Мақолалар

Қурбонлик одоблари

Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Пайғамбар алайҳиссалом қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб қилар эдилар. Қурбонликнинг тарихига назар солсак, аслида бу амал пайғамбарларнинг отаси Иброҳим алайҳиссаломдан қолган амал бўлса ҳам, бизнинг умматга унинг вожиблиги Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан собит бўлган амалдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
“Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, дедилар” (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган).

Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши унинг қуйидаги одобларини билиши ва уларга риоя қилиши лозим бўлади.
Биринчи одоб – қурбонликни Аллоҳ таоло учун холис қилиш.
Қурбонлик қилувчи қурбонлик қилиши билан Ислом шиорини изҳор қилишни, Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилишни ва Пайғамбар алайҳиссаломга иқтидо қилишни ният қилади. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин”, деган ниятдан йироқ бўлади.

Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги.
Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-сақолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мустаҳабдир.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирортангиз қурбонлик қилишни ирода қилса, сочига ва терисига ҳеч нарса теккизмасин”, дедилар” (Муслим ривоят қилган).
Қурбонлик вожиб бўлган киши зулҳижжа ойи киришидан олдин бу одобнинг риоясини қилиб тайёргарлик кўриши, ўзига эътибор бериши одобдандир. Агар тайёргарлик кўра олмай қолса, мисол учун, тирноғи ўсиб қолса ёки тирноғи синиб қолса, ўсган ва синган тирноқни олиш гуноҳ бўлмайди.

Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.
Қурбонлик ўзига хос ибодат, у маълум ҳайвонни сўйиш билан адо топади. У ҳайвонлар қўй (қўй дейилганда эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туядир. Мазкур ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.
Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин.
Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.
Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади.
Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).
Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Тўртинчи одоб – қурбонликни ўз қўли билан қилиш.
Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Аммо ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабабларга кўра ўзи сўймасдан, бошқага сўйдиришнинг зарари йўқ.
Қутайба ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қора рангли, шохли икки қўй қурбонлик қилдилар. Сўйишда басмала ва такбир айтиб ва оёқларини қўйнинг устига қўйиб, ўз қўллари билан сўйдилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Бешинчи одоб – қурбонликнинг вақтини риоя қилиш.
Қурбонлик қилишнинг аввалги вақти ҳайит намози ўқилганидан кейиндир. Ҳайит намози ўқилишидан олдин сўйилган жонлиқ қурбонлик ўрнига ўтмайди. Бу ҳолда унга бошқа қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин қурбонлик қилса, у ўзи учун қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, қурбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Аммо ҳайит намози ўқиш вожиб бўлмаган дала-даштда яшайдиган кишилар ҳайит куни тонг отган вақтдан бошлаб қурбонлик қилишлари дуруст бўлади.
Қурбонлик сўйишнинг охирги вақти учинчи ҳайит куни, қуёш ботгуничадир.

Олтинчи одоб — сўйиш одобларига риоя қилиш.
Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бордир. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.

ИСЛОМ ОДОБЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ

Read 4056 times
Tagged under

Мақолалар

Top