Мақолалар

Қулоғи белги учун кесилган қўйни қурбонлик қилиш мумкинми?
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими етакчи мутахассиси Ғуломиддин ХОЛБОЕВ: 

– Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг барча аъзолари соғ ва бутун бўлиши афзал. Лекин одатда ҳайвонлар озгина нуқсондан, камчиликдан холи бўлмайди. Одатда чўпонлар қўйларнинг қулоғига белги қилиш мақсадида турли тамғалар қўяди ёки кесади. 

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ «Жомиʼ ас-Сағир» китобида: «Агар ҳайвон қулоғи, думи ёки думбасининг аксар қисми (узилиб ё кесилиб) кетган бўлса, қурбонликка ярамайди, лекин озроқ қисми кесилган бўлса, қурбонлик қилса бўлади», деган. 

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг ўртасида ози билан кўпини ажратиб турадиган қисм қанча экани борасида ихтилоф бор. Бу борада Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қурбонлик ҳайвонининг қулоғи, думи ёки думбасидан учдан бири ёки учдан биридан озроғи кесилган бўлса қурбонлик қилиш жоиз, учдан биридан кўпроғи кесилган бўлса қурбонлик қилиш жоиз эмаслигини ривоят қилган ва шу гапга фатво берилган. 

Демак, қурбонлик қилинаётган қўйнинг қулоғига қаралади. Агар қулоғининг учдан бири ёки учдан биридан озроқ қисми кесилган ёки қулоғи тешиб қўйилган бўлса, қурбонлик ёки ақиқа учун сўйса бўлади. Агар қулоғининг учдан биридан кўп қисми кесилган бўлса, қурбонлик ва ақиқа учун сўйиб бўлмайди. 
 
 
ЎзА
Read 2983 times

Мақолалар

Top