Мақолалар

Қурбонлик қилишдан нима мақсад?

Аллоҳ таоло розилигини истаб қурбонлик қилиш, аслий эҳтиёжидан бошқа моли кумуш нисобига етган мусулмонларга вожибдир. Ана шундай миқдор моли бўлиб қурбонлик қилмаган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2).

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж, 37).

Банда Аллоҳга қанча ибодат қилса ҳам оз. Чунки биргина ҳидоят неъматининг шукрини қанча ибодат қилса ҳам адо этолмайди. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима, тур, қурбонлигингга гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси (томчиси) томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади”, дедилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтади: «“Ё Аллоҳнинг расули, бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми ёки барча мусулмонлар учунми?” деб сўрадилар. У зот: “Муҳаммад оиласи ва барча мусулмонлар учун” дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул хабийр).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонлик қилишга имкони бўлиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга қурбонликларининг ажрини кўпайтириб берсин.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 2667 times

Мақолалар

Top