Мақолалар

Ғафлатда қолмайлик!

Бир балиқчи доимо қуёш нур таратиш палласида оиласининг ризқини излаб уйидан чиқар экан. Кунларнинг бирида балиқчи олиб келган балиқнинг ичидан марварид чиқибди. Аёли: “Войдод дадаси, балиқнинг қорнидан марварид чиқди қаранг!” дея, бақириб юборибди.

Эри: Нима дединг онаси? деб, ишонмай қайта сўрабди.

Хотини: Балиқнинг қорнидан марварид чиқди.

Эри: Ундай бўлса тез олиб кел, уни сотиб, балиқдан бошқа таомлар сотиб оламиз.

Балиқчи марваридни олиб, маржон сотувчисининг олдига борибди. Тожир марваридни кўриб даҳшатга тушибди-да, “бу марваридни сотиб ололмайман, чунки бунинг қиймати жуда баланд, дўконимни ва уйимни сотганимда ҳам барибир пулим етмайди. Сенга маслаҳатим шаҳардаги энг бой марварид сотувчининг олдига бор, балки у сотиб олишга қодирдир”, дебди.

Балиқчи шаҳардаги бой тижоратчининг олдига борибди ва бўлган воқеани айтиб, унга марваридни кўрсатибди. Тожир марваридни кўриб, “ажабо, мен бу марваридни сотиб олишга қодир эмасман, сенга маслаҳатим шаҳар ҳокимига бор, у бундай қимматбаҳо марваридни сотиб олишга қодир”, дебди.

Балиқчи айтилганидек ҳокимга марваридни кўрсатибди. Ҳоким: “Во ажаб! Мен айнан мана шундай марваридни излаб юрган эдим лекин, бунинг нархи қанча эканини билмайман. Бироқ, менинг хазинамга кириб, олти соат қолишинг ва ундаги нарсалардан истаганингча олишинг мумкин. Ана шу марваридингни ҳаққи бўлади”, дебди.

Балиқчи ҳокимга қараб: “Ҳоким жаноблари менга ўхшаган мискин бир балиқчига олти соат кўплик қилади. Имкон бўлса икки соатга рухсат беринг”, дебди.

Ҳоким: “Йўқ тўлиқ олти соатга рухсат бераман. Сен бу вақтда истаган нарсани олишинг мумкин”, дебди.

Балиқчи ҳокимнинг хазинасига кирибди. У ерда ажойиб бир манзарага кўзи тушибди. Учга бўлинган катта бир хона. Биринчиси, марварид, тилла ва маржонлар билан тўлиб тошган. Иккинчисида, юмшоққина тўшак, агар унга бир марта қараса роҳатдан ухлаб қоласан киши. Учинчисида эса, кишининг иштаҳасини очадиган таому шароблар билан тўлиб тошган экан.

Балиқчи ўзига-ўзи: “Мендек бир балиқчига бу ерда олти соат қолиш кўплик қилади. Бу ерда олти соат нима қиламан. Майлин, аввало қорним оч, таомланишдан бошлайман, чунки бу ердан тиллаларни олиб кетишим учун куч йиғиб олишим керак”, деб таомланишни бошлабди. Ейверибди, ейверибди ҳатто икки соат ўтиб кетибди. Сўнг биринчи қисмига тиллалардан олиш учун ўтаётиб, иккинчи қисмидаги юмшоқ тўшакка кўзи тушиб, “қорним тўйди, эни бироз дам олиб олсам, шу билан куч йиғаманда сўнг кўпроқ тиллалардан олиб кетаман. Ахир бу такрорланмас фурсатку, бундай имкониятни қайси аҳмоқ қўлдан бой беради”, дебди.

Шундай қилиб, юмшоқ тўшакка ётиб, чуқур уйқуга кетибди.

Бир муддат ўтгач: Эй аҳмоқ балиқчи тур ўрнингдан вақтинг тугади, деган овозни эшитилибди.

Балиқчи: Кўзини очиб нима дединг?! деб сўрабди.

Вақтинг тугади. Ташқарига чиқ дейишибди.

Балиқчи баланд овозда йиғлаб: Илтимос, мен бу фурсат ичида ҳеч нарса олмадим, дебди.

Ҳоким: Хазинамда олти соат қолдинг-ку, сенда бу вақтда жуда кўп жавоҳирларни олиб чиқиб, уни сотиб, озиқ-овқат, юмшоқ тўшакларни сотиб олиш имконияти бор эди. Лекин сен ахмоқ ва ғофил экансан. Фикр қилмадинг, фақатгина қорнингни ўйладинг”, дебдида, уни ташқарига олиб чиқиб ташлашни буюрибди.

Балиқчи эса: “Йўқ, йўқ. Илтимос қиламан имконият беринг” деса-да, унга қайта имконият берилмабди.

Дарҳақиқат, ҳикоядаги марварид бу: руҳингиз. Унинг қиймати йўқ. Бироқ, биз бу бойликнинг қадрини билмаймиз!

Хазина эса: дунёдир. Унинг буюклиги ва бизни машғул қилиб қўйишига қаранг!

Марваридлар эса: солиҳ амаллардир.

Юмшоқ тўшак эса: ғофилликдир.

Таом ва ичимликлар эса: кўнгил истайдиган барча нарсалардир.

Эй биродарим! Уйғон, юмшоқ кўрпани тарк қил ва сен учун имконият ўлароқ берилган ҳаётлик чоғингда, дунёдан чиқиб кетмасингдан олдин, олдингдаги бор жавҳарларни (солиҳ амалларни) тўплаб ол!

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Яҳё УБАЙДУЛЛОҲ ўғли

таржимаси

Read 2649 times

Мақолалар

Top