Мақолалар

Ибодатнинг мағзи нима?

Дуода асл мақсад банданинг ҳолини Раббисига арз қилиши бўлгани боис бу иш Аллоҳ ва бандаси орасидаги муносабат, алоқадир. Бунда банда Яратувчиси, Ризқлантирувчисига ҳолини баён қилиб, ожиз ва хатокор эканини эътироф этади. Аллоҳдан мағфират сўраш баробарида ёрдам ҳам истайди. Бу ҳол банданинг Аллоҳга боғланиши, ундан ҳожатларини сўрашидир. Зеро, ҳар жабҳада Аллоҳ таолога муҳтож, ожиз ва нотавон бўлган қулнинг вазифаси ҳам Раббига дуо қилишдир. Ичдан, самимий қилинган дуони эса Аллоҳ қабул қилиши умид қилинади.

«Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир сураси, 60-оят).

“… Агар дуоларингиз бўлмаганида, Парвардигорим сизларга парво қилмас эди” (Фурқон сураси, 77-оят).

Дуо ибодатларнинг мағзидир. Ҳаётни қамраган ибодат саналмиш дуонинг асосий васфи тавозедир. Кибрдан халос бўлган инсонгина дуо қилишга йўналади. Аллоҳга тақдим этилганда амал қиладиган сармоядир дуо. Чунки Яратганнинг наздида на мол-мулк, на башарий нарсаларнинг аҳамияти йўқ. Дуо бизни Аллоҳ ҳузурида қадрли қиладиган воситадир.

Дуо – яратилишимиз замири бўлган ибодатнинг муҳим унсурларидан. “Жин ва инсонларни ёлғиз менга ибодат қилишлари учун яратдим”, дея мавжудлигимиз ғоясини баён қилган Раббимиз соғлом ақл эгалари учун энг тўғри нишонни, манзилни кўрсатиб қўйгандир.

Дуо фақатгина эҳтиёжларни баён қилиш эмас, балки инсоннинг маънавий сезгилари, илоҳий неъматлар мўъжизаларидан ҳайратланиб, кўрган, ҳис қилган нарсаларини эътироф этиши, тилга олиши ҳамдир.

Дуо банданинг ўз ожизлигини идрок этиб, Яратувчига сиғинишидир. Фақат қийин вазият ё машаққатга дуч келганда эмас, умри мобайнида иртиботини узмаслигидир. Яъни, дуо Аллоҳни доимий зикр қилишдир. Аллоҳдан бир лаҳза ҳам ғофил қолмасликдир.

Дуо икки сўз билан тугал бўладиган, сўзнинг қолипига сиғадиган кичик ва аҳамиятсиз нарса эмас. Дуо бизнинг ҳаётимиз орқали яшаши лозим. Дуо бўлмаса, Аллоҳнинг ризоси ва жаннатига қандай эришамиз?!

Аллоҳим! Дунё ва охиратда Сендан афв, офият тилаймиз. Динимиз, дунёмиз, оиламиз, жонимиз, молимизга хайр сўраймиз. Хатоларимизни кечириб, олдимиздан, ортимиздан, ўнгимиздан, сўлимиздан, устимиздан Ўзинг ҳимоячи бўл! Аллоҳим! Сендан фойдали илм, ҳалол ризқ ва мақбул амал сўраймиз. Дуоларимизни қабул айла. Омин.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ 

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 8-сони

Read 2700 times

Мақолалар

Top