Мақолалар

Сулаймон алайҳиссалом ва чумоли қиссаси

وَحُشِرَ لِسُلَيْمَانَ جُنُودُهُ مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ وَالطَّيْرِ فَهُمْ يُوزَعُونَ

яъни:Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар(Намл сураси, 17-оят).

Ушбу оятда Сулаймон а.с.нинг ҳайбатли лашкари васф қилинмоқда. Яъни, жинлар, инсонлар ва қушлардан таркиб топган, бир-бири билан мутаносиб тарзда, қатъий интизом асосида тузилган лашкар. Сулаймоннинг лашкарида тартибсизлик бўлиши мумкин эмас. Сулаймон а.с. лашкаридаги ҳар бир кимсани, у инсонми, жинми ёки қушми ҳар бирини номма-ном таниши билан бирга, сафдаги ўрнини ҳам билади. Шунинг учун ҳам, озгина ҳаяллаган Ҳудҳуднинг ўз ўрнида йўқлигини Сулаймон а.с. тезда пайқади.

وَتَفَقَّدَ الطَّيْرَ فَقَالَ مَا لِيَ لَا أَرَى الْهُدْهُدَ أَمْ كَانَ مِنَ الْغَائِبِينَ

яъни:У қушларни кўздан кечириб: «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?!-деди” (Намл сураси, 20-оят).

Сулаймон а.с. лашкаридаги аскарларни доим назорат қилиб туради, ҳолидан хабардор, кўринмай қолса унинг сабабини сўрайди. Демак, Сулаймон а.с.нинг аскари зинҳор ўз ҳолига ташлаб қўйилган эмас.

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِ النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ

яъни:То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!» – деди(Намл сураси, 18-оят).

            Сулаймон а.с. ана шундай тартиб-интизомли лашкари билан чумолилар водийсидан ўтаётганида уларни кўрган чумолилардан бири ўз қавмига бўлган раҳм-шафқати ўлароқ, уларни эҳтимолий хатардан огоҳлантирмоқ мақсадида “Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз”, деди. Хатар шундан иборат эдики, “Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар”. Яъни, қасддан эмас, балки лашкарнинг тузилмаси, унинг юриш тартиби ўзига хос бўлгани туфайли, ҳамда одатда оёқ остида кўз илғаши қийин бўлган майда ҳашаротни сезмаслик натижасида эзиб кетиш эҳтимоли мавжуд.

         Чумолининг ўз қавмига ушбу услубда нидо қилиши, ўз навбатида чумолиларнинг унинг чақириғига итоат этишларини таъминлайди. Чунки, талофат кўриш аниқ эмас, балки эҳтимол кўпроқ бўлган ҳолда ўзини эҳтиёт қилиш тирик жонзотларнинг табиатида бор нарса. Аксинча, ҳалокат етиши аниқ бўлганда аксарият ҳолларда жонзотлар ўзини ҳимоя қилиш учун мудофага ўтади, натижада ожизлиги туфайли ҳалок бўлади.

         Қолаверса, чумоли Сулаймон а.с.ни маъзур тутиб, чумолиларни қасддан эзмаслигини эътироф этгани ҳолда, “ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар”, деди. Бордию, Сулаймон а.с.нинг лашкари чумолилардан бир қанчасини эзиб кетган тақдирда ҳам, чумоли буни қасддан эмас, балки сезмасдан қилди, деб Сулаймон а.с. ва унинг қўшинлари ҳақида яхши гумон қилиши бор. Зеро, чумоли Сулаймон а.с.ни билади, унинг адолатини, махлуқотларга нисбатан шафқатини тан олади, унинг гапини тушунишига ҳам ақли етади. Шунинг учун, Сулаймон а.с.га нисбатан одоб сақлаган ҳолда сўзлади.

فَتَبَسَّمَ ضَاحِكًا مِنْ قَوْلِهَا 

яъни: “(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди(Намл сураси, 19-оят).

         Чумолининг сўзини фаҳмлаган Сулаймон а.с. “кулиб, табассум қилди”. Сулаймон а.с. чумолининг ўз қавмига нисбатан меҳр-шафқатли эканини кўриб, У ва унинг лашкаридан гўё узр сўраган ҳолда, одоб сақлаб айтган гапидан таажжубланиб, беихтиёр табассум қилди.

         Сулаймон а.с. ушбу ҳолатдан таъсирланиб, Аллоҳ таоло томонидан унга ато этилган неъматларга яна бир карра шукр қилди. Шунча имконият, қувват, илм, фаҳм, мулк, пайғамбарлик барча-барчаси учун Аллоҳ таолога шукрона қилди.

وَقَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ

яъни: “Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл сураси, 19-оят).

Сулаймон а.с. унга берилган барча неъматларни фақат яхшилик йўлида ишлатишга эришиш билан унинг шукри адо бўлишини билади. Шунинг учун мазкур дуони қилмоқда. Бу дуо Аллоҳ таолонинг берган беҳисоб неъматларига шукр қилишни ҳохлаган ҳар бир солиҳ банданинг дуосидир.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. айтадилар: “Ўтган пайғамбарлардан бирини битта чумоли чақиб олди. Шунда у чумолиларнинг уйига ўт қўйишга буюрди ва барча чумолилар ўтда куйиб ўлди. Шунда Аллоҳ таоло у пайғамбарга: битта чумоли чаққани учун тасбиҳ айтиб турган бутун бир чумолилар умматини ҳалок қилдингми?! Ўша сени чаққан битта чумолини ўлдирсанг кифоя эдику, деб танбеҳ берди”.

