Мақолалар

Ҳаё тақвосининг саидаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак вужудлари тупроққа қўйилганига беш ой бўлганида ҳазрати Фотиманинг кўзи ёриди.[1] Муҳсин деб ном қўйилган бола кўп яшамади. Бу туғилиш ҳазрати Фотима учун жуда қимматга тушди. Туғруқ вақтида кўп қийналгани, боласи ҳам оламдан ўтгани онанинг аҳволини оғирлаштирди. Бир неча кун ётиб дам олганига қарамай ётоғидан тура олмади. Шаъбон ойи охирларкан, ҳаёти ҳам поёнига етиб бораётганини ҳис қилди. Зеро, бу оиладан биринчи бўлиб отасининг ёнига ўзи боришини биларди.[2] Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитганди. Аммо қачон, қайси кун, қайси соатда, қаердалигини билмасди.

Ҳазрати Фотимани ўлим қўрқита олмади. Чунки ўлимдан сўнгги мангу ҳаётда жаннат аёлларининг саидаси, уларнинг кўнгиллари маликаси сифатида битмас-туганмас неъматларга эга бўлиши муждаси берилганди.[3] Отасига вафо қилмаган, ўзи ҳам умри давомида роҳат кўрмай яшаган бу олам унга ҳам вафо қилмаслиги аниқ эди. Севикли опалари сингари у ҳам ёшлигига, болаларига тўя олмасдан, уларни онасиз қолдириб кетаётганди. Безовталиги болаларининг кейинги ҳоллари нима кечишини ўйлаганидан эди, холос.

Хасталик давом этаётган кунларнинг бирида ҳазрати Абу Бакр зиёратига келиб, мақсадини ҳазрати Алига айтди. Ҳазрати Али завжаси ёнига кириб:

— Абу Бакр кўргани келибди, киришга изн сўраяпти, кирсинми? — деб сўради.

— Бунга сиз нима дейсиз?

— Хастанинг ҳолини сўрагани келган кишига “келинг” дейман.

— Ундай бўлса кираверсин...

Ҳазрати Абу Бакр салом бериб ичкари кирди. Аҳвол сўради, шифо тилади. Ўрталарида бўлиб ўтган кўнгилсизликдан ҳануз маҳзунлигини айтди. Бироз ўтиргач, изн сўраб қайтиб кетди.[4]

Ҳазрати Фотиманинг ҳаёти севикли отаси келтирган диннинг аҳлоқи ва амали билан безанганди. Қалби Қуръонга уйғун эди. Охирги кунларида отаси ўргатганидай истиғфорни кўпайтирди. Рамазоннинг учинчи куни оқшом чоғида шаҳодат калимасини сўнгги бор айтган дудоқлар қайтиб очилмади. Руҳи фаришталар ҳамроҳлигида Раббиси ҳузурига кўтарилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан жаннат ёшларининг сардорлари бўлиши айтилган[5] ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайн, Зайнаб ва Умму Гулсум оналари ортидан йиғлаб қоларкан, ҳазрати Али Асмо бинти Умайсга хабар юборди. Улар биргаликда ҳазрати Фотимани ювиб кафанлади.[6] Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли қизи Фотиманинг жанозаси ҳазрати Али (ё амакиси Аббос) томонидан ўқилиб, Бақий қабристонига олиб борилди.[7]

Бугунги кунда қабристон эшигининг рўпарасида жойлашган опалари қабрларининг ўнг томонида, улардан йигирма беш метрча ичкарида жойлашган қабрига қоронғуда дафн этилди.[8]

