Мақолалар

Саховат жаннатга етаклайди

Қурбон ҳайити юртдошларимиз томонидан меҳр-мурувват, саховат, ўзаро яхшилик, силаи раҳм каби эзгу анъана ва қадриятларга йўғрилган байрам сифатида муносиб нишонлаб келинмоқда.

Айниқса, бу байрамда юртдошларимиз халқимизга хос бўлган мурувват, саховат масаласига алоҳида эътибор қаратадилар. Кам таъминланган, эҳтиёжманд инсонларга қўлдан келганча ёрдам қўлини чўзадилар.

Ана шу улуғвор фазилатни амалдаги ифодасини муҳтарам Президентимизнинг Фармонларида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, Фармонда “моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 400 мингдан ортиқ оиланинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан тўлаб бериш”, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 220-250 минг оилага жами 200 млрд сўм ажратилиши” ҳақида сўзлар, шубҳасиз, қувончли хабар бўлди. Мана шу ажратиладиган маблағ қанчадан-қанча хонадонларга чин маънода байрам совғаси бўлди. Уларнинг ҳам кўнглига хурсандчилик улашилди. Рўзғорининг бир ками тўладиган бўлди. Аслида, мана шундай улуғ кунларда қилинган бу ташаббус ўзининг аҳамиятини янада оширди.

Тўғри, бу йилги Қурбон ҳайити коронавирус пандемияси шароитида нишонланмоқда. Шундан келиб чиқиб, бу ҳолат барчамиздан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ушбу байрамни нишонлашни тақозо этади.

Шубҳасиз, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумҳалқ ҳаракати ташаббуслар фуқароларимизни янада саховатпеша ва ҳимматли бўлишга ундамоқда. Халқимиз ушбу ташаббусдан руҳланиб, янада жипслашиб, ҳамжиҳат бўлди.

Муборак динимиз ўзгаларга нисбатан мурувватли бўлишга тарғиб этади ва бу улкан ажрларга сазовор амал сифатида зикр қилинади.

Бугун кунда коронавирус пандемиясига қарши курашда фуқароларимиз бир тану бир жон бўлиб, бирдам бўлиб, ушбу даврни уюшқоқлик билан енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар.

Давлат Раҳбарининг Қурбон ҳайити муносабати билан халқимизга йўллаган табригидаги алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, жумладан, табрикда: “Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан яхши ният билан жамғарган маблағини қўшниси, қариндоши ёки маҳалладошининг оғирини енгил қилиш учун ҳадя этган, бир ночор одамнинг кўнгил Каъбасини обод қилишни афзал билган бундай серҳиммат ва инсоф-диёнатли инсонларга – мен шунга ишонаман – Парвардигоримиз томонидан, албатта, улкан ажру мукофотлар берилади”, дейилгани бўлди.

Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси шароитида нишонлашнинг ўзига хос одоблари бор. Бу ҳар биримизнинг уйимизда қолиб, ибодат билан машғул бўлишимиз, бу кунларга сабр қилиб, неъматларга шукр қилишга, яқинларимиз ва ўзимизнинг хавфсизлигимиз йўлида улар билан уяли алоқа воситалари ёрдамида мулоқот қилиш кабиларда кўринади.

Раҳматилла УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

Read 2016 times

Мақолалар

Top