Мақолалар

Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаати етадиганидир

Инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган ислоҳотлар халқимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ҳурматли И.А.Каримовнинг ташаббуси билан узоқ йиллардан буён юртимизда ҳар бир йилнинг бошланиши олдидан унга маълум бир ном бериш ва ўша йилда мазкур номга тегишли масалаларни ҳал қилишга катта эътибор қаратиш яхши анъанага айланган эди. Шу анъанани давом эттириб давлатимизнинг янги раҳбари Ш.Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номладилар ва бу шиор халқимиз томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди. Йилнинг бундай номланиши замирида давлат органларининг халқ билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва мавжуд муаммоларни оқилона ҳал этиш мақсадлари мужассамдир. Бош Қомусимизнинг 2-моддасида, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, - дейилган. Демак, ушбу йилда ҳукуматимизнинг оддий фуқаролар билан  мулоқотлари янада кенгроқ йўлга қўйилади. Бу мулоқот воситасида  барча ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишга, бир сўз билан айтганда, жамиятда адолат қарор топишига янада кўпроқ аҳамият қаратилади.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, — бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад — инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, унинг дарду-ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.

Мамлакатимиз Президентининг янгидан қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу йўналишдаги ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Фармонда кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, соғломлаштириш, уларнинг фаоллигини ошириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Ушбу хайрли иш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: “Кимки кичикларимизга раҳм қилмаса, кексаларимизнинг ҳаққини, қадр-қимматини билмаса, у мусулмон уммати эмасдир”, деган ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир.

Давлатимизнинг бундай эътибор ва ғамхўрлиги хонадонимиз фаришталари бўлган нуронийларимиз кучига куч, умрларига умр қўшади, уларга жуда катта руҳий мадад бўлади. Зеро, қарияларимиз хизматини қилиш, уларнинг дуосини олиш биз учун олий саодатдир. Булар ҳали улкан ишларнинг дебочаси холос. Муқаддас қадамжоларимиз ва улуғ боболаримизнинг ҳурмат ва эҳтиромлари бевосита Ўзбекистоннинг биринчи Президенти марҳум И.Каримовнинг раҳнамоликларида ўз ўрнига қўйилган эди. Ушбу хайрли ва асрга татигулик савобли ишнинг давомини сайланган Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаб бердилар. 

Жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Хоразм вилояти ташрифи доирасида Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжидига ҳам ташриф буюриб, нуронийлар билан учрашган эдилар. Президентимиз оқсоқоллар ва нуронийлар билан бўлган суҳбатда Хоразмга ташрифдан ва учрашувдан асосий мақсад халқимиз билан мулоқот қилиш эканлиги, бу учрашувда халқ вакиллари билан очиқ суҳбат бўлишини қайд этди.

Бугунги кунда ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишга тинмай ҳаракат қилмоқда. Биргина “виртуал қабулхона” орқали минглаб юртдошларимизни қийнаб келган муаммоларининг ўз ечимини топгани бунинг яққол далилидир. Аслида, одамлар орасида адолат билан ҳукм юргизиш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган: Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар... (Нисо сураси, 58-оят).

Адолат билан иш  юритган раҳбарга улкан ажр-мукофотлар ваъда қилинган. Шунингдек, инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилиш ҳам динимизда тарғиб қилинган амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади. Банда, мадомики, дўстига ёрдам бериш (йўли)да бўлар экан, Аллоҳ унинг мададкори бўлади”, –  дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган). 

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз! (Ҳаж сураси, 77-оят). Ушбу оятда эзгу иш дейилмоқда. Бу дегани – сиздан зинҳор ёмонлик, фасод содир бўлмасин деганидир. Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини бутун инсониятнинг энг яхшиси экани шундай эълон қилинган:Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, ... (Оли Имрон сураси, 110-оят). Шайх Муҳаммад Али Собуний ушбу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари, сизлар барча умматларнинг энг яхшисидирсизлар.  Чунки сизлар барча инсонларга энг манфаат берувчи инсонсизлар”. Ҳа, мусулмонлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш сингари ишлари билан доимо барча инсонларга манфаат бериб келганлар. Улар ушбу ишлари туфайли энг яхши умматга айланганлар.

Аждодларимиз “Халққа хизмат – олий  ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Ушбу хайрли ишларнинг дебочаси Давлатимиз Раҳбарининг воҳамизга қилган ташрифида ўз аксини топди. Хоразм вилоятида республика миқёсида юрак хасталиклари бўйича тиббий мажмуа ва тиббиёт маркази барпо қилиниши, шунингдек, вилоятда саноатни ривожлантириб, етиштирилган пахта ҳосилининг 95 фоизини шу ернинг ўзида қайта ишлашни ташкиллаштириш режалаштирилаётгани халқимиз манфаатлари барча нарсадан устун эканлигига далолатдир. Хоразмда бугунги кунда бажарилаётган бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, “Тош сақа” магистрал каналини реконструкция қилиш дастуридаги режалар натижасига кўра Хоразмда 35 фоиз электр энергияси ва 40 фоиз сув тежалишига эришилар экан. Юртбошимиз туризмни ривожлантириш ҳақида тўхталиб, ушбу ишлар доирасида Тошкент – Урганч – Хива темир йўли тез юрар поезди маршрути ишга тушиши ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилди.

Айни вақтда, Президентимиз маърузаси давомида ёшларимиз илм ўрганишлиги, бунинг учун мактаб ва коллежларда давоматларини яхшилаш зарур эканига эътибор қаратдилар. Бунинг учун нуронийлар, маҳалла, жамоат ташкилотлари ходимлари ёшлар тарбияси учун масъул эканлигини уқтирдилар. Демак, Давлатимиз Раҳбари бошчилигидаги бундай бунёдкорликлар, халқпарвар ва истиқболли дастурлар режалаштирилиб, уларнинг ижроси жадал суръатларда таъминланаётган бир вақтда бепарво ва лоқайд бўлиш асло мумкин эмас! Биз диний соҳа вакиллари ҳам халқимиз элимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб–қувватлашимиз ва жамиятимизнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашишимиз лозимдир.

     

Хайрулла Абдуллаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Хоразм вилоятидаги вакили

Read 6675 times

Мақолалар

Top