Мақолалар

Муваффақиятлар ўзимизники, синовли кунлар албатта ортда қолади

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам оламшумул ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик  ишлари амалга оширилмоқда.

Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказларининг очилгани, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши том маънода соҳада туб бурилиш ясади.

Ўз навбатида, диний соҳа вакилларига қаратилаётган эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Соҳа ходимларини билим ва малакаларини ошириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Малака ошириш маркази ташкил этилди ҳамда ҳудудларда филиаллари ўз фаолиятини бошлади.

Шунингдек, соҳа вакилларининг нуфузли хорижий илмий-тадқиқот марказлари ва олийгоҳлари билан ўзаро тажриба алмашиш борасида муддатли ўқувлар ташкил этилди. Жумладан, Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси билан бу борадаги ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Диний соҳа вакилларига берилаётган эътибор ҳақида гап кетганда, албатта, муҳтарам Президентимиз Фармони билан “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм миқдорида маблағ ўтказилганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Бу, шубҳасиз, соҳа фаолияти ва ходимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ўз навбатида, юксак эътибор намунасидир.

Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Барча юртдошларимиз янада жипслашиб, неъматларга шукр қилиб ҳамда тартиб-интизомни сақлаган ҳолда юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, сабр-матонат билан бу синовдан эсон-омон ўтамиз, деб ишонаман.

Мусулмон, аввало, Ислом дини қонун-қоидаларига мувофиқ, ҳар бир инсон ҳаётини муҳофаза қилиш масъулиятига эга. Шундай экан, ҳар биримиз юртдошларимизни, диндошларимизнинг ҳаётини, саломатлигини сақлашга масъулмиз.

Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!» (Моида сураси, 2-оят), деб марҳамат қилган.

Карантин чораларига риоя қилиш яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишнинг айнан ўзгинасидир. Шунингдек, бунда шариат буюрганидек аввал Аллоҳ таолога таваккал қилиб, кейин сабабларни қидириш ҳам бор гап.

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Икки неъмат бор, инсонлар уларнинг қадрига асло етишмайди. Булар: хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик» (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис жуда кўп такрорланади, лекин унинг моҳиятини кўп ҳам ҳис қилавермаймиз. Бугун хотиржамлик, сиҳат-саломатлик нима эканини барчамиз теранроқ англаб етдик. Демак, уйларимизда қолиб, коронавирус инфкцияси туфайли жорий этилган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишимиз зарур.

 

Мирзамақсуд АЛИМОВ,

Андижон вилояти бош имом-хатиби

Read 1997 times

Мақолалар

Top