Мақолалар

Ҳидоятга бошловчи имом эътирофи

Барҳаёт маънавий мерос

Ислом дини вужудга келган дастлабки даврларданоқ мусулмонлар орасида ақидавий мавзуларда ихтилофлар юзага келган. Ушбу ихтилофларнинг негизида калом илмининг энг нозик мавзусига айланган ва бугун аксар деструктив кучлар ўзига дастур қилиб олган масалалар ётади.

 

Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги қарори билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази шундай мураккаб саволларга илмий асосланган жавоблар бериб, мотуридийлик таълимотига асос солган буюк ватандошимиз, аллома Абу Мансур Мотуридий ҳаёти, беназир илмий меросини эътироф этиш, юртимиз ҳамда жаҳонда кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Мотуридийлик таълимоти ислом дини доирасидаги оқимлар орасида ўзининг рационалистик қарашлари билан алоҳида ажралиб турган мўътазилийликка қарши ўлароқ вужудга келган бўлса ҳам аслида исломнинг бирламчи манбалари — Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар мазмунини тўғри талқин қилиш, инсонларга содда ва равон тушунтиришни мақсад қилган.

 

Бир сўз билан айтганда, мотуридийлик адашган тоифаларга қарши ғоявий кураш майдонида олдинги сафда турган. Ислом оламида “Имомул ҳуда” (Ҳидоятга бошловчи имом) номи билан танилган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида 870 йили туғилиб, 944 йили вафот этган. Қабри Самарқанд шаҳридаги Чокардиза (жангчилар қалъаси) қабристонида.

 

Аллома яшаган даврда ислом оламида ғоявий парокандалик, ақидавий ихтилофлар авж олгани сабаб тўғри йўлдан адашган турли оқимлар илгари сурган янглиш ғояларга қарши Қуръон ва Ҳадисга мувофиқ асосли раддия бера оладиган алломаларга эҳтиёж кучли эди.

 

Шундай вазиятда Абу Мансур Мотуридий изланишлари, машаққатли меҳнати, ақл-заковати билан ёт ғояларга қарши тура олди. Ишонч билан айтиш мумкинки, аҳли сунна вал жамоа ақидасини сақлаб қолишда, ривожлантиришда Имом Мотуридийнинг хизматлари беқиёсдир.

 

Мазкур таълимотнинг энг ёрқин вакили Абу Муин Насафий Имом Мотуридийнинг илмий мавқеи ва калом илмидаги қадр-қимматини юксак баҳолаб, бундай ёзган: “Мовароуннаҳрда бирорта ҳанафий олим мавжуд бўлмаганда ҳам Абу Мансур Мотуридий бир ўзи уларнинг ўрнини боса олар эди. Чунки у илм уммонининг энг чуқур қаърига шўнғиб, ундан дуру гавҳарларни олиб чиқди, диний ҳужжатларни ўзининг фасоҳати, мислсиз заковати билан зийнатлади”.

 

Имом Мотуридий замондош олимлари наздида олимларнинг энг улуғи, миллатнинг устуни эди. Қуръонга ёзган тафсири эса ҳар қандай чигалликни очиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳаларни ҳайдовчи манба эди. Олим Ҳосирий бундай ёзган: “Имом Мотуридийнинг илми туфайли тўғри йўлдаги одам билан адашган, нотўғри йўлдаги одам фарқланади. Мотуридийлар адашган тоифаларга раддия берган жамоа эди”.

 

Олим Муҳаммад ибн Абдураззоқ Зубайдий эса “Имом Мотуридий дин учун курашувчи, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мустаҳкамловчи олим” бўлганини зикр қилган. Кўриниб турибдики, Абу Мансур Мотуридийнинг ўз давридаги мавқеи ва мартабаси ниҳоятда юқори бўлган. Унинг ақидавий қарашлари Мовароуннаҳрда кўпчилик ҳанафий уламолар томонидан қўллаб-қувватланган. Ғоялари ўз даврида пайдо бўлган ақидавий тоифалар ривожига тўсқинлик қилган таълимот сифатида эътироф этилган.

 

Имом Мотуридий уч йўналиш — калом, тафсир, фиқҳ ва усулул фиқҳ бўйича асарлар ёзган. Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” (Далиллар билан шарҳлаш) асарида Мотуридийнинг 10 дан ортиқ асари рўйхатини келтирган. Афсуски, улардан “Китобут тавҳид” (Аллоҳнинг ягоналиги ҳақида китоб) ва “Таъвилот аҳли сунна” (Аҳли сунна вал жамоа тафсири) номи билан танилган ва уламолар наздида барча тафсирлардан устун турувчи “Таъвилотул Қуръон” (Қуръон тафсири) номли асарларигина бизгача етиб келган.

