Ибратли ҳикоялар

Бахилликда бахт йўқ

Қашшоқликда кун кечирган, кийишга пойабзали ҳам бўлмаган одам фақирликдан нажот сўраб туну кун дуо қилар, давлатманд бўлишни хоҳларди. “Бойиб кетсам, ҳаммага ёрдам бераман, ҳеч ким оёқ кийимисиз қолмайди”, деб ўзига сўз берарди. Вақтлар ўтиб у жуда бойиб кетди-ю, ўзига берган ваъдаларини унутди. Кундан-кун нафси бойликка ҳакалак отиб борди. Сарф-харажатдан қочиб уйланмади ҳам.

У қирқ ёшга тўлганда хизматкорлари ҳамроҳлигида шаҳар айланишга чиқди. Йўлда кекса, оёқяланг бир кишини учратди. Отидан тушиб унинг олдига келди ва сўради:

– Нега бундай юрибсиз, отахон?

– Пойабзал олишга пулим йўқ, ўғлим, – деб жавоб берди қария. – Аҳволимга раҳми келганлар бурда нон, луқма таом беришади. Менга кунда бир маҳал овқат етади. Биттагина оёқ кийим ҳам бўлсайди, кунимни шукр билан ўтказардим.

– Сиз шукр қиладиган аҳволдамисиз? – ҳайратланди бой.

–  Ўғлим, сен бой одамга ўхшайсан? – ўз навбатида сўради қария ҳам.

– Ҳа, ҳалол ишлаб бойидим. Нима, давлатманд бўлиш айбми?

– Нега айб бўлсин? – деди отахон ва ундан ўзига бир пойабзал олиб беришини илтимос қилди.

– Аллоҳдан сўранг, – тўнғиллади бой отига минаркан. – Мен тиланчиларни ёқтирмайман. Ҳаммага ёрдам бераверганимда, бунчалик бойимасдим.

Унинг ортидан қараб қолган қария хитоб қилди: “Бойлар ҳам ялангоёқ юриши мумкин, буни унутма!”

Орадан ойлар ўтди, қаҳрамонимиз мамлакатдаги энг бой одамга айланди. Аммо ўша отахоннинг гапини ҳеч унутолмади. Оёқяланг юрмаслик учун кўшкининг ҳар тарафини оёқ кийимларига тўлдириб ташлади. Ҳар ер-ҳар ерга пойабзал тўлдирилган сандиқлар қўйдирди. Бу ишдан кўнгли жойига тушди, чунки ҳамма нарсасини йўқотган тақдирда ҳам, умрининг охиригача кийишга етадиган пойабзаллари борлигидан хурсанд эди.

Кутилмаганда у ғалати касалликка чалиниб, оёқ тирноқлари кундан-кунга ўса бошлади, лекин уларни ҳеч нарса билан олиб бўлмасди. Ҳар сафар олдингисидан каттароқ пойабзал ясаттирарди. Тинмай ўсаётган тирноқлари билан уларни кийишга қийнала бошлади ва ялангоёқ юришга мажбур бўлди. Шундай қилса, тирноқлари қисқараётганини сезди. Шаҳар кўчаларини кезар экан, яна ўша отахонга дуч келди. Бойдан: “Менга оёқ кийим олиб берасанми?” деб сўради қария.

– Албатта, истасангиз, юз жуфт олиб бераман.

– Ўғлим, менга бир жуфти етади. Оёқяланг юриш осонмас, буни пойабзали борлар тушунмайди.

– Шаҳарда машҳур косиб бор, – деди бой, – қандай оёқ кийим кераклигини унга айтинг, ҳақини мен тўлайман.

– Мени хурсанд қилдинг, сени Аллоҳ хурсанд қилсин! – чин дилдан дуо қилди отахон.

Ўша кундан сўнг бой ҳаётини фақат яхшилик ва эҳсон билан ўтказа бошлади. Бир муддатдан кейин касали ҳам тузалди ва у яна пойабзал кийиб юрадиган бўлди. 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3827 times

Мақолалар

Top