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида айтадилар: Ўша пайғамбарнинг шариатида чумолини ўлдириш ҳамда ўт билан куйдириш жоиз бўлган. Чунки, Аллоҳ таоло унга чумолини ўлдиргани учун ёки ўт билан куйдиргани учун эмас, балки битта чумолини ўрнига кўп чумолиларни ўлдиргани учун танбеҳ берди.

Бизнинг шариатимизда эса, чумолиларни ўлдириш ва ҳайвонларни ўт билан куйдириш жоиз эмас. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбар с.а.в. тўртта жонзотни ўлдиришдан қайтардилар: чумоли, асалари, ҳудҳуд ва сард (қушнинг номи). Албатта, бошқа ҳадисларда булардан бошқа ўлдириш мумкин бўлмаган ҳайвонот ва қушларнинг исми зикр қилинган. Шуни таъкидлаш лозимки, агар мазкур ҳайвонот ва қушлар инсонга зарар ёки озор берса, унинг озоридан сақланиш мақсадидагина ўлдириш мумкин бўлади. Жумладан, чумолини ҳам.

Чумоли ақлли, кучли ва ҳид билиш қобилити юқори бўлган ҳашаротдир. У донни инига олиб келгач, униб кетмаслиги учун икки бўлакга бўлиб қўяди. Тўплаган озуқасининг ярмини ейди ва қолган ярмини захира учун сақлаб қўяди. Демак, чумоли яхшигина иқтисодчи ҳам экан.

Сулаймон а.с.нинг қиссасидан чумолининг ўз қабиладошларига нисбатан нақадар куюнчак ва шафқатли эканлигини ҳам билиб олдик.

Кичкинагина чумоли ковагидан чиқиб, озуқа илинжида узоқ масофаларни босиб ўтади. Озуқа топгач йўлнинг паст-баланд, қийшиқ-қинғирлигидан қатъий назар уйига тортқилаб олиб келади. Озуқани ўша онда емай, балки келажак кунлари учун захира қилади. Агар уясига ёмғир ёғиб озуқаси нам тортса, уларни ташқарига олиб чиқиб қуритади. Чунки, нам ҳолатида қолса, озуқа чириб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келади.

Чумоли олиб келган озуқасини фақат ўзи емайди. Яъни, чумолилар жамоат бўлиб озиқланишади. Уларда ҳамма меҳнат қилади ва ҳамма бирга овқатланади.

Чумолиларда ёлғончилик йўқ. Ёлғончини ёмон кўради. Ибнул Қаййум р.а. “Шифоул алил” китобида ҳикоя қиладилар: Мен ишонган одамлардан бири менга айтиб берган эди: Бир чумоли инидан чиқиб кетаётиб йўлда чигиртканинг бир бўлагини топиб олди. Тортқилаб олиб кетишга кучи етмагач, ортига қайтиб, ўзи билан бир нечта ёрдамчиларни бошлаб келди. Улар етиб келгунча мен чигиртгани олиб қўйдим. Келган чумолилар ўша ерда айланишиб, озуқани топиша олмагач, уни ўзини ёлғиз қолдириб қайтиб кетдилар. Кейин чигирткани жойи қўйдим. Чумоли яна тортқилашга уринди ва яна кучи етмай ёрдамчиларни чақирди. Етиб келгунларича яна чигирткани олиб қўйдим. Келганлар озуқани топа олишмай қайтиб кетдилар. Бу ҳолат бир неча бор такрорлангач, сўнги мартада келган чумолилар уларни чақирган чумолини ўртага олиб, ҳар томондан тишлаб, парчалаб ташладилар.

Ибнул Қаййум р.а. айтадилар, мен ушбу ҳикояни шайхим Ибн Таймия р.а.га айтиб берганимда: Аллоҳ таоло чумолиларни ёлғонни ёмон кўрадиган, ёлғончини жазолайдиган фитратда яратган, дедилар. (Шифаул алил китобидан).        

Чумоли озуқани тақсимлашни ўрнига қўяди. Битта чумолини уч дона буғдой дони билан бирга бир идишга солиб, усти ёпиб қўйилди. Шунда чумоли ана шу уч дона буғдой ҳисобига узоқ муддат тирик қолган.

Ибнул Қаййум р.а. айтадилар: Бир гал темирчи ўтта қизиган темир ҳалқани совитиш учун ерга улоқтирди. Темир ҳалқа тасодифан чумоли турган жойга келиб тушди. Яъни, чумоли қизиб турган темир ҳалқанинг орасида қолди. Иссиғдан қочиш учун ҳар тарафга чопмасин чиқа олмади. То ҳалқа совигунча унинг марказида қимирламай турди. Шу тариқа у ўзини темирнинг иссиғидан сақлади (Шифаул алил китобидан).

Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймиз, бизларни Ўзи яратган махлуқотлари устида тафаккур қилиб, буларни беҳуда яратмаганини эътироф этадиган, мудом зикр қиладиган бандаларидан қилсин.

 إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآَيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ  الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

яъни: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!” (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлар).

Омин, ё Роббал аламин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон домла Ишматбеков

Read 7793 times

Мақолалар

Top