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳ, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳ, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳ, йаа арҳамар-роҳимийн!» десин». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилгишан.

Имом Ибн Ҳажар «Бу намозни шанба куни саҳар чоғи ўқиб, сўнг эҳтиёжига кушойиш сўраш мандубдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким шанба куни эрталаб эҳтиёжини сўраса, сўрагани ҳал бўлади. Унинг ҳожати раво бўлишига мен кафилман», деб марҳамат қилганлар», деган.

Позитив жумлалардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Мен ўз ҳаётимнинг эгасиман.
  • Менга керакли нарсаларнинг барчасини Аллоҳ менга берган.
  • Мен ўзимни қандай бўлсам, шундайлигимча севаман ва қабул қиламан.
  • Аллоҳ таоло мени алоҳида бир шахс, инсон қилиб яратган. Маҳзун бўлма! Сен кучлисан! (Кайфиятни янада кўтариш учун шундай хитоб қилсангиз ҳам бўлади).
  • Менда қанчалик кўп бўлса, мен бошқаларга ҳам шунчалик кўпроқ бера оламан.
  • Мен соғлом ва бахтлиман.
  • Мени қутқарувчи ва менга нусрат берувчи Роббим бор.
  • Менга ризқни Аллоҳ беради.
  • Яхши кун ҳам, ёмон кун ҳам Аллоҳдан!
  • Ҳозир нима бўлишидан қатъий назар барчаси ўткинчидир.

Сиз ўзингизнинг ички дунёингизга мос бўлган медитацияни ва ўз позитив жумлаларингизни ўйлаб топишингиз мумкин. Чунки, тасаввур (визуализация) жараёни – ижодий жараёндир.

Қуйидагиларни ёддан чиқарманг:

  1. Жумлалар албатта ижобий бўлиши керак. Сўзга эътибор беринг, сўзга! Масалан, мақсадингиз наҳорда туриш бўлса, “Мен энди эрталаб кўп ухламайман”, деб эмас, балки “Мен қуёш чиқиши билан наҳорда уйғонаман”, дейиш керак.
  2. Жумла қанчалик қисқа бўлса, у шунчалик самаралидир.
  3. Жумланинг табиий бўлишига интилинг. Баъзида яхши тузилган жумлалар ҳам ички қаршиликка учрайди, чунки, бу жумла Сизнинг одатий ҳаёт тарзингизга мос келмаяпти.
  4. Жумлаларни ишлатаётганда доимо қандайдир янгилик яратишга интилинг. Мавжуд нарсаларни тубдан ўзгартиришга ёки қайта ташкил этишга уринманг. Чунки, бу қарама-қаршилик ва курашни келтириб чиқаради.
  5. Жумлаларни ишлатаётганда уларнинг тўғрилигига тўлиқ ишонинг, ҳеч қандай шубҳа ва иккиланишлар бўлмасин. Агар жумлаларда Аллоҳ ёки пайғамбарларнинг номлари бўлса, улар жуда ҳам самарали бўладилар.

       Шундай қилиб, аввало ҲАММА НАРСАНИ ЎЗ ЎРНИГА ҚЎЙИНГ!

       Сўранг, Яратгандан астойдил сўрайверинг! Ёлвориб сўранг! Яратганга ёлвориш – банданинг саодати.

       Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  Ғофир сураси, 60-оятида шундай марҳамат қилади:

 “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди.

       Қўлингизни дуога очиб, бу дунёни унутиб, сўранг.

       Дуоларингиз албатта ижобат бўлади. Банда бир марта астойдил, хаёли чалғимасдан, кўнгилнинг туб-тубидан: «Ё, Аллоҳ!» деб нидо қилса, Аллоҳ чексиз кўп марта «Лаббай!» деб жавоб беради. Дуо қилиш – тимсолий фикрлашнинг олий шакли ҳисобланади. Дуода шарт қўйилмайди, шуни ёдда тутинг. Орзуингизнинг ижобат бўлиши эса фақат Яратганнинг ўзига боғлиқ. Бу ўринда бандаси ноилож. Шунинг учун ўзимиз муҳтож бўлган Зотни рози қилишга кўпроқ ҳаракат қилайлик!

      

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 5994 times

Мақолалар

Top