Мақолалар

Олимлар замона чироқларидир

Умар (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Кундузлари рўзадор, кечалари қойим-бедор бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир».

Имом Шофеъий (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ».

Ибн Абдулҳакам (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Мен Имом Молик ҳузурларида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз, агар ниятинг дуруст бўлса, ҳозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир, дедилар».

Абу Дардо (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас деса, унинг ақли ва фикрида ноқислик бор экан».

Умар (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Ким бир ҳадисни айтса, кейин унга одамлар амал қилишса, уни айтган одамга амал қилган кишининг ажри баробарида савоб берилади».
Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллим ҳаққига барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар истиғфор айтади».

Олимлардан бири айтади: «Олим Аллоҳ билан бандалар ўртасидадир. У ўзининг кимга воситачи эканини унутмасин».
Суфён Саврий Асқалон шаҳрига келиб, бир муддат турдилар. Аммо бирон инсон келиб, у зотдан илм сўрамади. Шунда айтдилар: «Менга улов топиб беринглар, кетаман. Бу ер илм ўладиган шаҳар экан». Бу гапни таълим бериш фазилати ва таълим бериш билангина илм боқий қолиши мумкинлигини билганлари учун айтдилар.

Ато (ибн Абу Рабоҳ) айтадилар: «Мен Саид ибн Мусайяб олдиларига кирсам, йиғлаб турган эканлар. «Нимага йиғлаяпсиз?!» деб сўрадим. «Мендан ҳеч ким ҳеч нарса сўрамай қўйди», деб жавоб бердилар».

Улуғ зотлардан бири айтади: «Олимлар замона чироқларидир. Ҳар бир олим замонасининг чироғи бўлиб, ўша замондаги кишилар уларнинг нуридан фойдаланади».

 

Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобидан

Read 1907 times

Мақолалар

Top