Мақолалар

Аллоҳ лаънатлаган тўрт тоифа кишилар
Дин ва ҳадис илмлари инсонни ҳамиша маънавий камолотга етаклайди. Ундан олинадиган фойдалар беқиёсдир. «Имом Бухорий ҳадислари» рукнида тақдим этилаётган навбатдаги ҳадислардан баҳраманд бўлинг!
 
Абу Туфайлдан[1] ривоят қилинади: “Али (р.а.)дан «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оммавий инсонларга бермаган нарсалардан бирор нарсани сизларга хослаб берганларми?» – деб сўралди. Али розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга айтмаган нарсаларни бизга хослаб айтиб берган эмаслар. Аммо, фақат қиличимни қинидаги мана бу нарса бор”, деди. Кейин бир саҳифани чиқарди. Қарасак унда “Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган кишини Аллоҳ лаънатлайди. Ер (чегарасини кўрсатувчи) белгисини ўғирлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди. Ота-онасини лаънатлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди. Муҳдис (бидъатчи)га жой берган кишини Аллоҳ лаънатлайди”, деб ёзилган экан”.[2]
 
Ҳадиснинг умумий маъноси:
 
Али розияллоҳу анҳу – Али ибн Абу Толиб ал-Қурайший, милодий 600 санада Маккада таваллуд топган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг амакиваччалари, Абу Толибнинг ўғли. Ёш болалардан энг биринчи бўлиб (етти ёшида) Ислом динини қабул қилган. Баъзи манбаларда у кишининг исмлари келтирилганда «Каррамаллоҳу важҳаҳу – Аллоҳ таоло унинг юзини мукаррам қилган» деган ибора ишлатилади. Бунинг сабаби, Али розияллоҳу анҳу ҳеч қачон бут-санамларга ибодат қилиш учун юзланмаган. Мусулмонларнинг тўртинчи халифаси (656-661), 661 милодий йилда Куфада вафот этган.
 
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин саҳобалар Али (р.а.)дан «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга омматан бермаган нарсалардан бирор нарсани сизларга хослаб берганларми?» – деб сўрашди.
 
Яъни, Али розияллоҳу анҳудан саҳобалар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом динида шаръий ҳукмларга оид одамларга айтмаган бирор нарсанинг ҳукмини, аҳли байтдан бўлганингиз сабабли, бошқалардан беркитиб сизларга айтганларми? деб сўрашди.
 
Али (р.а.): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга айтмаган нарсаларни (улардан яшириб) бизга хослаб айтиб берган эмаслар. Аммо (менда) фақат қиличимни қинидаги мана бу нарса (мактуб) бор”, – деган жавоблари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариати исломни ва ундаги ҳукмларни бир саҳобадан яшириб, бошқасига хосламаганлигини маълум қилдилар.
 
Ҳазрати Али сўзларини тугатиб, “Кейин бир саҳифани чиқарди. Қарасак унда:
 
“Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган кишини Аллоҳ лаънатлайди”;
 
Аллоҳ таолодан бошқаларга – жинларга, руҳларга, фаришталарга, пирларга, бут ва санамларга, алоҳида жойларга ва ҳоказоларга атаб, оқ, сариқ, қора рангларга ажратиб жонлиқ сўйиш муқаддас динимизда ширк амаллардан бири саналади. Сўйилган жонлиқнинг гўшти эса, гарчи у аслан ҳалол бўлсада, Аллоҳ таолодан бошқага атаб сўйилгани учун ҳаромга айланади ҳамда бу каби амалларни қилувчиси Аллоҳ таолонинг лаънатига қолади. Аммо, Аллоҳ таолодан савоб умидида ўтганларнинг руҳига савобини бағишлаб Аллоҳ учун жонлиқ қурбонлик қилиб, уни эҳсон қилиш – шариатда рухсат этилган савобли амаллардандир.
 
