Мақолалар

Сабр ва шукрнинг фазилати

Роббул амийн, Робб субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсинким, мана, 24 ҳафтадан бери, олти ойдан бери ушбу дард – вабо туфайли жума намозини ўқий олмаётган эдик. Алҳамдулиллаҳ, йўлларимиз очилиб, масжидларимиз очилиб, бугун сизлар билан Аллоҳнинг уйида соғ-саломат дийдор кўришиб турибмиз. Бунинг учун ҳар қанча шукр айтсак, ҳар қанча ҳамд айтсак, шунча оз. Қанчадан-қанча юртдошларимиз, диндошларимиз, яхши инсонлар, қадрдон дўстлар, аҳли илмлар, эркагу аёллар бу бало, бу вабо туфайли вафот этиб кетишди. Аллоҳ ҳаммаларини раҳмат қилсин! Ҳозирда бемор бўлиб турганларга Парвардигоримиз, Роббул иззанинг Ўзи шифои комил, шифои ожил берсин, барчамизни ҳифзу ҳимоясида асрасин!

Бу синовли кунларнинг ҳикмати шу эканки, Роббимиз ато этаётган сон-саноқсиз неъматларнинг қадрига янада кўпроқ етадиган бўлиб қолдик, биродарлар. Бу карантин вақтида кўпгина неъматларнинг қадрига етишни ўргандик. Жумладан, масжиднинг, жамоатнинг, жума намозининг ҳам қадрига етдик.

Бугун ҳаммамиз ҳаяжонга тўлиб ўтирибмиз, қалбимиз ихлосга тўлиб, ғайрат-шижоатимиз жўш уриб турибди. Бугунги жума намозимиз тарихда қоладиган намоз бўлади. Зеро, бугун кўпгина дуоларимиз қабул бўлди, биродарлар. Шундай экан, бугун янада кўпроқ дуо қилайлик, ҳамманинг ҳаққига дуо қилайлик, зеро, жума кунида дуо қабул бўладиган бир соат бор, фурсат бор. Бугун аср намозидан кейин шомгача бўлган вақтни ғанимат билайлик!

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бу вақтни ғанимат билиб, жума кунлари аср намозидан кейин то шом вақтигача ўзларининг дуо қиладиган ғурфаларига – ҳужраларига кириб кетар эканлар.

Ҳаммамиз дуога муҳтожмиз, биродарлар. Айни шу кунларда баъзи дўстларимиз орамизда йўқ, ҳар хил сабаблар билан, айбли-айбсиз ҳолда қамоқхоналарда, ҳибсхоналарда ўтиришибди. Уларни ҳам дуо қилайлик, Парвардигор Роббул изза бу синовлардан ёруғ юз билан ўтишни насиб қилиб, тезроқ қавмимизга, даврамизга соғ-саломат қайтишларини насиб айласин. Ўша биродарларимизнинг ҳақларига алоҳида дуоларингизни сўраган бўлардим, азизлар.

Бугунги мавзу – сабр ва шукрнинг фазилати. Бугунги жума маърузасига бундан бошқа мавзу бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Зеро, сабр ва шукр – энг улуғ мавқиф, энг улуғ манзилдир, азизлар. Афсуски, бугунги кунда, яъни сабр ва шукрга энг муҳтож бўлган кунимизда, ҳар доимгидан кўра кўпроқ сабр ва шукр қилишимиз керак бўлган ҳолатимизда бу икки сифатни танқид қиладиганлар ҳам пайдо бўлмоқда. «Доим сабрга, доим шукрга чақирасизлар, қачон жиҳодга чақирасизлар? Сизлар фақат шукрга ундайсизлар, «шукрчи домла»сизлар, фақат сабрга чақирасизлар, сизларда бошқа гап йўқ, ҳақни гапирмайсизлар!» дейдиган жоҳиллар кўпайиб бормоқда.

Ваҳоланки айнан бугунги кунда сизлар билан фақат сабр ҳақида, айниқса, шукрнинг фазилати борасида гаплашишимиз керак. Зеро, шукр – муваффақиятнинг калитидир, айни саодат, айни бахтдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло каломи шарифда марҳамат қилади:

«Тезда Роббингиз сизга ато қилади ва сиз рози бўласиз».