 

Аллома асарлари бутун ислом ақидасини таҳлил қилади. Адашган фирқаларнинг ақидасини кескин рад этади ва уни инкор этиб бўлмас далиллардан ташкил топган яхлит тизим сифатида тан олиш лозимлигини исботлаб беради. Мотуридий ҳанафий ақидасига мос равишда инсон диний маърифатга эришишнинг уч воситасига – соғлом ҳис аъзолари, нақл, ақлга эга эканини ёзади. Унинг таҳлилий фикрлари бутун ислом оламида шарқий ҳанафий сифатида танилиши, шуҳрат қозонишига сабаб бўлди.

 

Имом Мотуридий “Тўғри йўлнинг калити — илм”, деб таъкидлайди ҳамда ёшларга “қуролни илмдан ясаш” таълимини беради. Бундан илмини тўғри йўлда сарфлаган ҳар бир инсон юксак мартабага эришиши мумкинлигини англаш мумкин. Ҳақиқатан, илм-маърифат қурол қилиб олинса, барча мунозаралар тинч йўл билан, қонли тўқнашувларсиз, талафотсиз ечим топади.

 

Мотуридийлик таълимотида “динни илм билан ҳимоя қилиш” тарғиб қилинади. Бу эса юртимизда амал қилаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси билан ҳамоҳангдир.

 

Имом Мотуридий ўгитларида илмга, юрт раҳбарига итоаткорликка, шунингдек, гўзал инсоний фазилат — камтаринликка тарғиб қилинади.

 

Бугунги кунда ёшларимизни ботир ва шижоатли қилиб тарбиялашимиз ҳам энг асосий вазифалардан биридир. Чунки шижоатли ёшларгина ҳар қачон ғанимларга ҳам эътиқод, ҳам жасорат билан қарши тура олади, Ватанимиз сарҳадларини мардонавор ҳимоя қилишга қодир бўлади.

 

Чунончи, Имом Мотуридийнинг “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, “Душманинг билан иноқлашган дўстдан йироқ бўл”, “Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан” каби ўгитлари ёшларимизни лоқайдликдан, бепарволикдан юз ўгириб, шижоатли бўлишга тарғиб этади.

 

Мотуридийлик таълимотининг бунёдкор ғоялари барча замонларда долзарб бўлиб келган. У ислом тарихида ўзига хос ўрин тутган аллома ҳисобланган. Олимнинг илмий қарашлари асосида шаклланган таълимот ўрта асрлардан то бугунги кунгача суннийлик эътиқодига зид равишда пайдо бўлаётган ёт ғояларга қарши мафкуравий қурол вазифасини ўтаб келмоқда.

 

Имомнинг бағрикенглик қарашлари, ақл ва тафаккурга ундовчи чақириқлари бугунги кунда ҳам ниҳоятда улкан аҳамият касб этади. Бунинг олимлар томонидан эътироф этилгани диққатга сазовор. Абу Муин Насафий таъбири билан айтганда, “Абу Мансур Мотуридий имомларнинг улуғи ва миллатнинг устунидир” ёки Ҳасан ибн Абу Узба айтганидек, унга эргашган киши, албатта, ҳидоят топади.

 

Ушбу фикримизни замонамизнинг машҳур олими, Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Аҳмад Таййиб жанобларининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда билдирган қуйидаги эътирофи билан далиллаш мумкин: “Бугунги кунда турли такфирчи, бузғунчи кучларни енгишда мафкуравий куч борми?” деб сўрасалар, мен: “Ҳа, минг марта ҳа!” деб айтаман. У мотуридийлик таълимотидир!”

 

Шунинг учун ҳам Президентимизнинг юқорида номи тилга олинган қарори миллий қадрият ва анъаналаримизни тиклаш, улуғ аллома аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, илмий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқот ишларини рағбатлантириш, илм аҳлига зарур шарт-шароит яратиб бериш, шу жумладан, мотуридийлик таълимотини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди, дейиш мумкин.

 

Зеро, бугунги кунда дунёдаги қарийб 2 миллиард мусулмон аҳолининг 38 фоизи ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади. Шунга кўра айтиш мумкинки, мотуридийлик буюк аждодларимиз саъй-ҳаракатлари билан дунё бўйлаб тарқалган ва катта эҳтиром билан қабул қилинган.

 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани, бир томондан, алломанинг авлодлари бўлмиш олимларимиз, тадқиқотчиларимиз зиммасига алоҳида масъулият ва мажбурият юклайди. Иккинчи томондан, Имом Мотуридий ва юртимиздан чиққан у каби аллома аждодларимиз меросини илмий доираларда кенг тарғиб қилишнинг янги-янги имкониятларини яратади.

 

Эргаш ДАМИНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси

Read 2161 times

Мақолалар

Top