Мақолалар

Афв этилган юртдошларимизда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғулари пайдо бўлмоқда

Инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят). Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан.

Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот –  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.

Шу ўринда айтиш жоиз, Юртбошимиз ташаббуслари билан охирги уч йил ичида байрам ва ҳайитлар арафасида турли хил жиноятларни қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар авф этилмоқдалар. Жумладан, куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

 Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 40 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 1 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 2 нафарини чет давлат фуқаролари, 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Ушбу афв этилган юртдошларимиз ўз оилалари бағрига қайтиб, қалбларида Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғулари пайдо бўлмоқда. Ўз навбатида авф этилган кимсалар ҳам кечиримни суистеъмол қилмаслиги ва шунга муносиб жавоб бериши шариатимиз талабидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2212 times

Мақолалар

Top