Роббимиз нима ато қилса, биз шунга рози бўлишимиз керак экан. Мана шу «ар-ризо» мақомидир.  Қазои қадарга рози бўлиш шукрни тақозо қилади. Хўш, шукр нимани тақозо қилади?

Ҳасан Ҳусайнга, Фотима Зуҳрага боғланганидек, шукрга ҳам боғланган неъмат бор. Шукр зиёда бўлишни тақозо қилади, баракани тақозо қилади. Демак, шукр билан кўпайишга боғланган, биродарлар. Шукр келтирдингизми, албатта зиёда бўлади. Аммо тескариси ҳам худди шундай – ношукур бўлдингизми, Аллоҳ таоло сиздан неъматларини қирқади, ризқингизни қияди, яъни маҳрум қилади. Шунинг учун динимиз бандаларни, биз мухлис умматни доимо шукрга чақириб келган. Шукр қилишнинг энг аввали эса банданинг тақдиридан, шу ҳаётидан рози бўлиши экан. Нафақат ҳаётимиздан, балки Аллоҳ таоло ёзган қазо ва қадардан рози бўлишимиз керак. Буни тушунтириш учун учун сизларга бир қиссани келтириб ўтаман. Бу қиссани ижтимоий тармоқда ҳам гапирдик, уч-тўрт кундан бери қаерда бўлсак, шу қиссани гапиряпмиз.

Бу қиссани «Ал-бидая ван-ниҳая» китобидан топишингиз мумкин. Шунингдек, имом Бухорийнинг «Тарихул кабир»ларидан, Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ»ларидан ҳам топасиз. Бу қисса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бўлиб ўтган, «Туянинг соясида юр» деб номланган қиссадир.

Росулуллоҳ алайҳиссалом Мадинаи Мунавварада эдилар. Ямандаги қадимий Ҳазрамавт шаҳрининг шаҳзодаси Воил ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилиш учун Мадинаи мунавварага келаётган эдилар. Ямандан жуда кўп уламолар чиққан, биродарлар. Ҳозирда ҳам у ерда ҳанафий мазҳаби бўйича ўткир фақиҳлар бор. Жаброил алайҳиссалом Воил ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳунинг келишини Пайғамбар алайҳиссаломга етказдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга бу хурсандчиликни етказиб, «Ҳозир бу ерга Яман улуғларининг энг охиргиларидан бири келмоқда, Яманнинг шаҳзодаси келмоқда», дедилар. Шаҳзода келгач, Пайғамбар алайҳиссалом уни қучоқ очиб кутиб олдилар, одатий илтифотларга қараганда бироз муболаға билан илтифот кўрсатдилар, ҳатто эгниларидаги ёпинчиқларини ечиб, меҳмоннинг тагига тўшаб, ёнларига ўтирғиздилар. Воил розияллоҳу анҳу тахминан 15-20 кунча Мадинада, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга турди. Мана шу 20 кун давомида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Воил розияллоҳу анҳуни ёнларидан кетказмадилар. Намозга имомга ўтсалар, ортларига Воилни ўтказиб қўярдилар, Воил эшитсин, ўргансин, қавмига бориб, тезроқ Исломни, намозни ўргатсин деб, қироати махфий қилинадиган намозларда ҳам овозларини чиқариб қироат қилардилар, «омин»ни ҳам овозларини чиқариб айтардилар. Шунинг учун бўлса керак, бу улуғ саҳоба жами 71 та ҳадис ривоят қилган бўлсалар, ана шу 71 та ҳадиснинг аксари намоз ҳақидадир. Бу ҳадислар ўша 20 кун давомида ҳар куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқилган намозларнинг сифатлари бўлиб, ҳаммасида «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда бундай қилдилар», бундай ўқидилар, ундай ўқидилар ва ҳоказолар дейилган.