“Ер (чегарасини кўрсатувчи) белгисини ўғирлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди”;
 
Ҳар бир инсон ва ҳар бир жамият маълум бир чегаралар ва қонун-қоидаларга асосланиб умргузаронлик қилади. Ана шу қонун-қоидалардан бири ер масаласидир. Ўзаро келишув асосида тақсимланган ерга чегара (белги, девор, сим, қозиқ кабилар) ўрнатилади. Мана шу нарса кишининг ўз қўшниси билан, давлатларни эса қўшни давлатлар билан тинчлик ва осойишталигини таъминлайди. Агар, мана шу вазифани бажарувчи тўсиқ – чегара йўқолса, икки қўшни давлатлар ёки қўшни кишилар ўртасида бир-бирлари билан келишмаслик ва ўзаро адоват пайдо бўлади. Бу чегарани бузган киши ана шундай жанжаллар ва улкан фитналарга сабаб бўлади. Шу сабабли бундай кишиларни Аллоҳ таоло лаънатлайди. Юқоридаги таърифдан Ер (чегарасини кўрсатувчи) белгисини ўғирлашнинг умумий ва шахсий ҳолатдаги зарарлари мавжудлиги маълум бўлади.
 
Ер чегарасини ўзгартириш умумликдан хосликка олиб қаралса, ҳар бир шахс Ер чегарасини ўз манфаати учун ўзгартириши билан икки ҳақдан бирига тажовуз қилган бўлади. Шулардан бири қўшни томонга ўз ерининг чегарасини ўзгартириб ер майдонини кенгайтириш бўлиб, бу энг оғир гуноҳ ишлардан бири саналади ва бу қўшнининг ҳаққига тажовуздир. Қўшнининг ҳақларидан; ўртадаги ер майдонини ажратиб турувчи ўртадаги чегарага тегинмаслик, иморат қурар бўлса қўшни билан маслаҳатлашиш; агар қўшнининг йўли унинг ер майдони ёнидан ўтган бўлса унинг йўлига ва уйи яқинига ахлат ташламаслик, йўлини қисқартирмаслик, йўлини бекитиб қўймаслик; агар ўз уйида ити бўлса қўшнилар ўтган-қайтганда уларнинг йўлига итини чиқармаслик, қўшнининг уйи томон итини ҳуришига йўл қўймаслик, итини ва бошқа уй ҳайвонларини қўшнининг ерига ўтишига йўл қўймаслик; ариғига тегинмаслик ва ариғига нарса ташламаслик; дарахт ва иморатларини қўшнига халақит бермаслигини таъминлаш; қўшни бирор жойга кетган бўлса унинг уйини қўриқлаш, таом пиширса (ҳиди қўшнига етиб борса) ундан қўшнига ҳам чиқариш; қўшнининг айбини бекитиш ва ҳоказолар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнининг ҳаққи ҳақида: «Дўстим Жаброил (алайҳи-с-салом) менга қўшнига яхшилик қилишни шунчалик кўп васият қилдиларки, ҳатто у қўшнимни тез кунларда менга меросхўр қилади», деб ўйлаб қолдим,”– дедилар.
 
Бугунги кунда қўшнилар ўртасида содир бўлаётган турли келишмовчилик ва эътирозлар, кўнгилхиралик ва дилозорликларнинг келиб чиқишини энг асосий омилларидан бири қўшнилар бир-бирларини ҳаққини билмаслиги, бирини бошқасини ҳаққига билиб-билмай тажовуз қилиши сабаб бўлмоқда. Қиёматда ерига тажовуз қилинган бу ҳақдор қўшни ундан ўз ҳаққини талаб қилса, тажовузкорнинг савобидан олиниб ўша мазлум қўшнига берилади. Энг оғири бошқа ҳадисларда айтилганидек, «Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзиники қилиб олган киши Қиёматда етти қават дўзахнинг энг тубига улоқтирилади». Бундан ҳам оғири мазкур ҳадисга биноан бу инсон малъунлар, яъни Аллоҳ таоло лаънатлаган тоифадаги кишилар қаторида туради.
 
