Мақолалар

Хатарлардан узоқ бўлайлик!

Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Бу ҳақда суриялик машҳур олим Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўзбошимчалик билан янги ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни, ҳукуматга қарши чиқиш), даҳшатга солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.

Мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган фожеалардан, эътироф этилган фиқҳий мазҳаблар ва ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқадиган хатарлардан оммани огоҳ этиб туриш бурчимиздир.

1-хатар. Мусулмонни кофир дейиш.

Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Бу (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Халифалик замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблаши натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу қатл этилдилар.

  1. Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларини ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса. Имон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди, демаймиз” (“Ақидатут Таҳовий” матни).

“Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган барча нарсага имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот сураси, 9-оят), дея, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...(Ҳужурот сураси, 10-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтади: “Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Нисо сураси, 114-оят). Бу мўмин киши яхшилик қилса, ёмонликлари ўчирилади, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хусусда қуйидаги ҳадис собит бўлган: “Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, қурбонлигимизни еса, у мусулмондир. Бизнинг фойдамиз у учун ҳам фойдадир ва бизга зиён нарса унга ҳам зиёндир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофир деб ҳукм қилиш учун катта илм билан бирга ниҳоят даражада дақиқ тафтиш қилиш керак бўлади. Шу боис, такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар бир киши биродарини “Эй кофир!” деса, батаҳқиқ бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса, унинг ўзи кофир бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

2-хатар. Мусулмонлар раҳбарларига қарши чиқиш.

Мусулмонлар раҳбарларига қарши чиқиш боғийликдир. Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтда ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.

Таҳовийнинг ақида китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам қилмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсагина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз” (“Ақоид” матнлари. Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

Далил: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар. Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!” (Нисо сураси, 59-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга исён қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга исён қилибди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

3-хатар. Ноҳақ қон тўкиш.

“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Мўмин кишини қасддан ўлдириш қул озод қилиш ё хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва гуноҳдир. Мўмин мўминни қасддан ўлдириш бир айбсиз жонга қўшиб, имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган дин қардошини ҳам ўлдиришдир. Шу боис ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар – жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у  Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз, амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларда, тўғри эътиқодда собитқадам қилсин!

Фаррух ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мутахассиси

Read 2016 times

Мақолалар

Top