Мақолалар

Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолияти

Абу Мансур Мотуридийнинг тўлиқ исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра бу зотнинг насаби улуғ саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун бу зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.  

Абу Мансур Мотуридийнинг қайси йилда туғилгани аниқ маълум эмас. Аммо устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розий ҳижрий 248 (милодий 862) йилда вафот этгани айтилган. Шунга кўра, Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 240 (милодий 854) йилдан олдин туғилган, чунки Муқотил Розийдек фақиҳ, муҳаддис олимдан таълим олиш учун шогирд камида ўн ёш атрофида бўлиш керак, дейилган.

Имом Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидаги олимлардир:

  1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
  2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
  3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
  4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.

Ушбу олимлар Имом Мотуридийни Имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар ҳижрий 200 (милодий 816) йилда вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган.

Имом Мотуридийдан кейин кўплаб шогирдлари у зотнинг ишларини давом этказиб, бу таълимотни ривожлантирганлар. Масалан:

  • Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий.
  • Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний.
  • Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий.
  • Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий.

Ушбу шогирдлари Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларини оммага тушунтириб ва асарларини шарҳлаб мотуридия таълимотини ривожлантириш йўлида хизмат қилганлар. 

Абу Мансур Мотуридий шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этган:

  1. Тафсир;
  2. Усулул фиқҳ;
  3. Ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир  ёзган.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган.

Абу Мансур Мотуридий ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни уч турга ажратганлар:

  1. Мақолот (мақолалар);
  2. Раддиялар;
  3. Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.

Бутун ҳаётини илм маърифат ўрганиш ва уни ёйиш билан ўтказган Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 (милодий 945) йилда тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Аллоҳ таоло Имом Мотуридий бобомизга мўл-кўл мукофотлар ато этиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин!

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом

институти ўқитувчиси

Read 5524 times

Мақолалар

Top