Мақолалар

Озодликнинг қадри баланд

Озодлик, хотиржамлик, оила даврасида ҳаёт кечириш нақадар улуғ неъмат эканини ундан мосуво бўлганда тушуниб етаркан инсон. Бугун ана шу буюк неъматни қалбан тўлиқ ҳис қилиб, уни қадрлаб яшаяпман.

2016 йил озодликдан маҳрум этилган эдим. 2017 йил декабрда Президентимизнинг Афв этиш тўғрисидаги Фармонига асосан, озодликка чиққанман. Ҳозирда тижорат ишлари билан машғулман. Ёш бўлишимга қарамай ҳаётнинг оғир синовларига дуч келдим. Жуда катта хатога йўл қўйиб, бу йўлнинг нафақат инсон ҳаётини издан чиқаришини, балки жамият фаровонлигини хавф остига қўйишини тушуниб етдим.

Қилмишим учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эдим. Панжара ортида ўтган давримда хатоларимни тушуниб етдим. Агар астойдил тазарру қилса, адашганини тушуниб етган одамлар афв этилишини оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, ўқиб, мен ҳам қилмишимдан чин дилдан пушаймон бўлиб, илтимос билан мурожаат қилдим. Илтимосларим ва тўғри хулоса чиқарганим ҳамда яхши томонга ўзгарган ижобий хатти-ҳаракатларим инобатга олинди. Бир йил деганда давлатимиз раҳбарининг юксак ғамхўрлиги билан озодликка чиқдим.

Мен бугун бахтлиман. Барча қийинчиликлар ортда қолди. Жамиятда ўз ўрнимни топишда ҳокимият, маҳалла, нуронийлар ҳамда жамоатчилик доимо хабар олиб, менга ёрдам бериб, керакли маслаҳатлар бериб турибди.

Яқинда Сергели тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда яна бир бор ҳаётда ўз ўрнимни топиш учун давлат томонидан имконият яратилгани менга катта куч бағишлади.

“Исломбек ҳали ёш йигит экансан, тадбиркорлик билан шуғулланишингизни эшитиб, хурсанд бўлдим, мен туман ҳокими сифатида сизга тадбиркорлик фаолиятингизни ривожлантириш учун янада кўпроқ имконият яратиб беришга ҳаракат қиламан.

Сизга ҳозирги касаначилик фаолиятингиздан олаётган даромадингизни 10 баробарга ошириш учун бирламчи маҳсулотни ёрдам сифатида олиб берамиз. Агар туманда текстиль соҳасида фаолиятингизни кенгайтирмоқчи бўлсангиз, бу борада ҳам имконият етарли, ёрдам берамиз. Тумандаги катта ва тажрибали тадбиркорларга сизни шогирд сифатида бириктириб, фаолиятингизни кенгайтиришга кўмаклашамиз”.

Туман ҳокими билан бўлган ушбу суҳбатдан кейин давлатга нисбатан ишончим янада ортди. Кейин билсам ҳокимимиз мендан 3-4 ёш катта экан, ёш раҳбарга жуда ҳавас қилдим. Ўз навбатида, туман ҳокимининг менга берган маслаҳат ва йўл-йўриқлари ҳаётимни тўғри йўлга қўйиб, катта мақсадларимга эришишга ундади.

Аслида Юртбошимиз ёш мутахассисга шундай катта туманни бошқаришни ишониб топширганининг ўзи ёшларга катта имконият ва шароит яратилганидан далолат беради.

Келажакда яхши тадбиркор бўлиб, ўтмишдаги хатоларимни тузатиш ва жамиятга, халққа хизмат қилиб, давлатимизнинг менга нисбатан ишончини оқлаш учун бор куч-ғайратимни бағишлашга тайёрман. Ўтган кунлар мен учун сабоқ бўлди. Гарчи хато қилган бўлсамда, давлатимиз, халқимиз мени кечирди ва ҳаётимни яна қайта изга солишга, шунингдек, жамиятда ўз ўрнимни топишга кўмак бераётгани Ватанга бўлган садоқатимни янада мустаҳкамламоқда.

Шу ўринда ҳаётга енгил-елпи қарайдиган барча тенгдошларимга мурожаат қилиб айтаманки, қачонки ҳар қандай туйғу қалбан ҳис қилинса, унинг қиймати бўлакча бўлади. Маҳкумликдаги одам учун эса озодлик, оиласи бағрида бўлиш катта бахт. Энг асосийси, бу бағри бутунликни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Шундай экан, Ватанимизда биз ёшларга берилаётган имкониятлардан, яъни тадбиркорлик, таълим ва илм-фан соҳасида яратилган шароитлардан унумли фойдаланинг, юксак натижаларга эришинг, жамиятда ўз ўрнингиз ва сўзингизга эга бўлинг!

Исломбек САЛОҲИДДИНОВ

Сергели тумани

“Халқ сўзи” газетаси

Read 1881 times

Мақолалар

Top