 

Шу ўринда бир мулоҳазани айтмоқчиман. Ҳозир баъзилар салбий маънода, таҳқир маъносида «сарой мулласи» деган истилоҳни ишлатадиган бўлиб қолишди. Улар бу атамани саройга алоқаси бор диний ходимларга нисбатан ишлатишади. Раҳматлик Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларни «сарой шоири» дейишарди. Хуллас, давлат сиёсатини қўллайдиган зиёлиларга шундай лақаб қўйишар эди. Энди имомларни ҳам «сарой имомлари» дейишяпти.

Мана, бу қиссада Пайғамбар алайҳиссалом сарой вакилига қандай муомала қилганларини эшитдингиз. Воил ибн Ҳужр саройнинг бир вакили эмас, балки саройнинг шаҳзодаси эди, Яманнинг подшоҳи эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу кишига қандай илтифот кўрсатдилар? Ҳар доимги меҳмонларга қараганда бироз муболағали тарзда муомала қилдилар.

Мана, марҳамат, инсоф бўлса, юқоридаги иборани Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам ишлатишсин!

 

Воил ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳу қайтаётган чоғида Пайғамбар алайҳиссалом бир қоғозга Яманнинг баъзи ерларини Воил ибн Ҳужрга тегишли экани ҳақида ҳужжат, ёрлиқ ёздириб бердилар. Воил ибн Ҳужр Ямандаги ерларини, мол-мулкини, шаҳзодалик мартабасини, шаънини, обрўсини ташлаб, Ислом учун Мадинага келган эди. Ана шунинг мукофоти ўлароқ, Пайғамбар алайҳиссалом унга ўша ерларни ҳужжат қилиб бердилар. Шунингдек, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуни унга вакил қилиб, бирга юбордилар, «Эй Муовия, Яман аҳлига бориб, Ҳазрамавт аҳлига мана шу ҳужжатни тасдиқлаб берасан, бу ерлар энди Воилники эканини уларга етказасан», дедилар.

Қарангки, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўша пайтда иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда танг аҳволда эканлар, улов тугул, ҳатто оёғида кавуши ҳам йўқ экан. Лекин саҳобаларнинг самимияти, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга садоқати, итоатини қарангки, буйруққа лаббай дедилар, бош тортмадилар, «Ё Росулаллоҳ, менинг уловим йўқ, менга улов қилиб беринг, кейин бораман, ҳеч бўлмаса кавуш олиб беринг, кейин бораман», демадилар. «Хўп бўлади. Эшитдик ва қабул қилдик!» дедилар. Мана, ҳақиқий мўмин-мусулмон одамнинг жавоби. Демак, Исломнинг буйруғини эшитганда худди шу мавқифда бўлишимиз керак экан.

Икковлон йўлга тушишди. Аслида қисса мана шу ердан бошланади. Воил ибн Ҳужрнинг мусулмон бўлганига 20 кун бўлган, унда ҳали кибор аломатлари бор, ҳали руҳий тарбияси камолига етгани йўқ, туясида ястаниб кетяпти. Муовия эса оёқ яланг, сакраб-сакраб, тез-тез юриб, унга эргашиб келяпти. Бироздан сўнг, кун ёйилгач, Муовиянинг оёғи саҳро қумининг иссиғидан куя бошлади. «Оёғим куйяпти, туянгга мени мингаштириб ол, Воил», деди Муовия. «Эй Муовия, туяни қизғанмайман, лекин ўзинг ўйлаб кўр, мен бир шаҳзода бўлсам, сен оддий одам бўлсанг, шаҳзодаларга мингашадиган даражада эмассан-ку!» деди Воил. Муовия «Ҳа, майли» деб, кўнишга мажбур бўлди. Йўлда давом этишди. Бироздан сўнг Муовиянинг оёғи баттар куйгач, «Эй Воил, ҳеч бўлмаса кавушингни бериб тур, оёғим куйяпти. Ҳозир сенга кавуш керакмас-ку!» деди. Воил эса «Кавушни ҳам қизғаняпти демагин-у, лекин ўзинг ҳам инсоф қил-да, Муовия! Сен шаҳзодаларнинг кавушини киядиган одаммисан? Оддий одамсан-ку! Майли, мен сенга илтифот қиламан, туямнинг соясида юрақол», деди Воил. Туянинг соясида оёқ куймайди-да!