Ибн Абдулбарр ҳазрати Фотиманинг кечаси дафн этилиши ўз васиятига кўра бўлганини қайд этган.[9] Чунки ҳазрати Фотима аввалроқ Асмо бинти Умайс билан гаплашганида аёлларнинг жанозаларида жасадига ёпилган ёпинчиқдан вужудларининг баъзи жойлари билиниб қолаётганини айтиб, ўзининг тобути бу ҳолда кўтарилишини истамаслигини билдирган. (Эътибор қилинг: унинг ўлим тўшагида ётиб ҳам ҳаё қилгани дилларни титратади, кўзларни ёшлантиради. Бугун танасини яширину ошкора кўз-кўз қиладиган айрим аёлларни тавбага чорлайди...) Асмо эса бунга жавобан Ҳабаш ўлкаларида тобутлар четига хурмо шохларидан ярим доира шаклида пана қилинишини, шунда майит одамларга кўринмаслигини айтиб, агар ҳазрати Фотима вафот этса тобутини шундай урашини ваъда беради[10]. Аммо ҳазрати Фотиманинг муборак вужуди кечаси кўмилгани учун бунга эҳтиёж ҳам қолмаган эди.

Ўшандан то бугунги кунга қадар Бақий қабристони эшиги очилиши биланоқ ҳазрати Фотиманинг қабрини зиёрат қилувчилар жуда кўп бўлиши кузатилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари, ёнларидан жой олган бошқа қизлари Зайнаб, Руқия, Умму Гулсумнинг қабрларини зиёрат қилувчилардан кўра ҳазрати Фотиманинг қабрини зиёрат қилувчилар кўпроқ бўлиши балки вафот этаётиб ҳам ҳаё тақвосида намуна бўлгулик юқоридаги сўзлари боисдир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда Аллоҳ рози бўладиган гапни арзимас санаб гапирса-да, Аллоҳ уни даражаларга кўтаради...” деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрли омонатини қабристондаги жаннат боғчасига қўйган ҳазрати Али кўзёшларини тия олмай ортига қайтганида ҳали тонг отишига анча бор эди.

Ҳазрати Фотиманинг вафоти хабари Мадинани яна бир бор мотамга солди. Кўнгиллар “оҳ, Фотима...” дея фарёд қилиб, кўзлардан раҳмат ёшлари оқди. Бироқ, бу фоний оламдан ўтганни ортга қайтариб бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилбанди тупроққа қўйилганда отасининг вафотига эндигина олти ойча бўлганди. Ҳазрати Фотима йигирма етти ёшни тўлдирмаган, ортида қолган тўрт фарзанднинг энг каттаси бўлмиш ҳазрати Ҳасан етти ёшда эди.[11]

Бир куни ҳазрати Али Расули муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламга:

— Қайси биримиз сизга севиклироқмиз? Менми, Фотимами? — деб савол берганди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Албатта Фотима сендан кўра севиклироқ. Сен эса ундан қадрлироқсан[12], — деб жавоб бердилар.

Бу жавобдан иккаласи ҳам мамнун бўлишган эди.

 

А. Абдуллаев тайёрлади

 

[1] Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан қизлари Фотиманинг вафотлари орасидаги вақт аниқ эмас. Беш ойдан саккиз ойгача бўлгани ҳақида айтилади (Манбалар қўйида келади).

[2] Унга бу ҳақида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари айтгандилар (Ибн Саъд. 8/27; Ибн Абдулбарр. “ал-Истоиб”, 4/375; Ибн асир. “Усдул Ғабо”, 7/211).

[3] Ибн Абдулбарр. “ал-Истоиб”, 4/375-376.

[4] Ибн Саъд. 3/27.

[5] Имом Термизий. “Маноқиб”, 30 (5/656).

[6] Ибн Абдулбарр, 4/379; Ибн Асир. “Усдул Ғабо”, 7/214; Ибн Касир. “ал-Бидоя”, 6/333.

[7] Ибн Саъд. 8/29.

[8] Ибн Саъд. 3/29.

[9] Ибн Абдулбарр. 4/379.

[10] Ибн Абдулбарр. 4/378; Ибн Асир. “Усдул Ғабо”, 7/214.

[11] Ҳазрати Фотиманинг ёшини аниқ айта олмаймиз. Аммо йигирма беш ва ўттиз ёш орасида бўлгани ривоятларда келади (Ибн Саъд. 3/28; Ибн Абдулбарр. “ал-Истоиб”, 4/380).

[12] Ибн Асир. “Усдул Ғабо”, 7/212.

Read 2453 times

Мақолалар

Top