Мақолалар

Мўминнинг тили юрагида

Тилга эрк бериш мўминларга хос одат эмас. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминнинг тили қалбидадир. Агар бирор нарсани гапиришни хоҳласа, қалби билан ўйлайди, сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили эса, қалбидан ташқарида, шу сабабдан ҳаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди”.

Муқаддас динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, банданинг қалби тўғри бўлмагунича, иймони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунича, қалби тўғри бўлмайди.

Агар ким тилини тийса, Аллоҳ унинг аврати(уят жойлари)ни тўсади. Ким ғазабини босса, Аллоҳ уни дўзах азобидан сақлайди. Чунки энг кучли одам ҳар қандай ҳолатда ҳам ғазабини босиб, сўндира олган кишидир. Шунингдек, тилини ғийбат, ёлғон, чақимчилик ва бошқа номақбул сўзлардан  асрай олган киши энг бахтли инсондир. Ана шундагина киши ўзига ҳам ўзгаларга ҳам манфаат етказади. Беҳуда сўзлар ўрнига Аллоҳ таолони зикр қилиб, ёд этса яхшиликларни қўлга киритади. Ҳикматларда шундай дейилади: “Беҳуда гаплар керак бўлмаган нарсани билишдан ёки бекорчиликдан келиб чиқади, албатта, кимнинг сўзи кўпайса, унинг хатоси кўпаяди”.

Кишиларнинг энг яхшиси жамиятга ва бошқа инсонларга фойдали бўлганидир, худди шунингдек, инсонларга ва жамиятга зарарли бўлгани эса энг тубан кимсадир, тилининг хатоларидан хулоса чиқармаган кишининг боши балодан чиқмайди. Киши хушмуомалали, ширинсўз, камтарона, ҳусни-хулқли бўлса, ҳамма ҳавас қиладиган комил инсон бўлади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 2267 times

Мақолалар

Top