Хуллас, Муовия ибн Абу Суфён Ҳазрамавтга етиб келгунча Воил минган туянинг соясида бордилар.

Саҳобаларнинг самимиятини қаранг! Хушомад қилиш, хафа бўлиш, ёмон гумон қилиш, биродарининг гапини оғир олиш йўқ! Бўлмаса, Муовия айнан Воилнинг иши учун кетяпти, унга берилган ернинг ҳужжатини тасдиқлаш учун кетяпти. Бугунги куннинг тили билан айтсак, Муовияга Воил эмас, айнан Воилга Муовия керак. Лекин Муовия амрни кимдан олганлар? Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар. Шунинг учун бу амрни бажаришдаги ҳар қандай қийинликдан бош тортмай кетяптилар.

Орадан йиллар ўтди. Вазиятлар ўзгарди. Ҳа, биродарлар, бу фалакнинг гардиши тинмай айланиб туради, ҳамма нарса ўзгариб туради. Бойлар камбағал бўлади, камбағаллар бой бўлади, подшоҳлар қул бўлади, қуллар подшоҳ бўлади, азиз бир кун хор бўлса, хор ҳам бир кун азиз бўлиши мумкин.

Воил ибн Ҳужр ал-Ҳазрамийнинг ёши саксондан ошиб қолди. Бу ўтган йиллар давомида буюк саҳоба бўлиб етишдилар. Сиффин жангида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу томонида туриб жанг қилдилар, саксон ёшдан ошганларида Шом юртларига сафар қилдилар. Шомда эса бир пайтлар оёғи иссиқ қумда куйган Муовия амирул мўминин бўлиб, тахтга ўтирар эдилар. Бутун дунё ўша қумда куйган оёқларининг остида эди. Фалакнинг гардиши деб шуни айтадилар.

Бир куни Воил амирул мўмининнинг зиёратига кирди. Муовия қараса, ўша бир пайтлар туясига мингаштирмаган, кавушини ҳам бермаган одам ҳузурига изн сўраб кириб келяпти. Муовия розияллоҳу анҳу югуриб бориб, Воилни қучоқлаб олдилар. Муовиянинг хулқига қаранг – на гина қилиш бор, на ўпкалаш бор, на хусумат қилиш бор! Саҳобаларнинг самимиятини томоша қилинг, азизлар! Халифа Муовия розияллоҳу анҳу Воилни олиб келиб, ўзининг ҳалифалик тахтига ўтирғизди, кўп илтифотлар кўрсатди, олдига олтин тангалар солинган ҳамённи қўйди. Воил эса «Пулга эҳтиёжим йўқ, буни муҳтожларга беринг, эй мўминларнинг амири! Ўшанда мен ҳилмингизни кўриб, сизни яхши кўриб қолганман», деди. Ана шунда Муовия розияллоҳу анҳу ҳазил аралаш Воилга ўша сафарни эслатдилар. Шунда Воил розияллоҳу анҳу «Эй мўминларнинг амири! Қанийди замонни орқага қайтаришнинг иложи бўлса! Мен сизга кавушимни бериш, туямга ўтирғизиш уёқда турсин, Ҳазрамавтгача шу икки қўлимда кўтариб борган бўлар эдим!» деган эканлар.

Ҳа, азизлар, ҳар бир инсон Аллоҳ таоло насиб қилган даражасига, мавқифига рози бўлсин экан. Ким бўлишидан қатъи назар, оддий бир ишчими, докторми, муҳандисми, ҳайдовчими, қурувчими, мелисами ёки бошқами, ким бўлса-бўлсин, ҳаётда тутган ўрнига, мавқифига, ўзининг қисматига рози бўлиши керак. Чунки рози бўлса, шукр қилади. Норози бўлса, ношукр бўлади. Норози бўлса нима бўлади? Норози одамлар ҳамма нарсадан норози бўлади – ҳаётдан ҳам норози, давлатдан ҳам, ҳукуматдан ҳам, иқтисоддан ҳам, сиёсатдан ҳам, диндан ҳам, имомлардан ҳам норози бўлади. Аллоҳ сақлаган бўлсин.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

Read 2200 times

Мақолалар

Top