Мақолалар

“Мен Аллоҳнинг олдида хато қилдим”

Бир йигит билан учрашиб қолдим. У менга ипак толаси бўйича муҳандис эканлигини, ғарбда ўқиганини ва ҳозирда Дамашқдаги катта бир заводда ишлашини айтди. У: “Менда тутқаноқлик касали бор. Баъзида ўзимнинг машинамда (бу энг хатарлиси), гоҳида эса жамоат транспортларида, йўлда, кутубхонада ва баъзида уйда ушбу касалим тутади. Бир кунда ёки бир ҳафтада 3 мартадан 5 мартагача такрорланади. Бу касалликдан наҳоятда чарчадим ва эзилиб кеттим. Нима учун бу касалликни Аллоҳ менга берган?” деди.

Шу пайт миямда турли фикрлар туғилди. Тутқаноқлик касали мияга тааллуқли бўлиб, тузалмас бир касаллик эканини билардим. Лекин у мендан бошқача жавоб кутарди. Шунда уйимга таклиф қилиб, унга суҳбат қуриб бердим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади?” (Нисо сураси, 147-оят).

У мени бутун вужуди билан эшитарди. У мендан бу оятнинг маъносини сўради.

“Модомики банда Аллоҳ буюргандек ҳаёт кечирса, амрларини адо этса ва қайтариқларидан қайтса-ю, Аллоҳ таоло унга дард ва азоб бериши ажабланарли иш. Чунки Унинг Ўзи: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади?” деган бўлса”, дедим.

У бу гапга жиддий ёндошди, бир парча қоғоз чиқариб: “Айтинг, мен нима қилишим керак”, дея ёза бошлади.

Мен унга намозларни ўз вақтида ўқиш, тилни тийиш, кўзни ва қулоқни гуноҳдан тўсиш каби қирққа яқин солиҳ амалларни айтдим. У ҳаммасини ёзиб олди. Чунки ундаги дард аламли ва уни қаттиқ азоблаётган эди.

У чиқиб кетгач мен ўзимча уни чалғиттим деб ўйладим. Чунки ундаги касал шифоси йўқ бўлган бир касаллик эди. Мен эса унга Аллоҳнинг амрига итоат этса, ундан бу дард кетади дедим.

Жума куни дарс берар эдим. У биринчи ҳафта келдида менга: “Алҳамдулиллаҳ, ҳаётимда биринчи марта ушбу ҳафтада менда ушбу касаллик бўлмади”, деди.

Ишонинг! Мен шу вақт бутун дунёга эга бўлгандай бўлдим ва “Аллоҳим унга шифо бер!” деб дуо қилдим.

Иккинчи жумага келди ва бу ҳафта ҳам касал бўлмаганини айтди. Учинчи, тўртинчи ва ниҳоят бешинчи жумада келди, хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Чунки мен Аллоҳнинг айтганини айтдим ва Аллоҳ уни рўёбга чиқарди. Уни бу касалликдан узоқ қилди.

Бироқ олтинчи хафта келмади. Мен яна касали қайталаган бўлса керак деб ўйладим ва жуда қаттиқ қайғурдим.

Аммо кейинги ҳафта келди ва менга ишонч билан: “Ҳаргиз айтган нарсангиздан ҳижолат бўлманг “Мен Аллоҳнинг олдида хато қилдим”, деди. Ва ўтган хафта гуноҳ ишга қўл урганини айтди.

Дарҳақиқат, бугун бошимизга не мусибатлару ва не дардлар келаётган бўлса, гуноҳларимизнинг кўплигидандир. Демак, тавга шошилишимиз даркор. Шунда Аллоҳ таоло тезда бизни бу балолардан халос қилади.

Муҳаммад Ротиб Ноблусийнинг дарсликларидан

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғлининг таржимаси.

Read 2180 times

Мақолалар

Top