Мақолалар

Қурбонлик қилиш кимларга вожиб, бу амал қандай бажарилади?
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими етакчи мутахассиси:
 
– Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни ва бу кунлардаги амаллар фазилатлари борасида Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиздан кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
 
“Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил, такбир ва Аллоҳга ҳамдларни кўпайтиринглар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
 
Уламоларимиз бу кундаги афзал амаллар ва фазилатли ибодатларни зикр қилишиб, уларнинг ичида қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатишган:
 
- Намоз ўқишни кўпайтириш, хусусан фарз намозларни вақтида ўқишнинг янада фазилатли бўлиши.
 
- Рўза тутиш, зеро рўза афзал солиҳ амаллардан биридир. Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, яъни тўрт кун рўза тутиш ҳаромдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатли ҳисобланади.
 
- Ҳадисда келганидек бу кунда Аллоҳ таолога таҳлил, такбир ва ҳамду-санони кўпайтириш.
 
- Арафа куни рўза тутиш фазилати. Зеро, бу кундаги рўзанинг фазилати ҳадиси шарифда ўтган ва кейинги бир йилдаги кичик хато-камчиликларга каффорат бўлади, деб ривоят қилинган.
 
- Қурбон ҳайити кунида қурбонлик қилиш фазилати.
 
- Ҳайитда муҳтожлар ҳолидан хабар олиниб, инсонлар бир-бирларини хурсанд қилишади. Хайру эҳсонлар кўпайтирилади.
 
САВОЛ: Кимлар қурбонлик қилиши лозим? Умуман қурбонлик қилишга тегишли аҳкомлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз?
 
— Аллоҳ таоло қурбон ҳайити кунида бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).
 
Уламоларимиз қурбонликнинг маъносини таърифлаб: “Қурбонлик бу – муайян ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, деганлар. Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. У – ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилиш ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти). 
 
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Булардан бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. 
 
Мол билан туяни 7 кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Бунда шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тарозида ўлчаб, тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. 
 
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсуниши ва тақвосини намоён этишдир.
 
Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Валлоҳу аълам.
 
Муҳайё Тошқораева тайёрлади.
 
Манба: http://uza.uz
 
Read 2755 times

Мақолалар

Top