Агар ер майдонини ўзгартириш йўл, кўча томонга бўлса-чи? Яъни, ўзига қарашли ерни кенгайтириш ҳисобига йўлни торайтириш бўлса? Юқорида бир қўшнининг ҳақлари ва унга тажовуз қилишнинг оғир ва аянчли оқибатлари ҳақида сўз юритдик. Агар мазкур ўринда йўл кўпнинг ҳаққи эканлигига эътиборимизни қаратадиган бўлсак, йўлга тажовуз қилиб уни қисқаришига сабаб бўлган кишининг шариатдаги ҳукми ҳақида сўзлашнинг ўзи оғир. Чунки, йўл одамзодни ҳам, ҳайвонотни ҳам ҳаққи ҳисобланади. Диндош биродарим! Энди, ўзингиз ўйлаб кўринг! Бир қарич ер шунча уқубатга арзийдими? Агар ким билиб-билмай бу ишни қилиб қўйган бўлса, у дарҳол тавба қилиб зўрлик ёки алдов билан олган ўша ерни ҳақдорига қайтарсин ёки юқорида айтилганларни бошига келишини кутсин!
 
«Ота-онасини лаънатлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди»;
 
Фарзанд ота-онага муомала қилишда, гарчи улар хатокор бўлсалар ҳам эҳтиёт бўлиши, уларнинг қалбига озор берувчи сўзлардан батамом йироқ бўлиши лозим. Шунингдек, жамиятда ҳам доим ота-онасига олқиш ва раҳматлар келтирадиган амалларни қилиши керак. Ота-онани лаънатлаш, сўкиш билан ва уларнинг номига ёмон сўзларни олиш билан киши ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг лаънатига лойиқ қилади. Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлиш эса, раҳматидан маҳрум қилинишдир. Бундай инсон на дунёда ва на охиратда саодат топмас.
 
Муҳдисга жой берган кишини Аллоҳ лаънатлайди”, деб ёзилган экан”.
 
Муҳдис – Ислом дини аҳкомларига ўзгартириш киритувчи, динга янгилик киритувчи, бидъатчи. Ундай кимсалар Қуръон ва суннатда кўрсатилган йўл қолиб, ўз фикрлари асосида пайдо бўлган турли маросим ва ғояларни дин аҳкомларига боғлаб тарғибот қиладилар. Муқаддас динимиз учун энг хавфли душманлар ҳам айнан ўшалардир. Чунки, ундай кимсалар ўз мақсадларига динни ниқоб қилиб олишади. Али розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ёзиб олган ҳадис матнининг охирида динда янгилик яратувчи-бидъатчи, фитначи кишиларга паноҳ ёки бошпана берган киши Аллоҳ таолонинг лаънатида эканлиги маълум қилинмоқда. Муҳдис – бидъатчи кишига жой берганнинг ҳоли шу бўлса, динда турли хил янгиликларни пайдо қилувчи бидъатчи кишининг ҳоли тасаввур қилиб бўлмас ҳолатдир. Чунки, дин оламлар яратувчиси бўлган зот Аллоҳ таолонинг чиқарган қонунлари, ҳукмлари мажмуасидир. Турли бидъат ва хурофотларни динга олиб кирувчи киши эса мана шу қонунларни чиқарган энг олий Ҳакам билан ҳукм талашиб ўзининг ноқис ақли билан У зотнинг ҳукмларига ўзгартириш киритишга уринган бўлади.
 
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
 
Аллоҳ таолодан бошқага атаб жонлиқ сўйишнинг мумкин эмаслиги.
 
Қўшнилар ва давлатлар ўртасидаги чегарага тегиниш оғир гуноҳ эканлиги.
 
Ота-онани ножоиз, яъни улар эшитса хурсанд бўлмайдиган сўзлар билан тилга олишнинг оғир гуноҳ эканлиги.
 
Бидъатчи ва фитначи кишиларга жой бериш, уларни уйга киритиш, улар билан суҳбатлашиш мумкин эмаслиги.
 
Бу тўрт амални қилувчилар Аллоҳ таолонинг лаънатида эканлиги.
 
Ундай кимсалардан узоқ бўлиш.
 
Шариат борасида етарли илм бўлмаса диний аҳкомлардан сўзламаслик.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Read 2664 times

Мақолалар

Top